1

15 августдан табиий газ нархи ҳам ошади

ЖАМИЯТ 01.08.2019, 10:38
15 августдан табиий газ нархи ҳам ошади

Ҳукумат 15 августдан бошлаб электр энергияси нархларини ошириши ҳақида аввал хабар бергандик. "Ўзтрансгаз" АЖ матбуот хизмати маълум қилишича, 15 августдан бошлаб табиий газ истеъмоли учун нарх ва тарифлар ҳам оширилмоқда.

Ёдингизда бўлса, ҳукуматнинг 2018 йил 1 ноябрдаги "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида"ги №897-сонли қарорига мувофиқ, 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб аҳоли учун табиий газ нархининг оширилишини тасдиқланган, нархлар 2019 йилда яна бир марта оширилишини белгилаган эди.

2019 йил 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархлар оширилиши назарда тутилганди. Унга кўра, маиший истеъмолчилар учун 1 метр куб табиий газнинг нархи ҳозирги 320 сўмдан 350 сўмгача, электр энергиясининг 1 киловатти ҳозирги 250 сўмдан 280 сўмгача ошиши керак эди.

Кейинчалик ҳукумат қарорида кўзда тутилганидек, 1 июндан табиий газ ва электр энергиясининг нархи ошмайдиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган №633-сонли қарорига кўра, 2019 йил 15 августдан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурсларига янги нархлар ва тарифлар белгиланди.

Эътиборлиси, аҳолига тарқатиладиган электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархи 1 июнда ошиши керак бўлган миқдордан ҳам кўпроққа оширилган.

I – IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун электр энергияси нархи (кВт-соат)

1.1. I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (250 сўм эди);

1.2. III гуруҳ истеъмолчилари учун, жумладан аҳоли учун — 295 сўм (125 сўм эди);

IV гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (350 сўм эди);

Президентнинг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379 сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар учун — 450 сўм (365 сўм эди).

Табиий газ (метр куб)

2.1. Аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлар учун, идоравий ва муниципал турар-жой фонди, юридик шахсалар ётоқхоналари, аҳолини табиий газ билан таъминловчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, турар жой хоналари иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш учун газ ҳисобини юритувчи асбобга эга локал қозонхоналар учун — 380 сўм (320 сўм эди);

2.2. Аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлар учун газ ҳисобини юритувчи асбобга эга бўлмаса:

· Овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — 660 сўм (553 сўм эди);

· Иситиш учун — 380 сўм (320 сўм).

2.3. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (шунингдек, ўз балансида автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари бўлган юридик шахслар) учун — 1000 сўм (800 сўм эди);

2.4. Президентнинг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379 сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар учун — 1000 сўм (1000 сўм эди).

2.5. Бошқа улгуржи фойдаланувчиларга — 660 сўм (600 сўм эди).

Аҳолига рўзғорда фойдаланиш учун реализация қилинадиган суюлтирилган газ (кг) — 1120 сўм (950 сўм эди).


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1