Самарқандда биринчи ҳарбий газета чоп этилди

ЖАМИЯТ 02.08.2019, 12:51
Самарқандда биринчи ҳарбий газета чоп этилди

29 июль куни биринчи маротаба Самарқанд шаҳридаги жойлашган Марказий ҳарбий округи нашри – “Сарҳад” ҳарбий газетасининг илк сони чоп этилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳарбий газетанинг илк нашрида Мудофаа соҳасидаги очиқлик сиёсати яққол кўзга ташланади. Дастлаб, Мудофаа вазири, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ва унинг ўринбосарлари ҳақидаги биографик маълумотлар келтирилган. Шу билан бирга, 8-саҳифани ўз ичига олган газетада қонунчиликдаги ўзгаришлар, Марказий ҳарбий округ ҳудуди, ташкил топган сана ва вазифалари, Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларидаги ҳарбий қисмларда ўтказилган турли хил тадбирлар, болажонлар учун қизиқарли ўйинлар, намунали ҳарбийларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Мазкур ҳарбий газета Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ҳамда “Сарҳад МЧЖ” директори – “Сарҳад” газетаси бош муҳаррири Алибек Эргашев томонидан имзоланган меморандум асосида нашрга тайёрланяпти. Шартномага кўра, тез фурсатда 1500 нусхада чоп этилаётган газета фаолияти бутунлай ҳарбий округ тасарруфига ўтказилиши кўзда тутилган.

Ҳарбий нашрнинг дастлабки сони округ Матбуот хизмати томонидан тайёрланган материаллар асосида саҳифаланди. Келгусида газета ижодкорлари ҳарбий округ сарҳади бўйлаб саёҳат қилиб, қайноқ жараён ҳақида ранг-баранг мақолалар тайёрлашни мақсад қилишган.

– Ҳарбий газетамизни оддий фуқаролар ҳам ўқиб, кузатиб боришлари мумкин, – дейди округ Матбуот хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи капитан Ғайратжон Мадраҳимов. – Бунинг учун газетага обуна бўлишлари шарт эмас. Газетанинг ҳар бир сонини Марказий ҳарбий округ расмий сайти ҳамда телеграмм каналига жойлаб борамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, округдаги Матбуот хизмати бўлими яқинда ташкил этилганига қарамасдан, олдинга дадил одимлаяпмиз. Агентлик, Мудофаа вазирлиги ҳамда Марказий ҳарбий округ раҳбарияти бугунгидай ҳамиша қўллаб туради деган умиддаман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1