1

Байбуртдаги Дада Қурқут қабри ҳақиқийми?

МАДАНИЯТ 29.07.2019, 17:17
Байбуртдаги Дада Қурқут қабри ҳақиқийми?

Ўрта Осиё халқларининг муштарак асари бўлмиш “Китоби Дада Қурқут” турк дунёсининг энг бебаҳо қадриятларидан биридир. Ундаги ҳикоялар воқеалари аниқ қаерда содир бўлгани маълум эмас. Лекин турли манбаларда уларнинг сюжетлари Сирдарё яқинидаги Янгикент қалъаси атрофида, шимолий-шарқий Онадўли ва Озарбайжон ҳудудларида бўлиб ўтгани айтилади. Бу ҳикоялар ХV-ХVI асрларда ёзма манба ҳолига келтирилган. Бу китобга турк халқларининг доно файласуфи, машҳур адиби Дада Қурқут ижоди намуналари жамланган.

Таниқли бахши, қобиз отаси, буюк тарихий шахс Дада Қурқутдан халқларимизга жуда бой адабий ҳамда мусиқий мерос қолган. Марказий Осиё халқлари орасида Қўрқит бобо, Қурқут ота, Дада Қурқут каби турлича номлар билан аталиб унинг хотираси улуғланади. Ушбу афсонавий авлиёсифат зот, туркий элатларнинг миллий қаҳрамони IX асрда Сирдарё соҳилларида яшаб ижод этган. Манбаларга кўра у миллий чолғучилигимизнинг ажралмас бўлаги бўлган қобиз асбобини илк бор яратган бастакордир.

Дада Қурқут ўзи ёзган достонларга куй басталаб, оғзаки ижро қилган, ўлмас туйғуларни, инсон дарду нолаларини қалблардан қалбларга кўчирган. Шу тариқа халқ эътиборига тушган. Ушбу мумтоз адибнинг асарлари, ҳаёти ва ижоди ҳақидаги манбалар қозоқ, қорақалпоқ, туркман, озарбайжон каби турк халқлари эпосида бугунги кунга қадар сақланиб, тилдан-тилга ўтиб келмоқда.

Умрбоқийлик излаган Қурқут

Халқ орасида Қурқут ота ҳақида бир афсона юради. Эмишки, Қурқут ёшлигида инсон умри ўткинчи деган сўзларга ишонмаган ва мудҳиш ўлим билан курашишга бел боғлаган. Боқий умр ҳақидаги фикр-хаёллар исканжасида одамларни тарк этиб, тоғу саҳроларга чиқиб, боқий умр сирларини излайди. Бироқ қаерга борса ҳам ўлим қутқусига дуч келаверади. Ўрмонга борса чириётган кекса дарахт унга тез орада қуриб битишини айтади. Саҳрода ўсиб турган ковул қуёшда қовжираб сўлаётганини, ҳатто баҳайбат тоғлар ҳам йил сайин емирилиб бораётганини сўйлаб, нола қилади. Уларнинг иқрорини тинглаган Қурқут дарахтдан қўбиз йўниб, унга тор улайди. Шу асбобда ички туйғуларини куйга солиб қўшиқ айтади. Ўз куйларига бор қалбини, дилдаги барча дарду ситамларни жо қилади. Бу куйлар туркий қавмлар орасида кенг тарқалиб, кўплаб одамларнинг қалбларини забт этади. Мазкур ривоятнинг маъноси шуки ўткинчи дунёдан абадийлик излаган Қурқут ўз санъати билан боқий умр топади.

Қардош халқлар аждоди

Ҳозирда барча туркий халқлар Қурқут отани ўз аждоди деб билиб, хотирасини улуғлаб келмоқда. Унга Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида муқаддас мақбара бунёд этилган. Шунингдек қўбиз тимсолида хотира ёдгорлиги ҳам ўрнатилган. Қизилўрда вилоятидаги университет ва аэропортга Қурқут ота номи берилган. 2006 йилдан буён Қозоғистонда “Қурқут ва Буюк Саҳро куйлари” фестивали ўтказиб келинади.

Қурқут отанинг яна бир қабри қорақалпоқ қавмининг тарихий ватани Сирдарёнинг қуйи томонида Янгикент қалъаси атрофида жойлашган. Унинг ҳаёти ҳақида аниқ маълумотлар йўқ аммо кўпчилик манбаларда 95 ёш яшагани айтилади.

Туркманистонлик ҳамкасбларимиз айтишича буюк бахшининг мақбараси туркман элида ҳам мавжуд. Унга одамлар қадам ранжида қилиб, улуғ авлиё сифатида сажда қилади, дардларига шифо, эзгу ниятлари йўлида мадад сўрашади, ўғилсизга ўғил, беморларга соғлик тилашади.

Қари момолардан отанинг рамзий қабри бизнинг ҳам ҳудудимизда бор деб эшитганман. Айтишларича қалбида қўрқув борлар, бирон нарсадан чўчиб, соқов ёки дудуқ бўлиб қолган инсонлар Қурқут ота ҳоки пойини зиёрат қилиб, соғлик-омонлик тилашар экан. Бу буюк оқиннинг исми Қурқут бўлгани сабаблидир эҳтимол…

Қурқут ота мероси ЮНЕСКО муҳофазасида

Қурқут ота – шоир, мусиқачи, барча бахшилар устозидир. У туркий халқлар урф-одатлари, эътиқодларини, бошқа халқлардан ўзгача жиҳатларини, умуман, ижтимоий хусусиятини ёзиб қолдириб, бугунги кунга қадар етказган буюк ижодкордир. Қурқут отадан бизнинг замонимизгача етиб келган 12 та достон бор. Уларнинг саккизтаси ички ва ташқи урушлар тўғрисида. Иккитаси ошиқлар ҳақида, яна иккитаси эса мифологик талқинда берилган. Ҳозирга қадар унинг “Қўрқит”, “Елмоя”, “Тарғил тана”, “Елим-ой”, “Учарнинг улиши” каби куйлари сақланиб қолган.

