1

Жаҳоннинг энг кучли курашчилари Бухорода беллашади

СПОРТ 06.06.2019, 14:30
Жаҳоннинг энг кучли курашчилари Бухорода беллашади

Бухорода 7-12 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича улуғ мутафаккир аждодимиз ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган 1 халқаро турнир бўлиб ўтади.

Ушбу йирик мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Кураш федерацияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Таълимоти инсон маънавий ва жисмоний камолоти ғоялари билан йўғрилган буюк пир хотирасини эъзозлаш ҳамда барҳаёт қадриятларимиз сирасига мансуб ўзбек курашини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, истеъдод соҳибларини кашф этиш ва рағбатлантириш, шунингдек, дунёда миллий спорт туримиз нуфузини янада ошириш мақсади кўзланган мазкур турнир Президентимиз соврини учун Шаҳрисабз ва Термизда ўтказилаётган анъанавий халқаро мусобақалар қаторидан муносиб ўрин олиши, шубҳасиз.

Соврин жамғармаси 70 минг долларга тенг мазкур беллашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Гонконг, Хитой Тайпейи, Афғонистон, Конго, Макао, Португалия, Россия, Озарбайжон, Туркия, Фаластин, Голландия каби 50 га яқин мамлакатлардан юзлаб полвонлар гиламга тушиши кутилмоқда.

Турнирда эркаклар етти ҳамда қизлар уч вазн тоифасида ғолиблик учун беллашади.

Мусобақада ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган полвонлар олтин медаль ва 3 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланади. Иккинчи ўрин соҳибларига кумуш медаль билан бирга 2 минг доллар берилади. Учинчи ўринни эгаллаган икки спортчининг ҳар бирига бронза медали ва 1 минг долларлик пул мукофоти топширилади.

Турнирда беллашувларни катта тажрибага эга халқаро тоифадаги ҳакамлар бошқариб боради.

– Бухорода нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўрилди, – дейди вилоят Кураш федерацияси ижрочи директори Савриддин Умаров. – Аввало, турнирни томоша қилишга қизиқиш катталигини ҳисобга олиб, беллашувлар 20 минг ўринга эга “Бухоро” стадиони ўтказиладиган бўлди. Бу ерда айни шу мусобақага ҳозирлик доирасида хориждан келтирилган энг замонавий кураш гилами махсус мосламада тўшалди. Шунингдек,полвонлар, мураббийлар ва ҳакамлар ҳамда мутахассислар энг замонавий меҳмонхоналарга жойлаштирилди.

Бухоро катта халқаро кураш байрами руҳи билан яшамоқда.Турнир мамлакатимизда ушбу спорт тури ривожлантиришга давлат томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг ёрқин ифодасига айланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1