1

Халқ манфаатларига хизмат қилиш – олий бурч

ЖАМИЯТ 07.08.2019, 11:35
Халқ манфаатларига хизмат қилиш – олий бурч

Ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса, ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади. Ўзбекистонимизнинг кўп асрлик тарихи, ўз давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган тараққиёти бу ҳақиқатни яққол намоён этади.

Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, бунёдкорлик жараёнларининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи ҳам ҳеч шубҳасиз, кўпмиллатли халқимиз эканлиги барчага маълум. Шахсни баркамол этиб вояга етказишда ҳам асосий ўринни халқ эгаллайди.

Демак, ҳар қандай давлат органининг, шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳам олий бурчи халқ манфаатларига хизмат қилиш ҳисобланади.

Шу боисдан, сўнгги пайтларда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан «халқ билан мулоқот қилиш», «халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», «халқни рози қилиш», «халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади», «халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади» деган эзгу тушунчалар давлат органларининг, шу жумладан ички ишлар идоралари фаолиятининг асосий мезонига, барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик ишида асосий қоидага айланиб бормоқда.

Халқпарвар ички ишлар тизимини яратиш йўлида

Ўтган уч йил мобайнида мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти самадорлигини ошириш, уни мутлақо янги замонавий босқичга кўтариш, ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар рўёбга чиқарилди.

Ички ишлар органлари фаолиятининг барча соҳаларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, бунинг натижасида сўнгги йилларда фаолият мазмуни бутунлай ўзгарди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди.

Ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият, давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашадиган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширадиган халқчил органга айланди.

Аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди.

Албатта, шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларни қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш, улар томонидан янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини тизимли ва самарали амалга ошириш – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизимида алоҳида ихтисослашган таълим муассасаси – Малака ошириш институти ва Вазирликнинг барча академик лицейларида унинг филиаллари ташкил этилди.

Ўтган қисқа давр мобайнида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган ўқув йиғинларида 12 мингдан ортиқ ходимлар қатнашиб, ўз малакасини оширди.

Айни кунларда Институт томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма) бошлиқлари, жиноят-қидирув (катта) тезкор вакиллари, тергов тизими терговчи ва суриштирувчилари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Машғулотлар давомида назарий билимларимизни мустаҳкамлаб, амалиётга учраётган баъзи муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдамиз, – дейди Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Анжелика Ибадова. – Ўқув йиғинларида назарий билимларимни янада мустаҳкамлаб, иш жараёнига ҳозирги замон талаблари мувофиқ ҳолда ёндашиб, тергов ҳаракатларини янада сифатли ўтказишга ҳаракат қиламан. Терговчи хизмат вазифасига сидқидилдан ёндошиши керак, унинг адашишга ҳаққи йўқ. Чунки жиноят кўчасига кириб қолган инсонларнинг қилмишларига одилона ёндашиб, оқилона ва адолатли хулоса қилиши керак. Бунинг учун юқори билим, кўникма ва тажриба ҳар биримизга ас қотади, деб ўйлайман.

Халқ ичига кириб бориш ва аҳоли билан мулоқот ўрнатишда Институт жамоасининг саъй-ҳаракатлари

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқотни ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, сўнгги икки ой давомида республикамизнинг турли ҳудудларида жойлардаги ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларни фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда қарийб 100 га яқин маҳаллаларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», «Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти», «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз», «Осойишталик учун барчамиз масъулмиз», «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда жамоатчиликнинг роли», «Оилалар тинчлиги – барқарорлик омили» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунларда ушбу маънавий-маърифий тадбирлар Институт жамоаси томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги маҳаллаларда ҳам ўтказилмоқда.

– Маҳаллаларимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш фақат ички ишлар органларига юклатилган вазифа деб эмас, бунга барчамиз бирдек масъул бўлишимиз керак, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Когон шаҳар раиси ўринбосари Ҳамро Қурбонов. – Бугунги маънавий-маърифий тадбирда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб қолиш учун қандай ишларни амалга ошириш кераклиги, маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро бунга масъул эканлигини, ҳамжиҳатликда амалга ошириш керак бўлган тадбирлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, уларга маҳалла фаоллари номидан миннатдорчилик билдираман.

