Президент иштирокида Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди

СИЁСАТ 21.06.2019, 14:49
Президент иштирокида Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди

Тошкентда 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугунги ялпи мажлиси барқарор миллий тараққиётимизнинг янги босқичида, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар жадал олиб борилаётган масъулиятли бир даврда бўлиб ўтмоқда, – деди давлат раҳбари.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли изчил амалга оширилаётгани, миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Президент халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Сенатнинг роли ва таъсирини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан қонунлар ишлаб чиқилишида сенаторларнинг фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

– Биз Сенат деганда, биринчи навбатда миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий савиясини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз. Сенатор – бу халқнинг юксак ишончини қозонган вакил. Халқимиз олдида ҳаммамиз масъул ва жавобгармиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берди.

– Бир нарсани тан олиш керак: аёллар халқнинг дардини бошқалардан кўра чуқур ҳис қилади. Бу йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз қанчалик кўп сайланса, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат наф кўради, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди.

Маълумки, 2015 йилдан буён Сенат Раиси бўлиб ишлаган Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинлангани муносабати билан лавозимидан муддатидан олдин озод этилган эди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига асосан, Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Танзила Норбоева номзодини таклиф этди.

Юқори палата аъзолари номзод тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Сўзга чиққанлар Танзила Норбоева билим ва тажрибаси, ватанпарварлиги, жамиятдаги обрў-эътибори, инсоний фазилатлари билан ушбу лавозимга муносиблиги, Сенат фаолиятини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш бўйича Президент нутқида баён этилган устувор вазифаларни амалга оширишга қодир эканини таъкидладилар.

Сенаторлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Сенат Раиси лавозимига Танзила Норбоева сайланди.

Танаффусдан сўнг Олий Мажлис юқори палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1