Ўзбекистон ҳарбий тиббиётчилари халқаро мусобақанинг икки танлови натижалари бўйича биринчиликда кетмоқда

ЖАМИЯТ 08.08.2019, 14:43
Ўзбекистон ҳарбий тиббиётчилари халқаро мусобақанинг икки танлови натижалари бўйича биринчиликда кетмоқда

Хандақни босиб, лабиринтни ошиб, қия тўсин қўйилган панжарадан сакраб ва зирҳли техника остидан эмаклаб… V Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” иштирокчилари 6—7 август кунлари танловнинг иккинчи шартини — кичик ва ўрта тиббиёт персонали ҳамда ҳайдовчилар ўртасида “Индивидуал маҳорат” босқичи доирасида тўсиқли йўлакдан ўтиш комплекс машқларини бажарди.

Дала кийимидаги эркак ва аёллар “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг энг мураккаб шартларидан бирида қуролсиз қатнашиб, куч, матонат ва шижоатини намойиш этди.

Тўсиқли йўлакнинг узунлиги 400 метрга тенг бўлиб, БТР-80 остидан эмаклаб ўтиш лозим бўлган масофа 15—20 метрни ташкил этади. Бундан ташқари иштирокчиларни олдинда бошқа қийинчиликлар ҳам кутиб турди, масалан: хандақ, лабиринт, қия тўсинли панжара, учта эгилган жойи ҳамда вертикал зинапояли бузилган кўприк, оғма зинапоя, зовур ва бошқа тўсиқлар.

Иштирокчилар тўсиқларни босиб ўтиш вақтида Калашников автоматини ёйиб-йиғиши ҳамда қурол-яроғ қутисини ташиши лозим эди (эркаклар учун 20 кг, аёлларга эса — 10 кг).

Таъкидлаш керакки, ҳар бир иштирокчига тўсиқларни босиб ўтиш учун узоғи билан учта имконият берилади.

Қоидаларга кўра, танлов иштирокчиси қўлидан ҳарбий кийим-бошга оид бирор предметни тушириб юборса ортга қайтиши ва тушириб юборилган предметни кўтариб, шундан сўнггина ҳаракатини давом эттириши лозим.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, эркаклар ўртасидаги энг яхши натижаларнинг барчаси Ўзбекистон ҳарбийларига насиб этди: Хокимбек Мадаминжонов (317 балл), Шоҳрух Иброҳимов (310 балл) ва Валижон Бегалиев (308 балл).

Аёллар ўртасида энг яхши натижани 281 балл тўплаган Ўзбекистон жамоаси вакили Лилия Манасипова кўрсатди. Иккинчи поғонадан россиялик иштирокчи Виктория Басаркина (271 балл) жой олди. Кучли учликка ҳам Россия вакили — Мария Нечипоренко (270 балл) якун ясади.

Мазкур беллашувнинг ҳайдовчилар ўртасида ўтказилган алоҳида номинацияда биринчилик Ўзбекистон вакили — Хайрулло Олимовга (321 балл) насиб этди. Иккинчи ўринни қозоғистонлик Нуржан Сагиндиков (285 балл) эгаллаган бўлса, учинчи поғонадан яна ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи Баҳодир Отахонов (281 балл) ўрин олди.

Бугун, 8 август куни танловнинг янада мураккаб босқичи ўтказилади, унда шифокорлар таркиби тўсиқлар йўлагини босиб ўтиши керак.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1