1

Сайёҳлардан тегишли дресс-кодга амал қилиш зарурлиги сўралмоқда

ЖАМИЯТ 06.08.2019, 17:42
Сайёҳлардан тегишли дресс-кодга амал қилиш зарурлиги сўралмоқда

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Рус Православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон Епархиясининг мурожаати келиб тушди. Унда сайёҳлар томонидан Авлиё-Успенск кафедрал черковига экскурсия жараёнида кийиниш ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилинмаётгани кўрсатиб ўтилган. Шу сабабдан, туристик ташкилотлардан черковга экскурсияни Епархиянинг Маданият ва спорт ишлари бўлими билан аввалдан келишиб олган ҳолда режалаштириши ҳамда сайёҳларнинг тегишли дресс-кодга амал қилишлари зарурлиги сўралган.

Шунингдек, Қўмитага хорижлик сайёҳлар ташриф буюраётган масжидлар ва муқаддас қадамжолар маъмурияти ва жамоатчилик томонидан ҳам худди шу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмоқда. Зиёрат туризми Ўзбекистонда туризмнинг истиқболли турлари қаторига киради, зеро мамлакатимиз бўйлаб амалга ошириладиган саёҳат йўналишларида диний масканлар талайгина. Йилдан-йилга мамлакатимизга сайёҳлар сонини ортиб бораётгани ҳамда кузги сайёҳлик мавсумининг бошланаётганини инобатга олган ҳолда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган саёҳатларни янада сифатли ва тартибли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида туристик ташкилотлардан бу каби ҳолатларга алоҳида эътибор қаратишни сўрайди.

Сир эмаски, Ўзбекистон ҳудуди минг йиллардан бери турли маданиятлар, цивилизациялар ва динлар чорраҳаси бўлиб келган. Мамлакатимизда масжидлар, мадрасалар ва муқаддас қадамжолар билан бир қаторда яҳудийлик, насронийлик ва бошқа дин вакилларининг ибодатхоналари ҳам мавжуд. Бугунги кунда мамлакатимизда сайёҳларнинг мазкур объектларни зиёрат қилиши, уларнинг тарихи ва меъморчилиги билан танишиши учун турли қулайликлар яратилиб келинмоқда. Айни вақтда, мазкур объектларнинг диний муассаса эканлиги, масжид, черков ва синагог каби биноларда диний ибодатларнинг амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, сайёҳлар томонидан ушбу объектларни зиёрат қилишда тегишли одоб-ахлоқ ва зиёрат қоидаларига амал қилиши талаб этилади. Жумладан, диний масканларга киришда маълум дресс-код қоидаларига амал қилиш ёки фақат муайян вақтлардагина (ибодат амалларига халал бермаган ҳолда) зиёратни амалга ошириши белгиланган бўлиши мумкин. Ҳар бир объектни зиёрат қилиш одоби ва зиёрат қоидалари мазкур объект маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1