Ўта ваҳший қотиллик: қўшнисини 101 марта пичоқлаган йигит одамхўрмиди?

ЖИНОЯТ 19.07.2019, 15:18
Ўта ваҳший қотиллик: қўшнисини 101 марта пичоқлаган йигит одамхўрмиди?

Интернет тармоқларида сурхондарёлик бир йигит жисмоний қувватини ошириш учун одам ички аъзоларини ейишни мақсад қилиб, қўшнисини ўта ваҳшийларча ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди-ю одамлар орасида ваҳима кўтарилди «У ким ўзи? Наҳот одамхўр бўлса?» Маълум бўлишича, жиноят 1992 йил 31 мартда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган А.А томонидан содир этилган. Суд ҳужжатида А.А тугалланмаган ўрта маълумотли, бўйдоқ, ишсиз, муқаддам судланмаган деб, кўрсатилган. Хўш, уни бу мудҳиш жиноятга нима етаклади?

Сайрдан тирик қайтмаслигини билганидами...

А.А шу йилнинг 21 февраль куни соат 22.00 да бир маҳаллада яшовчи қўшниси Б.Чни айланиб келиш баҳонасида уйидан олиб чиқади. А.А қўшнисини фермер хўжаликлари даласи ўртасидан кесиб ўтган йўл бўйлаб бошлаб бориб, тўсатдан Б.Чнинг орқа тарафига пичоқ билан зарба беради. Б.Ч жароҳат оқибатида эркин ҳаракатлана олмаётганини кўрган А.А унинг орқа тарафига яна 101 марта пичоқ билан уради.

Кўп марта пичоқланган бўлса ҳам Б.Чнинг жони узилмаган эди. Унинг ҳамон нафас олаётганини кўрган А.А қўшнисини қийноққа солиб, ўта шафқатсизларча азоблаб, қорин олд соҳасини қўлидаги пичоқ билан ёради. Сўнг қорин ичига қўлини тиқиб, юрак халтасини тешиб йиртади, чап ўпка бўлаги ва бронх бир қисмини юлиб олади. Жиноят иши ҳужжатларида келтирилишича А.А ички аъзоларни пишириб ейиш мақсадида суғириб олган. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. А.А ижтимоий хавфли қилмиши фош бўлмаслиги учун Б.Чнинг ҳали жони узилмаганлигига қарамай уни шу ҳудуддан оқиб ўтаётган ариққа ташлаб, устидан тош бостириб ўлдиради ва воқеа жойидан яширинади.

Жиноят қуролини олиб чиқиб берди

Айбланувчи А.А нима учун қўшнисини ўта шафқатсизларча ўлдирди? Балки унга нисбатан адовати бўлгандир ё у хастамиди? Судда айбланувчининг қонуний вакили сифатида иштирок этган Т.Мнинг сўзларига кўра, ўша куни у бошқа бир ўғли билан машинада фермер хўжалиги томонга борган,йўл лой бўлгани учун автомобилни тўхтатганида дала четидаги ариқ ёнидан А.А чиқиб келган. Т.М уяли телефони чироғини ёқиб, ундан қаердан келаётганини сўраган. А.А ҳар доимгидекўз тилида «Ошна овқат пишши», деб жавоб берган. Бу орада Т.Мнинг ёнида бўлган ўғли А.Анинг оёқлари қон эканини кўриб қолади. А.А ит тишлади деган мазмунда имо-ишора қилгач, отаси трикосини кўтариб, оёқларини текширади. Аммо ит тишлари изи кўринмасди. Шунда Т.М қўшниси Б.Чнинг қаерда эканини сўрайди. А.А «кетди», деб, ўз тилида беш-олти нафар бола билан муштлашганини тушунтиради. Сўнг отаси А.Ани уйга олиб кетган. Б.Чни излаб топиш учун эса воқеа жойига иккита ўғлини юборган. Кейинроқ ўзи ҳам қайтиб келган. Ота-ўғиллар ариқ четида бир жуфт қизил рангли аёллар тапочкаси, ариқ ичида эса оқ рангли полиэтилен халта устига тош бостирилганини кўришган. Т.Мнинг ўғли сувга қўлини тиқиб, тошни олганида Б.Чнинг жасади сув юзасига қалқиб чиқади.

Т.М юз берган воқеа бўйича ИИБга хабар бериб, ички ишлар ходимлари билан бирга уйга қайтади. А.А жиноят қуролини олиб чиқиб бериб, тепада яна бир нарса борлигини кўрсатган. Сўнг Т.Мнинг катта ўғли стулга чиқиб, жавон тепасидан оқ целлофанга ўралган, қизил рангли гўштга ўхшаш нарсани олиб, ИИБ ходимларига узатган.

Суд экспертизаси нима дейди?

Суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, А.Ада «Органическое заболевание ЦНС вследствие перенесенного менингоэнцефалита со слобоумием. Психопатоподобный синдром» белгилари аниқланган бўлиб, у бир неча марта 2-сон вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонасида даволаниб чиққан. Вақтни тўлиқ англамаслиги, эмоцонал нотурғунлиги, ижтимоий хавфли қилмишни содир этаётган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаганлиги, ўзининг ҳозирги ҳолатига кўра тўғри жавоб бера олмаслии аниқланган.

Суд ажрим қилди

А.А Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «ж», «к» бандлари, 134-моддасида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб, топилди. А.Ага нисбатан жиноят иши тугатилиб, Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилиши белгиланди.

Ўз қўллари билан фарзандини ИИБ ходимларига топширган отага осон тутманг. У бундай бўлишини истамагани аниқ. Балки ота ё ака-укалар руҳий хаста жигарларига кўпроқ эътибор берганларида, у нималар билан бандлиги, қандай фильм, кўрсатувлар томоша қилаётганига қизиққанларидами, балки жиноятнинг олдини олса бўларди. Афсус...

Сурхондарё вилояти прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Алишер Бобомуродов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1