Ўзбекистонда "Жеймс Бонд" фильми қачон суратга олинади?

МАДАНИЯТ 08.05.2019, 18:09
Ўзбекистонда "Жеймс Бонд" фильми қачон суратга олинади?

Дунёдаги энг машҳур кинофраншизанинг навбатдаги фильми “Джеймс Бонд 25” суратга олинишига оид режаларини эълон қилди. Унда актёрлар таркиби ва синопсис билан биргаликда фильм қаерларда суратга олиниши ҳақида ҳам маълумотлар бор. Унга кўра Ямайка, Норвегия, Италия ва Буюк Британия бўлажак фильмга локациялар сифатида танлаб олинган.

Шу кунгача Бонд ҳақидаги киноасарлар Австрия, Швейцария, Туркия, Баҳама ороллари, Ҳиндистон, Исландия, Таиланд каби табиати ёки/ва меъморчилиги жиҳатдан жозибали мамлакатларда ҳикоя қилинган.Бу давлатлар ичида
“007: Спектр” суратга олиш жараёнларига мезбонлик қилган Марокашҳам бор.

Хўш, Ўзбекистоншаҳарлари қачон Бонд каби фильмлар учун локация сифатида танлаб олинади? Келинг, бу саволга жавоб беришдан аввал қуйидаги учта саволга жавоб топайлик.

1. Бонд каби фильмларнинг бизда олинишидан нима наф?

“Travel Сompetitive Intelligence” маркетинг тадқиқотларига кўра дунё бўйлаб
40 миллион сайёҳ кўрган фильмларидан илҳомланиб, саёҳат манзилини танлайди. 2015-2017 йилларда дунё бўйлаб киносайёҳлар сони 80 миллиондан ошган бўлиб, уларнинг аксариятиРоссия, Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари ҳисобланади.

“Гарри Поттер” фильмларида намойиш этилган масканларга келадиган сайёҳлар сони, ушбу киноасар дунё томошабинлари этиборига ҳавола этилгач, ўртача
50 фоиз, “Троя” фильмидан кейин Туркиянинг Чаноққаласига келадиган туристлар оқими 73 фоиз, “Довюрак” (Braveheart)да намоён бўлган Шотландиянинг Уоллес монументи зиёратчилари адади300 фоиз (!) ошган.

Энди, ўзингиз тасаввур қилинг, дунёнинг турли нуқталаридаги томошабинлар “Джеймс Бонд”, “Бажариб бўлмас топшириқ” ёки “Форсаж” каби давомли ҳикояларга эга франшиза фильмларидан бирини томоша қилаяпти, у ерда эса “Samarkand, Uzbekistan” деган титр билан Регистон майдони ёки бошқа обидалар чиқиб келса... Албатта, бу туристлар оқимини кескин оширишгаҳамда мамлакатбрэндини ривожлантиришгаўз ҳиссасини қўшмай қўймайди.

Бошқа томондан чет эл кинокомпаниялари Ўзбекистонга фильм олиш учун келиши улар маҳаллий киносаноат вакиллари, мутахассислар ва тадбиркорлар хизматидан фойдаланади дегани. Иқтисодиётнинг барча секторларига ҳисса қўшилиши нуқтаи назардан хорижий киноларнинг бизда олинишинибир қанча миллионлик валютадаги тўғридан-тўғриинвестицияга тенглаштириш мумкин.

Голливуд ёки Европа кинокомпаниялари Ўзбекистон ҳудудида фильм яратиши маҳаллий киноиндустрия учун катта мактаб бўлади. Соҳага янги тенденциялар кириб келиб, стандартлар юқорилашига туртки бўлади.

2. Ўзбекистон бундай фильмларга локация бўлиш учун қанчалик муносиб номзод?

