1

Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими

ЖАМИЯТ 08.08.2019, 11:43
Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги мавжуд муаммолар  ва уларнинг ечими

Туманнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг мавжуд муаммоларни ўрганиш ва қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида 2019 йил 3 август куни Хоразм вилояти хокими Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими М.Ишбеков, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири С.Бердиқиличов, вилоят прокурори Ж.Хатамов, вилоят ДХХ бошлиғи Ш.Маликов, вилоят ИИБ бошлиғи Д.Назармуҳамедовлар ҳамда вилоят ва туман кархона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида “Нукус”, “Саримой”, “Гурлан”, “Ҳазорасп”, “Хива” ва “Хонқа” маҳаллаларига ташриф буюриб, сайёр қабуллар ўтказди. Сайёр қабулга ташриф буюрганлар бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириб, мазкур ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолари тингланди.

Вилоят марказидан “Нукус” маҳалласигача бўлган масофа 155 км, “Саримой” маҳалласигача бўлган масофа 165 км, “Гурлан” маҳалласигача бўлган масофа 185 км, “Ҳазорасп” маҳалласигача бўлган масофа 190 км,, “Хива” маҳалласигача бўлган масофа 195 км,ва “Хонқа” маҳалласигача бўлган масофа жами 205 км.ни ташкил қилади.

Жумладан, аҳоли муаммолари билан танишиш жараёнида Урганч-Тошкент автомобиль йўлидан “Гурлан”, “Ҳазорасп”, “Хива” ва “Хонқа” маҳаллаларига олиб борувчи 1980 йилларда асфальт қилинган 30 км йўл яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланиб, мазкур йўлнинг 22 км.ни мукаммал таъмирлаш режалаштирилиб, ҳозирги кунда шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилган.

Шунингдек, “Нукус”, “Саримой”, “Гурлан”, “Ҳазорасп”, “Хива” ва “Хонқа” маҳаллаларидаги ижтимоий объектлар, ичимлик суви муаммоси ва аҳолини қийнаб келаётган бошқа муаммолар ҳам ўрганилган.

Жумладан, вилоят хокими Ф.Эрманов раҳбарлигидаги сайёр қабул қатнашган мутасадди раҳбарлар дастлаб, “Нукус” МФЙ ҳудудида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабига спорт майдончаси қуриш, ҳар ҳафта мазкур ҳудудда ТЗП бозор ташкил қилиш, ҳафтада икки марта фермерлар 30.000 сўмдан гўшт тарқатиши кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, балиқчиликни ривожлантириш, мактабда ўқув фанлар бўйича мутахассис етишмаётганлиги, ичимлик сув қувурларини таъмирлаш, эскиларини янгисига алмаштириш, оқова сув масаласини ҳал қилиш учун нима ишлар қилиниши кераклиги юзасидан маслаҳатлар ва тегишли мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилди.

“Саримой” МФЙда жойлашган 11-сонли ўрта мактабда ўтказилган сайёр қабул жараёнида фуқаролар томонидан даволаниш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам масалаларида аҳолиникўрикдан ўтказиш, ҳудудга УЗИ аппарати ўрнатиш, мактаб ўқувчиларининг узоқ масофадан қатнаб келаётганликлари юзасидан мурожаатлар келиб тушган.

Хусусан, мазкур қабул давомида фуқаро Жуманиязова Хадича даволаниш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам масалаларида мурожаат қилди. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят хокими томонидан мурожаат муаллифининг ўғли Уллибоев Сардорни мазкур ҳудудда жамоатчилик ишларига бош қилиб қўйиш бўйича вилоят ҳамда туман аҳолини бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарларига топшириқ берилган ҳолда С.Уллибоевни ишга жойлаштириш масаласи жойида ҳал қилинди. Шунингдек, Х.Жуманиязовани саломатлигини тиклаш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига уни вилоят тиббиёт бирлашмаларида тиббий кўрикдан ўтказиш топширилди.

Бундан ташқари Араздурдиев Алламуроднинг мурожаати юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Қ.Тангрибердиевга аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича мазкур ҳудудга тиббий кўрик машинаси юборишни ва туман хокимига шифокорларни вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш топширилди.

Шунинг билан бир қаторда, Саримой МФЙда истиқомат қилиб келаётган туркман халқи нуронийлари рўйхатини шакллантириб, уларни вилоят “Туркман миллий маркази” билан таништириш, ҳамда вилоятнинг буюк қадамжоларига саёхатга олиб чиқиш бўйича туман ҳокими ва “Нуроний” жамғармаси раҳбарларига топшириқлар берилиб, туман хокимининг ижтимоий соҳа бўйича ўринбосарига миллий маданиятни тарғиб қилиш топширилди.

