1

Икки томонлама ҳамкорликнинг янги қирралари

СИЁСАТ 20.05.2019, 20:49
Икки томонлама ҳамкорликнинг янги қирралари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 20 май куни мамлакатимизга келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Словакия Республикаси ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Словакия Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, хусусан, парламентлараро алоқалар, Ўзбекистон ва ЕХҲТ муносабатлари юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта салоҳиятга эга. Бунда қонун ижодкорлиги фаолиятини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.

Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонда туб ўзгаришларни амалга оширишни кўзда тутадиган Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Ҳозирги кунда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясида Ўзбекистоннинг доимий делегацияси фаолият кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, қонун ижодкорлиги, парламентаризм соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бермоқда.

Мамлакатимизда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу офис ўз лойиҳалари орқали мамлакатимизда хавфсизлик, иқтисодий-ижтимоий ва экологик муассасаларнинг институционал имкониятларини кенгайтиришга техник кўмак кўрсатмоқда. 2007 – 2017 йилларда умумий қиймати 12 миллион евродан зиёд 150 дан ортиқ ана шундай лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда 20 та лойиҳа ҳаётга жорий этилмоқда.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон – Словакия ва Ўзбекистон – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шаклидаги ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёр эканини билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1