Географик жойлашуви туфайли Ўзбекистон бой ва хилма-хил табиатга эга.
Бир мамлакатда ҳам тоғлар, ҳам дарёю ўрмону дала-даштлар, ҳам бепоён чўлларни учратиш кинопродюсерлар учун иқтисодий жиҳатдан ҳам манфаатли ва жозибали кўриниши мумкин.

Тарихий шаҳарларимиз, меъморий обидаримизу қадимий цивилизация қолдиклари турли киновоқеаларга мезбон бўлишга лойиқ. Айниқса, улар ўтган йиллар давомида катта фильмларда акс этмаган, таъбири жоиз бўлса, улар йирик продакшн компаниялари учун “яширинган жавоҳир” кабидир.

Кинопродюсерлар бизнесмен сифатида иложи борича чиқиш кам, кирим эса кўп бўлсин дейди. Чиқимлар камлиги, маҳаллий нархларнинг юқори эмаслиги Ўзбекистонни янада мафтункор қилади. Йил давомида қуёшли кунларнинг кўплиги, кунларнинг эса узунлиги табиатда суратга олиш учун идеал шарт-шароит ҳисобланади. Ахир, ёмғир ёғиб қолиши ёки қуёш эрта ботгани учун ёруғлик йўқолиб қолиши киночиларга оз-мунчага тушмайди.

Хуллас, Ўзбекистон кино олиш учун манзил сифатида чакана вариант эмас. Шунчаки уни муносиб тақдим қилиш, инфраструктурани паралелл равишда аста-секин яхшилаш ва кинотуризм йўналишини комплекс равишда кенг қўллаб-қувватлаб, халқаро миқёсда тадбиқ этилаётган имтиёзларни жорий этиш ҳамда суратга олиш билан боғлиқ кўплаб чекловларни кескин қисқартириш энг долзарб муаммолардан биридир. Балки шунинг учун ҳам ўтган йиллар мобайнида Жеймс Бонднинг “тиши” Ўзбекистонга ўтмагандир?!

3. Ўзбекистонни дунё киноижодкорлари орасида қандай тарғиб қилиш мумкин/керак?

Албатта, кинотуризмни ривожлантириш учун энг аввало шу соҳа бўйича стратегия ва тизим ишлаб чиқилиши керак. Дунё бўйича хориж киноижодкорларини бирор мамлакатга жалб қилиш бўйича кинокомиссиялар шуғулланади. Ўтган йили мамлакат раҳбарининг махсус қарорига мувофиқ Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистонда шундай кинокомиссия ташкил топди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 24 июлидаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3880-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташкил этилган.

Ушбу ташкилот маҳаллий киносаноат вакиллари ҳамда хорижий кинокомпаниялар ўртасида воситачи, хорижлик ижодкорларга локация танлашдан тортиб мутахассислар излашгача маслаҳат ва амалий кўмак бериш вазифасини ўзига олди. Албатта, бугун энг катта вазифалардан бири бўлиб аввало ўша компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш турибди.

Шу кунларда эса дунё киносаноати учун энг йирик воқелик Халқаро 72-Канн фестивалидоирасида “Ўзбекистон Миллий павилиони”ни ташкил қилиш ишларига тараддуд кўрилмоқда. Канн фестивали нафақат киносанъати дурдоналарини намойиш этиш учун, балки (аслида кўпроқ ҳам) кино индустрияси иштирокчилари учун B2B музокаралар майдончасидир.

Мазкур Ўзбекистон павильонида мамлакат кинотуризмининг имкониятларини дунё миқёсида муносиб намоён этиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томониданюқори сифатли турли реклама маҳсулотлар тайёрланган.
Бу ўз ўрнида, Ўзбекистон кинолокацияларида халқаро миқёсдаги фильмлар олинишига йирик кинокомпаниялар, киноижодкорлар ва машхур актерлар билан келишувлар имзоланиши, ҳамда Ўзбекистон номини кино олами сарлавҳаларида катта битиклар билан ёзиб қўйиш имкониятини яратади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1