1

Ўзбекистонликлар билан боғлиқ 128 та одам савдоси жиноятининг 80 фоизи хорижда содир этилган

ЖАМИЯТ 07.08.2019, 10:16
Ўзбекистонликлар билан боғлиқ 128 та одам савдоси жиноятининг 80 фоизи хорижда содир этилган

Инсон хаёллари шу қадар чексиз, шу қадар шошқинки, унинг тизгини қўлдан чиқса, бутун бир умр саробга енгилиши ҳеч гап эмас. Хаёлларга қўйиб берсак, нималарни бажариб ташламайди. Аммо, у ўз номи билан хаёл. Баъзилари рўёбга ошса, баъзилари пучга чиқади. Доим ҳам хаёлларга эргашавериш яхшилик келтирмайди. Чунки, нафс ботқоғига ботирувчи ҳаёллар ҳам серобгина. Айни шу каби ҳаёллар бугунги кунда глобал муаммолардан саналган одам савдосидек иллатни юзага келтирмоқда. Бу эса инсон тақдирини тубдан ўзгартириб, ҳаётини остин-устун қилиб ташлашгача етиб боради. Хўш, бугунги кунда қанча одам ўз ҳунарининг даромадидан қониқмай, мўмайгина даромад илинжида чет элга ишлагани кетмоқда? Ҳозирда дунё бўйича xалқаро тeрроризм, наркотрафик жиноятларидан кейинги ўринда турувчи одам савдоси жиноятидан жабрланаётганлар кимлар? Она Ватаннинг ўзида тирикчилик қилиш имконияти бўла туриб, баъзи юртдошларимизнинг хорижга олиб кетиб сотилиши, хўрланиши, қулликка ёлланиши, фохишаликка мажбурланиши каби жиноятлар қурбонига айланиши уларнинг ишонувчанлиги, тез вақт ичида моддий муаммоларни ҳал этиш илинжи, енгил иш ва осон пул топиш орзуси ҳамда ҳуқуқий билимларга эга эмаслигиданмасми?!

Дунё бўйича йилига 3 миллионкишиодам савдосидан жабр кўрмоқда...

Ҳозирда 2 миллион 600 мингга яқин фуқароларимиз чет элда меҳнат қилмоқда. Шундан 83 фоизи, яъни 2 миллиондан ортиқ фуқаролар Россияга тўғри келади. Одам савдоси жиноятига учраганларнинг 71 фоизини аёллар, ҳар учинчисини болалар ташкил этади. 2017 йилда юртимизда 305 та одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. 2018 йилда бу борадаги профилактика ишлари натижасида кўрсаткичлар камайган, яъни 128 та жиноятлар содир этилган. Қизиқ томони, ўзбекистонликлар билан боғлиқ 128 та одам савдоси жиноятининг 80 фоизи хорижда содир этилган, 20 фоизи эса юртимизда. 2019 йил бошидан ҳозирга қадар Ўзбекистонда ўз фарзандини сотган аёллар жинояти билан боғлиқ 23 та ҳолат кузатилган.

2019 йил давомида 43 нафар одам савдоси қурбони бўлган ёшларнинг паспортлари олиб берилиб, 18 нафар ёшларнинг Ватанга қайтишларига кўмаклашилди...

Юртимизда одам савдосини олдини олиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ёшлар иттифоқи томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг 6 ойлик ҳолатига кўра 8 минг 130 та тарғибот тадбирлари ташкил этилган бўлиб, унда 850 мингдан зиёд ёшлар қатнашган. 10 мингдан ортиқ тарғибот материаллари тарқатилган.

Шунингдек, аэропорт, вокзал ва чегара ҳудудларида одам савдосининг салбий оқибатларини ёшларга тушунтириш, четга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида 185 марта ҳамкорлар билан тарғибот тушунтириш ишлари олиб борилиб, тадбирлар давомида четга кетаётган 12 минг 300 нафар ёшларга мутахассислар томонидан бирламчи ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида чет элдаги ёшлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳам бу борада тегишли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йил давомида 43 нафар одам савдоси қурбони бўлган ёшларнинг паспортлари олиб берилди. 18 нафар ёшларнинг Ўзбекистонга қайтишларига кўмаклашилди. 8 нафар ёшларнинг чет эллардаги ёлғон ваъдалар берилиб, чақириб олинаётганлиги тўғрисида маълумотлар олинди ва уларнинг четга чиқиб, одам савдоси қурбони бўлиши мумкинлиги огоҳлантирилиб, хорижга чиқиб кетишларининг олди олинди. Қолаверса, бугунга келиб болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди.

Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Миллий комиссия, ИИВ ҳузурида Одам савдосига қарши курашиш бўйича кичик комиссия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссия ташкил этилди...

Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, уларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатларнинг самараси кўрсаткичларда ҳам сезилмоқда. Бироқ, мазкур масалада ҳамкор ташкилотлар бир бўлиб, мақсадли тадбирлар ўтказмаётганлиги, ҳар бир ташкилот ўзича ёндашаётганлиги сабабли кўзланган мақсадга эришиш қийинлашмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали одам савдосининг салбий оқибатлари чуқур тушунтирилмаёганлиги, бу борадаги ҳужжатли фильмларнинг кўп кўрсатилмаётганлиги ҳам ёшларнинг бу тушунчани жиддий англаб етмаётлигига сабаб бўлмоқда.

Айнан шунинг учун, Президентимиз фармонларига мувофиқ, Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Миллий комиссия, ИИВ ҳузурида Одам савдосига қарши курашиш бўйича кичик комиссия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссия ташкил этилди ва бу ўз натижасини беради, деган умиддамиз.

Инсон ҳаёти савдо-сотиқ қилишга, баҳоланишга тенгми...?

Одам савдоси чангалига тушганлар билан суҳбатлашганмисиз? Гапларининг мағзини чақсангиз, уларнинг кўпчилиги ўзининг ўзга юртда кўрган кечирганларини ҳеч банданинг бошига тушмаслигини, ҳар ким ўз юртидаги насибасига шукроналик қилиб яшаши маъқуллигини, меҳнатдан, ҳаракатдан қочмаганнинг йўли мақсадга бир қадам эканлигини таъкидлайди.

Азизлар! Дунё-дунё бўлибдики, ҳали ҳеч кимса ватандан айро кетиб толеъ топмаган.Ҳаттоки, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Ҳиндистонда шоҳ бўлса-да, Ватан соғинчи билан яшаб ўтган. Умрининг сўнги лаҳзаларида ҳам Андижоннинг бир тилим қовунини кўз олдидан ўтказиб, байтлар ҳам битган эди. Ахир бежиз айтишмайди: “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” – деб. Юртимиз иқлимини, тоза ҳавосини, турли хил ноз-неъматлари, миллий таомлари, минг йиллик урф-одатларимизу қадриятларимиз, борингки, яқин инсонларимиз билан ўртамиздаги меҳр-оқибатимизни қандайдир қийматга, моддий бойликка, буюмга, пулга алмашиб бўладими…?! Асло, йўқ! Умрничи...?! Инсон ҳаёти савдо-сотиқ қилишга, баҳоланишга тенгми?! Ҳамюртининг ҳаётини, умрини савдо қилиб, пуллаган ватанфурушларнинг косаси оқарармиди?! Ушбу мақоламиз кимнидир ҳаёт йўлида адашишдан, алданишдан, армонлардан асраб қолса, биз мурод-у мақсадимизга етгаймиз.

Шаҳноза Нуруллаева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1