1

Хивада “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар” фестивали ўтказилади

ЖАМИЯТ 12.08.2019, 16:04
Хивада “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар” фестивали ўтказилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Камондан отиш бўйича федерацияси ташаббусига кўра 2019 йил 6-8 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасида “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар” фестивали ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур спорт мусобақасини юқори савияда ташкил қилиш ва ўтказиш мақсадида Бутунжаҳон Этноспорт Конфедерацияси (БЭК) тажрибасига таянилмоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг июль ойида Хоразм вилоятига Туркиядан БЭК раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўғли Билол Эрдўған бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюришган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев, камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имамов, Бутунжахон этноспорт Конфедерацияси президенти Нажмиддин Билол Эрдоған, Туркия ўқчилар вақфи раҳбари Ҳайдарали Илдиз, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этган матбуот-анжуманида ахборот берилди.

Фестивалда 1000 дан зиёд иштирокчилар келиши, улар қаторида Туркия ОАВларида кенг ёритилиши ва бир қатор мамлакатларнинг дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Мазкур фестивалнинг айнан Хоразм вилоятида ўтказилиши бежиз эмас албатта, тарихда қадимги хоразмликлар камонсозлик ва камондан ўқ отиш бўйича дунёга машҳур бўлган ҳамда улар ишлатган камонлар жуда сифатли ва мураккаб бўлган.

Хоразмнинг Тупроққалъа қасрида (III аср) шундай бутун ҳолда сақланган камон ҳамда бошқа кўплаб камон қисмлари топилган. Хоразм камони катта бўлиб, таранг тортилганда узунлиги 160 см.гача етган ва ўқнинг учлари темир ёки мисдан бўлган.

Таъкидлаш лозимки, Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасида “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар” фестивалининг ўтказилиши ёш спортчиларимиз ва бошқа давлатлардан келган спортчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш имконини беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида яхши натижаларни қўлга киритган ҳолда муваффақиятли иштирок этишларига хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1