1

Бош вазир қабулхоналари – тадбиркорлар учун яна бир қулайлик

ЖАМИЯТ 23.05.2019, 14:24
Бош вазир қабулхоналари – тадбиркорлар учун  яна бир қулайлик

Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҳукумат билан мулоқотининг янги формати ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурининг ижроси: таҳлил ва ёндашувлар" мавзусида бўлиб ўтди.

Унда «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига асосан 1 июндан 200 та туманда Бош вазир қабулхоналари ташкил қилиниши ҳақида ахборот берилди. Мазкур қабулхоналарда тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар, бюрократик ва бошқа тўсиқларни бартараф этиш, таъмагирлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, қонунларни такомиллаштириш ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкин.

Нусратбек Тўйчиев, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари:

– Бош вазир қабулхоналарида муаммолар имконият даражасида жойида ҳал этилади. Уларнинг Халқ қабулхоналаридан фарқи тадбиркорлик, банк, кредит ва шунга ўхшаш масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади. Туманлардаги қабулхоналарнинг ҳар бирида икки нафардан мутахассис ишлайди. Қабуллар жадвал бўйича ҳар куни ўтказилади. Мурожаатларни ҳал қилиш «туман/шаҳар – вилоят – республика» уч поғонали принципи бўйича кўриб чиқилади. Қуйи босқичларда ҳал этилмаган мурожаатлар юқори ҳудудий қабулхонага йўналтирилади, улар Вазирлар Маҳкамаси Котибиятида ҳам ҳал этилмаса, кўриб чиқиш учун бош вазирга киритилади. Бош вазир қабулхоналари сайёр фаолият ҳам олиб боради. Бундан ташқари хорижий инвесторлар учун мурожаатларни видеоконференция орқали қабул қилишга шароит яратилади. 15 июндан «Тадбиркорларнинг муаммоларини қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг ва назорат қилиш учун business.gov.uz портали ишга туширилади. Тадбиркорлар мазкур портал орқали мурожаат қилиб, унинг кўриб чиқилишини ўзларининг шахсий кабинетида реал вақт режимида «онлайн» тарзда кузатиб боришлари мумкин.

Бош вазир ҳар чоракда Қабулхоналар фаолияти натижаларини алоҳида йиғилишларда, шу жумладан видеоконференцалоқа ўтказиш йўли билан кўриб чиқади. Зарурат бўлганда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни шахсан қабул қилади. Шу билан бирга, ҳар чоракда Қабулхоналар ишларининг натижалари хусусида президентга ахборот бериб боради.

Русланбек Давлетов, Адлия вазири:

–Ушбу вертикал тизимни жорий қилишдан мақсад – тадбиркорларнинг оворагарчиликларига чек қўйиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш, мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш, секторлар билан ишлашни яхшилаш, очиқлик сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳозир жойларда тадбиркорликнинг ривожланишига турли бюрократик тўсиқлар ҳалал бермоқда. Масалан ер ажратишда бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда. Вилоятларда ҳокимликлар ерни аукционга чиқармаяпти. Ҳужжатлар стол устида қолиб кетяпти. Ҳокимликларнинг ер ажратиш бўйича ваколатини қисқартириш керак. Айнан шу сабабли Ер кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мамаризо Нурмуратов, Марказий банк бошқаруви раиси:

–Ҳозиргача 244 минг 700 хонадон “ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича қамраб олинди. Юртимизда илк бор иш бошлаганларга кўпгина қулайликлар яратилган: арзон кредитлар берилади; уларни 3 йил давомида 3-8 ой оралиғида тўлаб боришга имтиёз бор; лойиҳа қийматига қараб ҳатто 200 миллион сўмгача кредит олиш мумкин. Айни пайтда банк ва ҳокимлик вакилларининг ўзи хонадонларга кириб бориб бўлажак тадбиркорларни излаб топаяпди. Уларнинг таклифларини, ғояларини ўрганиб, мақсадли лойиҳаларини қандай қилиб амалиётга жорий қилиш, банкдан кредит олиш бўйича тушунтиришлар ўтказишяпти.

Банклар тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган ҳар бир оилага фаолият йўналишидан қатъий назар 8 фоизли имтиёзли кредит ажратади. Агар зарур бўлса иш бошлаётган одамга нақд пул ҳам бериляпди. Мисол учун савдони айлантириб юборгунча молиявий кўмак берилади. Масалан нон ёпиб сотиш фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлса 1 тонна ун олиш ва ишчиларга тўланадиган 1 ойлик ҳақ учун нақд пул берилиши мумкин. Ҳатто таъминотчиларга ҳам маҳсулот олиб келиш учун кредит ажратилмоқда. Фақат улардан сифатли маҳсулот олиб келиш талаб этилади. Хуллас тадбиркор оила банкдан кредит олиб, керакли дастгоҳни ўрнатиши, бемалол ўзини, қўшнисини иш билан таъминлаши, бу жараёнда солиқ тўламай ўз бизнесини ривожлантириши мумкин. Шу билан бирга оила қайси касбда бўлишидан қатъий назар, ўз ишидан ташқари қўшимча даромад олишига имкон берилади.

Биз кўпроқ муҳтож оилаларига асосий эътиборни қаратяпмиз. Лекин кредит ажратишда кам таъминланганлик тўғрисида ҳужжат талаб этилмайди. Ва агар кам таъминланган оила кредит олса бу унинг маҳалладан олаётган нафақасига таъсир қилмайди.

Статистик маълумотлар:

2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 16,4 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Иқтисодиётда инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмлари 1,3 бараварга, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони 2,3 бараварга ўсган.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 2018 йил май-декабр ойларида 2,4 трлн сўм кредит берилган. 2019 йилнинг 1 январидан буён 244700 та оилага турли йўналишларда кредит ёрдами кўрсатилган. Жумладан: чорвачиликка – 467 млрд сўм, қуёнчиликка – 29 млрд сўм, балиқчиликка – 26 млрд сўм, паррандачиликка – 151 млрд сўм, асаларичиликка – 144 млрд сўм, боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари учун – 454 млрд сўм, кичик бизнесга – 284 млрд сўм, тўқимачилик учун – 292 млрд сўм, хизмат кўрсатиш соҳасига – 135 млрд сўм ажратилган.

Марказий банк раиси бюджет ташкилотлари ишчиларининг ойлик маошларини тўлиқ пластик картага ўтказилиши ҳақидаги режаларни маълум қилди. Тез орада Тошкентда “Ҳумо” тўлов тизими ишга туширилади. Шу мақсадда 2000 дан ортиқ банкомат олиб келиниб,уларга дастурий таъминот ўрнатилмоқда. Бу амалиёт вақт ва бошқа оворагарчиликларни тежаш билан бирга пулнинг электрон айланмасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1