1

Буюк Ипак йўли кесимида: Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма турларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди

ЖАМИЯТ 06.08.2019, 17:29
Буюк Ипак йўли кесимида: Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма турларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимияти Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси кўмагида 5 август куни Тошкент шаҳрида Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили доирасида Road Show ўтказди. Тадбир «Қозоғистон-Ўзбекистон Road Show: буюк дашт -анъанавий меҳмондўстлик» мавзусида бўлиб ўтди. Тадбирда Туркистон ва Тошкент вилоятларининг туристик имкониятлари ва жозибадорлигини оширишга оид тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, Буюк Ипак йўли кесимида Қозоғистон-Ўзбекиcтон қўшма турларини ривожлантириш, Туркистон, Самарқанд, Бухоро шаҳарларини бир йўналишга боғловчи туризм кластерини ташкил этишга доир масалалар муҳокама қилинди. «Ушбу тадбирдан мақсадЎзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларни Туркистондаги, Туркистонга бораётган туристларни Ўзбекистондаги туризм объектларига йўналтиришни ҳамкорликда ташкил қилишдан иборатдир. Тадбир меҳмонлари мамлакатлар ўртасида сайёҳлик оқимини кўпайтиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари сайёҳлик соҳаси вакилларини сайёҳлик хизматлари соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш учун тўғридан-тўғри мулоқот ва янги бизнес алоқаларни ўрнатиш имкониятини беради.Тошкент вилояти ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ўртасидаги туризм алоқаларини яхшилаш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги туризм алоқаларини янада мустаҳкамлашга умид қиламиз», - деди Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори Исмат Нусуров.

Сайрам-Угам миллий паркидаги Экокемп вакили Алтинай Капалбаеванинг сўзларига кўра, икки вилоятга саёҳатни йўлга қўйишда виза билан боғлиқ муаммоларнинг оптимал ечимини топиш керак. «Масалан, яқинда биз Ҳиндистондан меҳмонларни таклиф этмоқчимиз – уларга 5 кун Ўзбекистонга, 5 кун Қозоғистонга саёҳат қилишни таклиф қилмоқчимиз. Бир кемпингнинг ўзида 10 кун қолиш зерикарли бўлиши мумкин, лекин икки мамлакатга саёҳат ташкил қилинса, қизиқарлироқ бўлади. Виза билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин, албатта, чунки ҳиндларнинг Қозоғистонга виза олиш жараёни қийинроқ, Ўзбекистонда эса бу билан боғлиқ муаммолар йўқ, сизларда ҳатто транзит визани олиш ҳам қийинчилик туғдирмайди. Шу боис бир ташрифнинг ўзида икки мамлакатга саёҳат қилиш имконини берувчи ягона виза олиш имкони бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», - дейди у. Шунингдек, B2B тадбири доирасида туризм соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, Ипак йўлида туризм маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, қозоғистонлик меҳмон дунёнинг ярмини кезиб чиққани ва Ўзбекистондаги озодаликдан ёқимли ҳайратга тушганини таъкидлади. «Ўзбекистонда ҳамма жой озода, сайёҳлар учун қулай ва асосийси, хавфсиз. Аслида сайёҳ учун хавфсизлик даражаси жуда муҳим. Шундай экан, сайёҳларга ҳам Ўзбекистонни, ҳам Туркистон вилоятини кўриш жуда ажойиб тажриба бўлар эди», - дейди Капалбаева.

Тадбир доирасида маълум қилинишича, яқин кунларда худди шундай роуд-шоулар Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1