1

​Каратэчиларимиз А серия туркумига кирувчи халқаро мусобақада 2 та бронза медални қўлга киритишди

СПОРТ 20.05.2019, 22:04
​Каратэчиларимиз А серия туркумига кирувчи халқаро мусобақада 2 та бронза медални қўлга киритишди

17-19 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилаётган каратэнинг WKF йўналиши бўйича А серия туркумига кирувчи нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзолари ҳам иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур мусобақада дунёнинг 101 давлатидан 1800 нафардан ртиқ кучли каратэчилар медаллар билан бирга Токио олимпиадаси рейтинг очколари учун ҳам баҳс олиб боришди.

Ушбу нуфузли мусобақада иштирок этган 6 нафар спортчимиздан 2 нафари совриндорлар қаторидан жой олишди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда -61 кг вазн тоифасида иштирок этган Барно Мирзаева бронза медалини қўлга киритди. Биринчи учрашувда эронлик Алтуни Негинни мағлуб эта олган юртдошимиз кейинги баҳсда мезбон вакиласи Кобан Мервега имкониятни бой бериб қўйди. Ўтиш баҳсларида Белгия, Бразилия, Эквадор ва япониялик каратэчилардан устун келган Барно учинчи ўрин учун беллашиш имкониятини сақлаб қолди. Бронза учун кечган баҳсларда эса тунислик Хаснау Бутенани 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Мирзаева учинчи ўринни қўлга киритди.

Жамоамизга навбатдаги медални -60 кг вазндаги Садриддин Сайматов тақдим этди. Чорак финалгача Белгия, Иордания, Грузия, Эрон ва Греция вакилларидан устун келган вакилимиз ярим финалга йўлланмаси учун баҳсда қозоғистонлик Эркинбек Байтурешевга имкониятни бой бериб қўйди.Учинчи ўрин учун кечган баҳсларда Сайматов италиялик Анджело Кресензони мағлуб этди.

Маълумот учун, аҳамияти бўйича Премьер-Лига мусобақаларидан кейин иккинчи ўринда турувчи А серия туркумига кирадиган халқаро мусобақа жорий йил 4 босқичда ўтказилиши режалаштирилган. Иккинчиси Истанбулда уюштирилган ушбу нуфузли мусобақанинг дастлабкисига Зальцбург (Австрия) мезбонлик қилган. Кейинги босқичлар Монреаль (Канада, 21-23 июнь) ва Сантьяго (Чили, 20-22 сентябрь) шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1