1

“Халқаро Олимпия куни” юртимизда “Халқ сайли” тарзида нишонланади

СПОРТ 29.06.2019, 12:02
“Халқаро Олимпия куни” юртимизда “Халқ сайли” тарзида нишонланади

Кишилик жамияти томонидан яратилган буюк кашфиётлар бисёр. Шулардан бири – бу асрлар давомида тинчлик, дўстлик, ҳалоллик ва ўзаро бирдамлик каби умумбашарий ғояларни тарғиб этиб келаётган Олимпия ўйинларидир.

Илдизи бир неча минг йилларга бориб тақаладиган бу ўйинлар кейинчалик деярли унут бўлиб кетганди. Аммо, бундан нақд 125 йил муқаддам франциялик ислоҳотчи, барон Пьер де Кубертеннинг ташаббуси билан қадимий Олимпия ўйинларига қайта жон бағишланди. Содда қилиб айтадиган бўлсак, 1894 йилнинг 23 июнь санасида Халқаро Олимпия қўмитаси(ХОҚ)га асос солинди. Шундан бери 23 июнь бутун дунёда “Халқаро Олимпия куни” сифатида кенг нишонланиб келади.

Айни пайтда ХОҚ жаҳоннинг 206 мамлакатини ўз атрофига бирлаштирган. 1994 йилдан эътиборан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам ушбу нуфузли спорт ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади.

Мана, 26 йилдирки мамлакатимизда “Халқаро Олимпия куни” кенг нишонланиб келади. Бироқ, бу сафар МОҚ ушбу санани шунчаки оддий спорт тадбири сифатида ўтказиб юборишни истамади.

Ташкилотнинг янги раҳбарияти ташаббуси ҳамда ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида 2019 йил 6 июль куни мамлакатимизда “Халқаро Олимпия куни”га бағишлаб “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақаларини ўтказишга қарор қилинди.

Эътиборлиси, “Тоико сари йўл” шиори остида ўтказиладиган спорт тадбирлари бу сафар нафақат пойтахтимиз, балки бутун республикамизни қамраб олиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги эса ушбу сана билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритишни мақсад қилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1