1

Мудофаа вазирлигининг ишчи гуруҳи Чирчиқдаги ҳарбий қисмда бўлди

ЖАМИЯТ 19.07.2019, 11:58
Мудофаа вазирлигининг ишчи гуруҳи Чирчиқдаги ҳарбий қисмда бўлди

Мудофаа вазирининг буйруғига асосан Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Фарҳод Шерматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент ҳарбий округининг Чирчиқ гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюрди.

Унда ишчи гуруҳ томонидан ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий салоҳияти, оилавий аҳволи: фарзандларининг боғча ва мактабларда таълим-тарбия олиши борасидаги муаммолари атрофлича ўрганилди, маълум камчиликлар бартараф этилди.

– Тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолиятини ўрганиш орқали, тадбиркорликни кенг тарғиб этиш ва бу борада маълум имтиёзларга эга бўлишларида кўмаклашиш бўйича зарур маслаҳатлар бердик, – дейди Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Зулфия Мансурова – Чичриқ шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ҳарбий хизматчилар фарзандларига яратиб берилган имкониятлар, уларнинг таътил вақтларини унумли ўтказиш мақсадида қилинган чора-тадбирлар ўрганилди.

Ишчи гуруҳ томонидан гуруҳ, взвод, батальон ва ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарларининг фаолияти тадқиқ этилди. Шахсий таркиб ахлоқий-руҳий таъминотининг барқарорлигида улар томонидан олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар салмоғи ўрганилди; зарур қўшимча ва бу борада таклифлар киритилди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда сержантларнинг маънавий-маърифий ва психологик билимлари тест орқали синалди. Бунда ҳарбий хизматчилар ўқув йили давомида ўзлаштириб келаётган билимларига таяндилар.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўрганиш ишлари 21 июлга қадар давом этади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1