– Маҳалламизда 5 мингга яқин аҳоли аҳил яшашади, – дейди Самарқанд вилояти Жомбой тумани “Найман” маҳалласи раиси Назира Мардонқулова. – Маҳалладаги кўнгилсизликларни олдини олишда жамоатчилик ўз таъсирини кўрсатиб боради. Бугун ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари маҳалламизга келиб, тинчликнинг қадрига етиш, оилалар ва маҳалла осойишталиги юрт тинчлигини таъминловчи мезонлар эканлигини мисоллар билан тушунтириш беришди.

Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан
хабар олиш ҳам қарз, ҳам фарздир

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш анъанага айланиб бормоқда.

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш савобли ишдир.

Халқимизга хос бундай эзгу қадриятлар ва савобли ишларни қилган инсонга эса руҳан енгиллик бахш этади.

– Мен 1946 йилда Қозоғистон Республикаси Толдиқўрғон вилоятида туғилганман, – дейди Когон шаҳар “Арабхона” маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Алла Ан. – 14 ёшимда Ўзбекистонга ота-онам билан кўчиб келдим, турмушга чиқдим, 3 нафар қиз фарзандли бўлдим, турмуш ўртоғим эрта вафот этди, узоқ йиллар Когон тумани телеграфида ишлаб, ёлғиз ўзим уч нафар қизни ўқитиб, вояга етказдим. Катта қизим болаликдан руҳий хаста, иккинчи қизим турмушга чиқмаган, ҳозирги кунда Россия давлатида ишлайди, учинчи қизим турмуш ўртоғи билан ажрашиб, 4 нафар фарзанди билан кўчиб келиб мен билан бирга яшаётган эди, куни кеча шаҳар ҳокимлиги унга Когон шаҳридан ижтимоий уйдан бир хона ажратди. Бундай ғамхўрлик қайси юртда бор, аввало Президентимизга раҳмат айтаман, шунчалик мен сингари қийналган, ногиронларга катта эътибор қаратмоқда.

Мен Ўзбекистонни жуда севаман, чунки, халқи меҳнаткаш, меҳмондўст. Маҳалламизга хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори капитан Шуҳрат Чўллиевни маҳалла аҳли жуда ҳурмат қилади, чунки у доимо халқнинг ичида, қўлидан келгунича халқдан ёрдамини аямайди, у ҳар куни бизнинг оиладан хабар олади, шунинг учун мен уни ўз ўғлимдай яхши кўраман. Мана бугун бир қатор ички ишлар органлари ходимлари уйимга ташриф буюришди, кейин билсам, улар пойтахтимиздан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари экан, улар мен билан суҳбат қуриб, ҳол-аҳвол сўрашиб, муаммоларим билан қизиқишди, кайфиятимни кўтаришди, мен бундан жуда хурсанд бўлдим, уларга юртимиз тинчлигини сақлашдек шарафли вазифа юклатилган, уни бажаришда, улкан зафарлар тилайман.

Икки қўлтиқ таёққа суяниб, базўр қўшнисиникидан чиқиб келаётган, Жомбой тумани “Найман” маҳалласида яшовчи, 79 ёшли онахон Норби Тўрақулова, эшиги олдида турган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб, ҳайратини яшира олмади... ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси, подполковник Абдулла Бадалхўжаевнинг “Сизни кўргани келдик”, деган сўзидан онахоннинг кўзларига ёш келди.
– Қарилик қурсин болаларим. Бунинг устига касалванд бўлиб қолдим. Сиз каби Ватан ҳимоячилари, тинчлигимиз ва осойишта ҳаётимизни таъминловчи ватанпарвар инсонлар вақт топиб келганингиз учун миннатдорман. Сиздек халқпарвар инсонларнинг амалга ошираётган ишлари албатта ёшларга ўрнак бўлади. Атрофингизга қаранг маҳалламиз болалари ҳайрон бўлиб қараб туришибди. Улар эса сиз каби самимий инсонлардан ўрнак олади. Бунинг учун Юртбошимизга, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига раҳмат айтаман. Зеро, кексалари эъзозланган юртнинг келажаги буюк бўлади.

Энг муҳими, Институт профессор-ўқитувчилари ушбу олийжаноб ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб бермоқдалар.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1