Ҳиндистон шарқида ўткир энцефалит синдроми туфали болалар оммавий равишда ҳалок бўлмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистондаги Ўзбекистон фуқароларига имкон қадар мазкур минтақага ташриф буюрмаслик ва эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра Бихарда штати Музаффарпур округида шу ойнинг ўзида ҳалок бўлганлар сони 100 нафардан ортиб кетган. Умумий ҳисобда эса касаллик аломатлари билан 440 нафар бола шифохоналарга ётқизилган. Маҳаллий ҳокимият органлари касаллик тарқалишини бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
ОАВ хабарларига кўра, ҳудудда кузатилаётган жазирама иссиқ ва нам ҳаво касалликнинг тарқалишига асосий сабаб бўлмоқда. ўткир энцефалит синдроми (AES) ўткир вирус касаллиги бўлиб, у беморда юқори ҳарорат, бош оғриғи ва шайтонлаш каби белгиларни намоён қилади. Ушбу касалликдан асосан болалар ва кексалар азият чекишмоқда. Бихарда бир неча ҳафтадан буён жазирама иссиқ кузатилмоқда. Ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари 40 даражадан пастга тушмаяпти.