Қади сарви уза зулфи каманде...

МУТОЛАА 25.04.2019, 11:56
 Қади сарви уза зулфи каманде...

Ёхуд Ҳофиз Хоразмий қаламига мансуб бу ғазалнинг шимолий музликларга нима алоқаси бор?

Албатта, Жаҳонгир Отажоновнинг мазкур қўшиғи сўзларининг муаллифи ҳақида унга жўр бўлиб куйлаётган тингловчиларнинг ўндан бири ҳам етарлича маълумотга эга бўлмаса керак. Чунки, интернет тармоқларида тарқалиб кетган видеолавҳаларда ҳам клип ижодкорлари ҳақида маълумотлар бўлса-да, шеър муаллифи эсга олинмаган.

...1870 йилда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳри Саларжанг музейидан антиқа қўлёзма – XV асрга мансуб девон топилади. Ундаги шеърлар туркий тилда битилган бўлиб, уларда Ҳофиз тахаллуси қўлланган эди. Мутахассисларнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида 34 мингдан ортиқ шеърий байтларни ўз ичига олган девонXIV-XV асрларда яшаб ўтган ўзбек шоири Ҳофиз Хоразмийга тегишли экани маълум бўлди.

Изланишларга кўра, бу шоир аслида Хоразмда туғилган, кейинчалик темурийлар ҳукмронлиги остида бўлган Шерозга кўчиб ўтган, умрининг охиригача шу ерда яшаган.

У форс адабиётининг буюк намояндаси Ҳофиз Шерозий шеъриятига катта ихлос қўйган, шу боис, ўзига ҳам шу тахаллусни танлаган эди.

Ҳофизни кўрунг ушбу замон турк тилида,

Гар келди эса, Форсда ул Ҳофизи Шероз

- мисралари ҳам шоирнинг туркий тилда Ҳофиз Шерозий даражасида ижод қилишни ўз олдига мақсад қилгани кўринади.

Ғазал нима ҳақда?

Кейилинг энди машҳур хит-қўшиққа асос бўлган ғазалнинг байтларини шарҳлашга кучимиз ва идрокимиз етганча уриниб кўрайлик:

Қади сарви уза зулфи каманде

Чу солди, бўлди жонға пойбанде.

Маъшуқа (ёр) нинг сарвдан тик қомати устидаги сочи – зулфи каманд (овчилар ишлатадиган узун арқон) солганида, жоним худди оёғидан тўрга илинган ўлжадек асир бўлди.

Етишмас хоки посиға анинг сарв,

Агарчи чекди бас қадди баланде.

Ҳатто сарв бўйи ҳар қанча баланд бўлса-да, унинг хоки пойига – оёғи остидаги тупроққа ҳам ета олмайди.

Юзи устиндаги ул донаи хол,

Ёнар ўт узра эрур чун сипанде.

Чўғдек ловуллаб турган юзи устидаги қора холи худди олов устига ташланган сипанд (ҳазорсипанд, адрасмон ҳам дейилади) – исириқ тухумига ўхшайди.

Шакар гуфторлар бордур, валекин,

Анингтек йўқтурур бир нўшханде.

Шакардек ширин гапирадиганлар кўп, лекин худди Унингдек кулгуси жонга ором берадигани йўқ.

Сўзию кўзию ширин дудоғи,

Эрур шаккар, тақи бодому қанде.

Сўзи, кўзи ва лаби шакар, бодом ва қандга ўхшайди. Бу ўринда мумтоз адабиётдаги лафф ва нашр (йиғиш ва ёйиш) бадиий санъати қўлланган. Яъни биринчи мисрада Ёрнинг сўзи, кўзи ва дудоғи тилга олинган бўлса, иккинчисида уларга ўхшатилган шакар, бодом ва қанд ташбеҳлари келтирилади.

Ғариб эрмас, писанд этмаса мени,

Чун андоғ йўқ жаҳонда худписанде.

Агар у мени писанд қилмаса, буни ажабланадиган жойи йўқ. чунки, жаҳонда ҳеч кимунингдек такаббур эмас.

Эшигинда бу Ҳофиздек кўрунмас,

Ғарибе, хаста мискин дардманде.

Унинг эшигида бу Ҳофиз (яъни муаллиф)дек ғариб, фақир ва дардманд одам бўлмаса керак. Эътибор қилинса, бундан олдинги мисрадан ғариб сўзи ажабланарли маъносида келган бўлса, кейинги мисрада ғариб, бечора сингари маъноларни беради.

Ғазал бир қарашда ошиқона мазмунга эга бўлиб кўринса-да, унда иккиламчи тасаввуфий маъно, яъни банданинг Яратганга бўлган илоҳий ишқи ҳам акс этади.

Қўшиқ қандай куйланган?

Хонанда Жаҳонги ижросидаги “Қаддаи баланд” қўшиғи кўпчилик мухлисларни мумтоз адабиётимизнинг кўпчилик умрида эшитмаган ғазал билан қисман бўлса-да таништира олди. Шу ўринда савол туғилади: , қўшиқ ижроси, унга ишланган клип ғазал мазмунига тўғри келармикин? Аммо, қўшиқ ижроси, унга ишланган клип ғазал мазмуни қанчалик моқ тушади?

Аввало, мазкур қўшиқда Ҳофиз ғазалининг фақат уч байти ишлатилган холос. Хонанда “зулфи каманде” сўзини талаффуз қиларкан, негадир клипда ўқ-ёй тасвири намоён бўлади. Ҳолбуки, камон ва каманд мутлақо бошқа-бошқа нарсалар. Қоларверса, бадиий адабиётда ёрнинг зулфи эмас, қошлари камонга ўхшатилади.

Очиғини айтганда, клипдаги манзаралар – “лирик қаҳрамон”нингАрктикамузликлари оралаб кемада сузиши, қимматбаҳо автомашиналардаги саёҳати, катта йўлнинг қоқ ўртасида тўхтаб, рақс тушиши, дискотекадаги кўнгилхушликлар билан Ҳофиз Хоразмий ғазали мазмунини боғлаш осон бўлмаса керак. Шунингдек, қўшиқдаги “чув-чув”, “вой-бў”, “шов-шув” сўзлари ҳам ғазалнинг таркибию моҳиятига бегона.

Тўғри, ушбу қўшиқнинг ёшларнинг қалбига етиб бора оладиган оҳангда, услубда куйланишини унинг ютуғи дейиш мумкин. Ҳар қалай умрида мумтоз адабиётни қўлига олмаган йигит-қизлар икки-уч мисра бўлса-да, буюк шоиримиз Ҳофиз Хоразмийнинг ижодидан ёд олди-ку? (Унинг маъносини тушуниб етиш – бу энди бошқа масала!) . Лекин, барибир буюк боболаримиздан мерос қолган бадиий адабиёт дурдоналарига кўпроқ масъулият ва чуқурроқ ҳурмат билан ёндашилса, нур устига аъло нур бўларди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1