1

Халқ манфаатларига хизмат қилиш – ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони

ЖАМИЯТ 15.08.2019, 13:56
Халқ манфаатларига хизмат қилиш – ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони

Ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса, ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади. Ўзбекистонимизнинг кўп асрлик тарихи, ўз давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган тараққиёти бу ҳақиқатни яққол намоён этади.

Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, бунёдкорлик жараёнларининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи ҳам ҳеч шубҳасиз, кўпмиллатли халқимиз эканлиги барчага маълум. Шахсни баркамол этиб вояга етказишда ҳам асосий ўринни халқ эгаллайди.

Демак, ҳар қандай давлат органининг, шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳам олий бурчи халқ манфаатларига хизмат қилиш ҳисобланади.

Шу боисдан, сўнгги пайтларда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан «халқ билан мулоқот қилиш», «халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», «халқни рози қилиш», «халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади», «халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади» деган эзгу тушунчалар давлат органларининг, шу жумладан ички ишлар идоралари фаолиятининг асосий мезонига, барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик ишида асосий қоидага айланиб бормоқда.

Халқпарвар ички ишлар тизимини яратиш йўлида

Ўтган уч йил мобайнида мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти самадорлигини ошириш, уни мутлақо янги замонавий босқичга кўтариш, ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар рўёбга чиқарилди.

Ички ишлар органлари фаолиятининг барча соҳаларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, бунинг натижасида сўнгги йилларда фаолият мазмуни бутунлай ўзгарди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди.

Ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият, давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашадиган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширадиган халқчил органга айланди.

Аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди.

Албатта, шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларни қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш, улар томонидан янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини тизимли ва самарали амалга ошириш – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Айни кунларда Институт профессор-ўқитувчилари томонидан Жиззах вилоятидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, халқчил тузилмага айлантириш, «Жиноят ҳақиқати ва адолати», «Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо
– муқаррар» деган тамойилларни амалда қарор топтириш соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш билан узвий боғлиқ,
– дейди Жиззах вилояти Дўстлик тумани ИИБ Ташкилий бўлинма бошлиғи, майор Ҳамид Қўшмонов. Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан таълим муассасамизнинг Жиззах вилоятидаги филиалида ўтказилаётган беш кунлик сайёр ўқув йиғинларида соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳа фаолиятига оид тажрибалар билан яқиндан танишяпмиз. Эндиликдаги асосий вазифамиз олган билимларимизни кундалик фаолиятимизга тадбиқ этиш ҳисобланади.

Ўқув йиғинига жалб қилинган ходимларга жойдаги ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда.

Халқ ичига кириб бориш ва аҳоли билан мулоқот ўрнатиш институт жамоасининг устувор мақсадларидан бири

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқотни ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, ҳудудий ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларни фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда Зомин туманидаги «Мустақиллик», Ш.Рашидов номли, «Ғаллакор», Шароф Рашидов туманидаги «Хавастлик», «Зиёкор», «Мулканлик» ҳамда Жиззах шаҳридаги «Сайилжойи», «Заргарлик», «Тошлоқ», «Турон» маҳаллалари аҳолиси билан ўтказилган тадбирларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», «Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти», «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз», «Осойишталик учун барчамиз масъулмиз», «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда жамоатчиликнинг роли», «Оилалар тинчлиги – барқарорлик омили» каби мавзулар ҳақида сўз юритилди.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда ушбу маънавий-маърифий тадбирлар Институт жамоаси томонидан Жиззах вилоятидаги бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказилмоқда.

– Одамлар орасига кириб бориш, ёшлар қалбига йўл топа билиш, оилалар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш биз маҳалла фаолларининг профилактика инспекторлари билан биргаликдаги кундалик вазифамиздир, – дейди Зомин тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қайнар Мирзаахмедов. – Маҳалламизда 4 мингдан зиёд турли миллат вакилларидан иборат аҳоли истиқомат қилади, шулардан 800 га яқинини ёшлар ташкил этади. Бу каби ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар маҳалламизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳамда оилалар тинчлиги, ёшлар таълим-тарбиясида аҳолининг дахлдорлик ҳиссини янада оширишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Улуғ муттафаккир бобомиз Абдулла Авлоний ҳам баркамолликнинг асосини тарбияда деб билиб, «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот,
ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур», деган эди. Бинобарин, оилада ва маҳаллада вояга етаётган ҳар бир ёш авлод онгига атрофдагиларнинг ҳар бир сўзи, қилаётган ишлари сақланиб, келажакда мустақил бўлганида ана шу хотиралари билан иш юритади. Демак, ёшлар тарбияси учун нафақат оила аъзолари, балки маҳалладошлар ҳам бевосита ўрнак бўлиши лозим.

– Бугунги кунда ёшларга берилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлардан манмунмиз, – дея суҳбатга қўшилган Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шаҳло Мухаммадиева.
Китоб ўқишга қизиқаман, бу борада маҳалла гузаримизда мўъжазгина кутубхонанинг очилиши айни муддао бўлди. Зеро, китоб инсоннинг дўсти, унинг дунёқарашини кенгайтиради, хотирасини мустаҳкамлайди ҳамда сўз бойлигини оширади. Китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди. Бугун Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам мен бунга яна бир бор амин бўлдим.

Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан ҳам хабар олинмоқда

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш анъанага айланиб бормоқда.

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг холидан хабар олиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш савобли ишдир.

Халқимизга хос бундай эзгу қадриятлар ва савобли ишларни қилган инсонга эса руҳан енгиллик бахш этади.

– Истеъфодаги капитанман, ички ишлар органларининг турли соҳаларида самарали хизмат қилиб, 1984 йилда пенсияга чиқдим, шогирдлар етиштирдим, 10 нафар болани тарбиялаб вояга етказдим,
– дейди 1-гуруҳ ногирони зоминлик 84 ёшли Шерқул ота Холиқулов. – 2013 йилдан буён кўзим кўрмай қолган бўлса ҳам радио орқали доимо янгиликлардан хабардор бўлиб бораман. Маҳалламиз фаоллари, туман ва вилоят ИИБлардан ходимлар келиб мунтазам хабар олиб туришади. Бугун хонадонимга пойтахтимиздан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтидан масъулларнинг келиб мен ҳолимни сўраганликларидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Халқ орасига кириб уларнинг дарду-ҳасратларига қулоқ солаётган раҳбарларни ҳамиша дуо қиламан, соғ-омон бўлишсин. Президентимизга, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига катта раҳмат.

Институт ходимлари Жиззах шаҳар «Сайилжойи» маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила Жиянбой Шералиев ҳолидан хабар олиш учун хонадонига борилганда унинг уйда йўқлиги, бетоб бўлиб қолганлиги сабабли шифохонага кетганлиги аниқланди.

– Маҳалламизда яшовчи 1956 йилда туғилган Жиянбой Шералиев икки ҳафта олдин умр йўлдошидан айрилиб қолди. Жами 15 киши яшайдиган оила ташвиши ҳам унга қийинчиликлар туғдирмоқда, – дейди Жиззах шаҳар «Сайилжойи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иннатилла Шокиров. – 1990 йилда туғилган кенжа ўғли Муҳиддин Шералиев руҳий касал, уни даволатиш учун маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари билан биргаликда тегишли идоралар орқали ёрдам кўрсатиш, ушбу оиланинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Шароф Рашидов тумани «Хавастлик» маҳалласида яшовчи,
кам таъминланган оила Мақсуда Юсупованинг ҳам холидан хабар олинди.

Энг муҳими, Институт профессор-ўқитувчилари ушбу олийжаноб ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб бермоқдалар.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1