1

Канн Халқаро кинофестивалида иккинчи маротаба «Uzbekistan» миллий павильони ташкил этилади

МАДАНИЯТ 08.04.2019, 13:02
Канн Халқаро кинофестивалида  иккинчи маротаба «Uzbekistan» миллий павильони ташкил этилади

«Uzbekistan» миллий павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Бу борада Ўзбекистон миллий кинокомиссияси Канн кинофестивали дирекцияси билан тегишли шартнома имзолаган бўлиб, ҳозирги кунда миллий павильонни ташкил қилиш билан боғлиқ ташкилий жараён олиб борилмоқда.

Ушбу нуфузли кинотадбир давомида бетакрор юртимизнинг кинотуризм салоҳияти ва қулай кинолокациясини тарғиб қилиш, таниқли кинокомпанияларни мамлакатимизга ўз фильмларини суратга олиш учун таклиф қилиш, PROlogue V Халқаро кинофестивалининг тақдимоти, жаҳон киносаноати вакиллари билан Ўзбекистон иштирокида қўшма кинолойиҳалар бўйича келишувларга эришиш ҳамда миллий фильмларимиз тарғиботи режалаштирилган.

72-Канн Халқаро кинофестивали 2019 йилнинг 14-25 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет бульваридаги Фестиваллар ва конгресслар саройида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг илк миллий павильони ёш киноижодкорлар томонидан 2018 йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Кинематографияни ривожлантириш маркази ташабусси билан ташкил қилинган эди. Жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган Берлин Халқаро кинофестивали (Берлинале) доирасидаги кинобозорда ҳам илк маротаба иштирок этилиб, кўплаб ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1