Қурқут ота асарлари ҳозирда ЮНЕСКОнинг муҳофаза қилинувчи номоддий маданий мерослари рўйхатига киритилган.

Туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийлар Қўрқит ота ўз даврининг истеъдодли сўз устаси бўлганлиги боис, уни ҳурмат ила ўз асарларида тилга олишган. Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида Дада Қурқут ҳақида қуйидаги жумлалар бор: «Қурқут ота Турк улуси аросида шуҳрати андин ортуғроқдурки, шуҳратқа эҳтиёжи бўлғай. Машҳур мундоқдурки, неча йил ўзидин бурунқини, неча йил ўзидин сўнгги келурни дебдурлар…»

Хотира фестивали

Туркиялик қардошларимиз улуғ аждодимизни Дада Қурқут дея улуғлашади. Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистоннинг бир гуруҳ журналистлари Туркиянинг Байбурт шаҳрида 22-28 июл кунлари бўлиб ўтган Дада Қурқут хотирасига бағишланган санъат фестивалида иштирок этдик. Ушбу сафарбарлик Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Байбурт вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Дада Қурқут сўзидан ва изидан» шиори остида ўтказилган фестивалнинг биринчи куни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Молдова, Грузия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган адабиётшунос ва тарихчи олимлар анжуманда иштирок этишди. Улар ўз маърузаларида Дада Қурқутнинг турк халқлари эпосида тутган ўрни ва аҳамиятига кенг тўхталдилар. Анжуманда маълум қилинишича ҳозирги кунда турк кинематографлари томонидан “Дада Қурқут изидан” номли бадиий филм тасвирга олинмоқда. У кейинги йил томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Дада Қурқут асарлари қўлёзмаси муаллифи Вали Муҳаммаднинг таъкидлашича Дада Қурқут нафақат турк халқлари тарихида, балки бугунги ва келгусидаги бирлигимиз, ҳамдўстлигимиз ришталарини мустаҳкамлашда ҳам муҳим рол ўйнайди.

Байбурт шаҳри ҳокими Ҳукма Пекмезчининг айтишича у болалигида Дада Қурқутнинг ҳикояларини ўқиб, мусиқаларини тинглаб катта бўлган. 25 бор ўтказилаётган фестивалда ҳар йили шахсан иштирок этади. 1993 йилдан буён Марказий Осиё давлатларида бўлиб, унинг ёдгорликларини зиёрат қилмоқда. Унинг фикрича адибнинг бой мероси туркий халқлар ўртасидаги ҳамдўстлик ришталарини келгуси авлодларга етказиб беришга ҳам хизмат қилади.

Қурқут қабрини зиёрат қилдик

Анжумандан сўнг фестивал қатнашчилари Дада Қурқут мақбарасини зиёрат қилдик, буюк бобокалонимиз руҳига қуръон тиловат этилди.

Мазкур мақбара сўлим дарахтлар билан қуршалган ялангликда қад ростлаган бўлиб, гавжум зиёратгоҳга айланган. Туркий халқларнинг барчаси бу шахсни ўз аждоди, халқ қаҳрамони, умри азиз авлиёси деб қадрлаб, ўз ҳудудида муқаддас мақбара барпо этгани эҳтиромга сазовордир. Аммо Дада Қурқутнинг ҳақиқий қабри қай бири эканлиги ҳамон сирлигича қолмоқда.

Байбуртдаги Дада Қурқут мақбарасини зиёрат қилганимиздан сўнг фестивалнинг асосий қисми бошланди. Масат қирига ўрнатилган саҳнада турк халқларининг миллий куй-қўшиқлари, рақслари ижро этилди. Байрамга таклиф қилинган аҳоли вакиллари қадим кўчманчи халқлар анъаналарига содиқ тарзда кенг далага тикилган чодирларда туркман ғоли устидаги кўрпача ва болишларга ёнбошлаб фольклор дасталари чиқишларини томоша қилишди. Байрамдан сўнг Байбурт ҳокими туркий халқлар журналистларини бир пиёла чойга таклиф қилди. Бу даврада Дада Қурқут мероси, жумладан унинг “Китоби Дада Қурқут” асари, унда туркий халқлар миллий анъаналарининг ёритилиши ҳақида сўз борди.

Қурқут ота ҳикматлари:

“Қўноқ қўнмас қора уйлар йиқилса яхши”.

“Ҳисобсиз мол йиққан билан одам сахий бўлолмайди”.

“Ҳақни ҳақ демагунча ишлар ўнгмас”.

“Тўзган пахта бўз бўлмас, қадимий ёв дўст бўлмас”.

“Отадан ёш қолган – ақлдан бўш қолган”.

“Ўғил отанинг сиридир, икки кўзининг биридир”.

Манзура БЕКЖОНОВА, тадқиқотчи журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1