1

Термизда Бахшичилик санъати фестивалининг расмий очилишига оз қолди

МАДАНИЯТ 06.04.2019, 15:33
Термизда Бахшичилик санъати фестивалининг расмий очилишига оз қолди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилаётган мазкур фестивалда бир қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек, 76 давлатдан юздан ортиқ ижрочилар, мутахассис ва олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Бугун мазкур фестивал доирасида Термиз шаҳрида “Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман ўтказилмоқда. Унда жаҳоннинг турли мамлакатларидан халқ оғзаки ижоди, хусусан бахшичилик, оқин ва жировлар, ошиқ ва озандар санъати билан шуғулланувчи олимлар иштирок этмоқда.


Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикасаи маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев юртимизда ўзбек халқининг бой маданий меросини ўрганиш, ривожлантириш ва тарғиб этиш борасида катта ишлар амалга оширилаётгани, мазкур йирик фестивалнинг ўтказилишиданг мақсад нафақат ўзбек бахшичилиги, балки бу санъатнинг бутун дунёда тарқалган намуналарини сақлаб қолишда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.

Анжуманда жаҳон олимлари халқ достонлари, қўшиқ ва лапарларидаги муштарак жиҳатлар, уларни ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида, шунинг ўз халқларининг достончилик анъаналари ҳақида сўз юритдилар.

Биз анжуман иштирокчиларидан баъзиларини суҳбатга тортдик.

Зеки Эрдали, туркиялик бахши (озан):

–Мен дунёнинг турли давлатларига бориб, турк бахшичилиги намуналарини ижро этиб келаман. Ўзбекистонга биринчи келишим. Лекин ҳали дунёнинг бирор мамлакатида бахшиларга бу қадар катта эътибор қаратилганини кўрмаганман. Мен ушбу анжуман ташкилотчиларидан, хусусан Ўзбекистон ҳукуматидан миннатдорман. Ўз юртимга борсам, мен ҳам шу соҳа мутасаддиларидан илтимос қиламан. Бизда ҳам шундай бахшилар анжуманини ташкил этишларини сўрайман. Мен ўзбекистонлик бахши дўстларимни ҳам Туркияда кўришни орзу қиламан.

Акбар Қўшали, Озарбойжон Отатурк маркази бўлим бошлиғи, шоир-публицист:

–Ўзбек ва озарбойжон достонлари битта илдизга эга. Ўзбек халқи ҳамиша озар қардошларига елкадош бўлиб келган. Ўзбек достончилиги жуда қадим тарихга эга. Бугунги тадбирда ҳам юртимиздан икки нафар олим, беш нафар бахши ва халқ қўшиқлари ижрочилари иштирок этмоқда. Мен ушбу анжуманда Озарбойжон достончилик мактаби ҳақида маърузам билан қатнашяпман. Бугунги фестивал туркий халқлар ҳаётида янги саҳифа очишига ишонаман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1