Шунингдек, “Гурлан” маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан қуйидаги мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, аҳоли ўзлари яшаб келаётган уйларни таъмирлашда, нафақага чиқишда, маҳаллада қишлоқ врачлик пункти қуришда, ҳамда КВПни малакали шифокорлар билан таъминлашда ва дорихона ташкил қилишда амалий ёрдам беришни сўрашди. Келиб тушган мурожаатларнинг ҳам ҳал қилиниши юзасидан тегишли ташкилатларга топшириқлар берилди.

Масалан, “Ҳазорасп” МФЙда яшовчи фуқаро Рўзибоев Қурбондурди яшаб келаётган уйини таъмирлашда, нафақага чиқишда ва бир неча йиллар муқаддам Россия Федерациясига кетиб қолган ўғли Рўзибоев Санъатни уйига қайтаришда ҳамда, 12-сонли мактабда фаррош бўлиб ишлаб келаётган қизи Қурбондурдиева Хосиятнинг иш ставкасини оширишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат юзасидан вилоят ҳокими бошчилигидаги гуруҳ аъзолари мурожаат муаллифи Қ.Рўзибоевнинг “Ҳазорасп” МФЙда жойлашган хонодонига ташриф буюриб, унинг оилавий шароити билан яқиндан танишиб, унинг мурожаатида кўрсатилган важлар бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб, назоратга олинди.

“Хива” МФЙда ўтказилган сайёр қабулда маҳаллада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирилди ва аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолари эшитилди.

Жумладан, фуқаро Худошкурова Муқаддас 14-сонли мактабни замонавий андозалар асосида таъмирлаб берилганлиги сабабли ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Шунингдек, фуқаро Аллаберганов Музаффар томорқа ер майдони ва кредит ажратиб беришда амалий ёрдам беришни сўради. Кредит маблағи ажратиб бериш учун тумандаги ҳудудга беркитилган масъул банкга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Фуқаро Нурметов Қодирберган ҳудуддаги Тупроққалъа маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи тугатилганлиги сабабли, ўзи ва бошқа коллежнинг олий маълумотли педогог ходимлари ишсиз қолганлиги бўйича уларни иш билан таъминлашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Мазкур масала юзасидан вилоят ва туман аҳолини бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда Халқ таълими бўлими раҳбарларига ҳамкорликда ҳудудда мавжуд бўлган ўрта таълим мактабларида мавжуд бўш иш ўринларини аниқлаб, ушбу мурожаатда кўрсатилган талабларни қаноатлантириш ва уларни мутахассислиги бўйича жой-жойига қўйиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, фуқаро Нурметов Қодирберган маҳалла ҳудудда жойлашган маданият уйи биноси 2015 йилда “Боғот Дон” АЖ балансига ўтказиб борилганлиги, хозирда мазкур бино таъмир талаб аҳволга келиб қолганлиги ҳамда, ушбу бинони қайта маданият уйи қилиб ташкил қилишда ва таъмирдан чиқаришни сўраб мурожаат қилди. Мазкур масала юзасидан туман ҳокимига тегишли кўрсатмалар берилиб, бинони ўз холига келтириш бўйича топшириқ берилди.

“Хонқа” МФЙда ўтказилган сайёр қабулда маҳаллада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирилди ва аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолари эшитилди.

“Хонқа” МФЙда ҳам ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар Усманова Гавҳар аҳоли хонодонларини ичимлик суви тармоғига улашда, Абдуллаев Фарход электр энергияси кучланиши пастлиги сабабли электр энергияси кучланишини яхшилашда ҳамда кўчаларга тунги чироқ ўрнатишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишди.

Мазкур масалалар юзасидан вилоят Туямўйин-Урганч минтақалараро корхонаси раҳбарига аҳолини ичимлик суви тармоғига уланишида зарур жиҳозларни етказиб хонодон эгалари маблағлари ҳисобидан улаб бериш топширилди. Шунингдек, туман электр корхонаси мутасаддиларига маҳалла ҳудудидаги тронсформаторларни кўрикдан ўтказиш, лозим бўлса янгисига алмаштириб, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ҳамда кўчаларга тунги чироқлар ўрнатиш юзасидан топшириқ берилиб назоратга олинди.

Сайёр қабулларда жами 52 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 11 таси жойида ижобий ҳал қилинган, 41 та мурожаатни ҳал қилиш учун вилоят ва туман ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ҳар бир мурожаатнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.

Юқорида кўрсатилган аниқланган муаммолар бажарилиши юзасидан тегишли “йўл харита” лар ишлаб чиқилиб, туманидаги “Гурлан”, “Ҳазорасп”, “Хива” ва “Хонқа” маҳаллалари 2020 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилиши режалаштирилди ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1