Шавкат Мирзиёев: Фарғоналиклар меҳнат қилишни билади

СИЁСАТ 07.05.2019, 11:29
Шавкат Мирзиёев: Фарғоналиклар меҳнат қилишни билади

Президентимиз Фарғона туманидаги “Комилжон ота Мамажонов” фермер хўжалигида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, аграр соҳани ривожлантиришда илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспортини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир.

2005 йили ташкил этилган “Комилжон ота Мамажонов” фермер хўжалиги 72 гектарда деҳқончилик қилади. Қишлоқ хўжалигида яратилаётган имкониятлар, фермер хўжаликларини ёнилғи-мойлаш материаллари, маблағ ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизими изчил йўлга қўйилаётгани самарасида жорий йилда 31 гектар ғалладан 70 центнердан ҳосил олиш ва 135 миллион соф фойда кўриш кўзда тутилган. Шунда давлат шартнома режаси 110 фоизга бажарилади, фермер ихтиёрида 80 тонна дон қолади. Бундан хўжаликда меҳнат қилаётган 20 нафардан ортиқ ишчилар ҳам манфаатдор. Бундан ташқари, хўжаликда 7 гектар узумзор, 14 гектар боғ ташкил этилган. 9 гектарда чорва учун озуқа экинлари, 11 гектарда эса сабзавотлар экилиб, парваришланмоқда.

Фермер хўжалиги аъзолари ғалладан бўшаган 31 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экишни режалаштирган. Бу эса яна кўплаб ёшларни мавсумий иш билан таъминлаш имкониятини беради. Етиштириладиган маҳсулотнинг харидори ҳам бор, сабаби хўжалик экспортёр корхона билан 20 тонна ташқи ҳамда 45 тонна ички бозорга мош сотиш бўйича шартнома тузган. Бундан эса 130 миллион фойда кўриш ниятида.

Шунингдек, хўжалик фаолиятини кенгайтириш, даромадини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этишни мақсад қилган. Бунинг учун тижорат банкидан 1,8 миллион доллар кредит олинади ва 5 гектар майдондан лимончилик ташкил этилади.

Деҳқончилик қилишда қишлоқ хўжалиги техникаларининг ҳам ўрни катта. Фермер хўжалиги ҳисобидаги “Кейс”, “Класс Доминатор” дон ўриш комбайнлари, “Орион” ҳайдов трактори, боғ қатор орасига ишлов берувчи мини трактор, экскаватор каби техника ва агрегатлар ер умумдорлиги, иш самарадорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ғаллазор ва узумзорни кўздан кечирди. Вилоят фермерлари билан мулоқот қилди. Жорий йилда сувдан омилкорлик билан, тежаб фойдаланиш, далаларга такрорий экинларни тўғри жойлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш, уруғ сифатини яхшилаш бўйича долзарб вазифалар турганини таъкидлаб, мутасаддиларга бу борада зарур топшириқлар берди.

-Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Фарғонада ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун самарали ҳаракат қилиш, одамларда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида, Президентимизга Фарғона вилоятида 2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, иссиқхона, мева-сабзавотчилик ривожлантириш, пахтачилик кластерлари, логистика маркази ташкил этиш, совутгичли омборхоналар қуриш каби 493 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар амалга ошса, 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Қува ҳамда Олтиариқ туманларида мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш, вилоятда 2019-2020 йилларда давлат хусусий шерикчилик асосида 2 минг гектар майдонда боғ ва токзорлар барпо этиш, Олтиариқ туманидаги “Агро макс долина” корхонаси томонидан гўшт етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш, Қўқон шаҳридаги “Kokand milk quality” МЧЖ томонидан сутни қайта ишлашни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳалари, вилоятда жорий йилда инновацион ютуқларни амалиётга жорий этган ҳолда ветеринария хизматини ривожлантириш, Фарғона шаҳрида “UZ-SEGANG” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт логистика маркази ташкил этиш, Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш “Фаза-2” лойиҳаси, паррандачилик ва туяқушчиликни, 2019-2020 йилларда чорвачилик ва наслчилик ишларини ривожлантириш ва аҳоли даромадлари ошириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Хусусан, вилоятда 2019-2020 йилларда давлат хусусий шерикчилик асосида 2 минг гектар майдонда боғ ва токзорлар барпо этилади. 2019 йилда Қува тумани ва Қувасой шаҳрида 300 гектар гилосзор, Олтиариқ ҳамда Ўзбекистон туманларида 200 гектар ўрикзор ва узумзор ташкил этилади. 2020 йилда қўшимча 1500 гектар майдонда боғ барпо этилади. Бунинг 38,6 миллион доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Қўқон шаҳридаги “Kokand milk quality” МЧЖ томонидан сутни қайта ишлашни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Ушбу лойиҳа Агробанк томонидан 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилади. 120 иш ўрни яратилади.

Шунингдек, вилоят озиқ-овқат саноатида 2019-2020 йилларда 703,4 миллиард маблағ эвазига 81 та лойиҳа амалга оширилади. Бир минг беш юздан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.

1.jpg

2.jpg

3.jpg

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1