1

Энг ёш дирижёр Асадбек Аюбжоновга "YAMAHA” корпорацияси доимий ҳомийлик қилади

МАДАНИЯТ 03.08.2019, 10:52
Энг ёш дирижёр Асадбек Аюбжоновга "YAMAHA” корпорацияси доимий ҳомийлик қилади

Ўзбекистонлик истеъдодли ёш дирижёр Асадбек Аюбжоновга “YAMAHA” корпорацияси доимий ҳомийлик қилишини расман эълон қилди. Энди унинг онаси ҳомий ахтариб, ташкилотма-ташкилот сарсон бўлмайди.

Куйлар орқали биз дунёни англаймиз, улар бизни ажойиботлар оламига етаклайди. Аммо оқ қоғозга битилган қора нуқталарни гапиртириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бизнинг ҳамюртимиз, истеъдодли ёш санъаткор – Асадбек Аюбжонов қўлида дирижёрлик чўпи сеҳрли таёқчага айланади. У энди 13 ёшга тўлган бўлса-да аллақачон мусиқага меҳр бериб, бутун дунёдаги мухлислари қалбини забт эта олди.

–Асадбек кичиклигидан ғаройиб иқтидор эгаси эди. У 6 ёшлигида 85 та шеърни ёд ўқирди, – дейди Асадбекнинг онаси Моҳида Жумаева. – Яна бу шеърлар ҳар бири бир эмас, бир неча куплетдан иборат. Айтиб юрган латифаларининг санаб саноғига етиб бўлмасди.

7 ёшидан мусиқа мактабининг скрипка йўналишига қатнади, 8 ёш бўлганида Россиянинг “Дунё ёшлари урушга қарши” номли мурувват акцияси доирасида ўтказилган концертга таклиф этишди. Ўшанда Асадбекнинг қобилиятини, берилиб оркестрни бошқаришини кўриб, барча ҳайратда қолганди. Кейин ҳар йили кетма-кет фестиваллар ва концертларга чақира бошлашди. У кўплаб халқаро мусиқа танловларида, фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб қайтди. Ҳар сафар мезбонлар унинг бориш-келиш харажатларини тўлаб беришди.

Италияда бўлиб ўтган скрипкачилар танловида 1-ўринни эгаллаб қайтди. У ёқда яшаш харажатлари Ўзбекистон маданият вазирлиги қошидаги истеъдодларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан қопланди. Италияга бориш-келиш авиачиптасини эса “Ипак йўли” банки олиб берди.

Ўтган 2018 йилда Асадбек Аюбжонов Ўзбекистон маданият вазирлигининг истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ажратилган стипендия соҳиби бўлди, бир йил давомида ҳар ой 400 минг сўмдан стипендия олди.

Мана, бу йил “YAMAHA” корпорациясининг юртимиздаги фирмаси фаоллари Россияда бўлиб ўтадиган халқаро фестивалда Асадбек ва устозининг иштирокини таъминлаш, умуман келажакда унга доимий ҳомийлик қилиш ташаббуси билан чиқди.

Гап шундаки, бу йил Асадбекнинг онаси шифохонага тушиб, ҳомий топишга улгуролмади. Сўнг таниш журналистдан ўғлининг бориш-келишини "кўтарадиган" ҳомий топишда ёрдам беришни сўради. Ахир фестиваль афишаларида ўзбекистонлик таниқли ёш режиссёр Асадбек Аюбжонов иштирок этади, деб аллақачон оммага эълон қилинган. Имкониятни қўлдан бой бермаслик керак. Бунинг устига мухлисларни интиқ қилиш ҳам яхши эмас. Фестивалга бор-йўғи бир неча кун қолди...

Ҳамкасбимиз журналист Наргиза Усенбаева тезда фейсбукдаги саҳифасига мурожаат ёзади: “Наҳот дунёда биргина кичик дирижёрни халқаро фестивалга юбора олмасак?!..”

Шу зоҳоти бу постга жавобан YAMAHA” корпорациясининг Тошкентдаги вакили Абдулла ака: “Биз ўзимиз Асадбекка ҳомийлик қиламиз!” – дея изоҳ қолдиради. Ижтимоий тармоққа бу пост қўйилгач, Маданият вазирлиги, “Ёшлар иттифоқи”дан ҳам “Биз ўзимиз тўлаб берамиз!” деган таклифлар тушади. Хуллас ҳомийлар росмана “талашиб” қолишади!

Воқеалар бундай тус олишини кўрган Асадбекнинг онаси ҳам суюниб, тезда оёққа туриб кетади. Албатта, юртимизда истеъдодларни қўллаб-қувватлашга “мана мен” деб кўкрак кериб турган ҳомийлар кўплиги одамни қувонтиради...

(Мақолани батафсил “Даракчи” газетасининг 32 сонида ўқишингиз мумкин).

Манзура БЕКЖОНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1