1

"Борса келмас" номини олган "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилади

ЖАМИЯТ 03.08.2019, 22:50
"Борса келмас" номини олган "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4414-сонли “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар қилади.

"Мазкур тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро ареналарда ижобий мавқеини илгари суриш мақсадида қабул қилинганлиги қайд этилган", дейилади хабарда.

ЎзА ёзишича, “Жаслиқ” қамоқхонаси одамлар орасида зулм лагерига қиёсланган. Президентимизнинг ушбу тарихий қарори билан нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам номи эшитилганда, ёмон таассурот уйғотувчи қамоқхонага барҳам бериладиган бўлди.

"Жаслиқ" қамоқхонасининг ёпилиши ҳақидаги хабарга Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердлоу ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен ўз муносабатларини билдирди.

"Ўзбекистондан фантастик янгилик. Президент Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган, тавқи ланъатга учраган Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу шубҳасиз, Ўзбекистон учун яхши янгилик. Умид қиламанки, бу бутун бир даврнинг ҳақиқатда хотима топишидир. Ўзбекистоннинг зўравонлик билан уйғун дунёга донғи кетган айрим ишлари айнан Жаслиқ билан боғлиқдир. Қамоқхонани ёпиш тўғрисидаги қарорини эълон қилар экан, Президент жуда катта сиёсий жасорат намойиш этди. Энди тарихни ўрганиб, у ҳеч қачон такрорланмаслиги учун хулоса чиқариш зарур", - дейди Human Rights Watch ташкилоти вакили.

Памела Спратлен хоним эса: "Жуда ҳам рамзий аҳамиятга эга қарор! Модомики, Жаслиқ тўлиқ ёпилар экан (у умуман қайта очилмаслиги лозим), бу воқеа ўтмиш билан ришталарни узиш учун ўта кучли ва зарур ишора бўлади. Янги Ўзбекистон учун ундай масканлар керак эмас ва ҳукумат буни англаб етгани ниҳоятда муҳимдир",- деб ёзади ўзининг Твиттер саҳифасида.



Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1