1

Термиз халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёр

МАДАНИЯТ 05.04.2019, 11:27
Термиз халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёр

5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелиги остида Биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилаётган мазкур фестивалда ЮНЕСКО ҳамда АЙСЕСКО сингари халқаро ташкилотлар, шунингдек, 76 давлатдан юздан ортиқ ижрочилар, мутахассис ва олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.

Айни пайтда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахшилар, фольклор жамоалари, эл таниган санъаткорлар ўз санъатларини намойиш этадилар. Фурсатдан фойдаланиб, анжуман иштирокчиларидан айримларини суҳбатга тортдик.

– Юртимизда илк бор халқаро бахшичилик санъати анжумани ўтаётгани менинг ҳаётимдаги энг муҳим ҳодисалардан бири бўлди, - дейди Ўзбекистон Халқ бахшиси, сурхондарёлик Қора бахши Умиров. – Етти авлодим бахши ўтган. Ота-боболарим ўнлаб достонларни ёддан билишган. Мен ҳам 40 достонни биламан. Умримнинг катта қисми совет тузуми йилларида ўтди. Қанча-қанча бахшилар таъқиб қилингани, ҳатто қатл этилганига гувоҳ бўлдим. Мен ҳам бахши бўлганим учун партиядан ўчиришди. Мактабда директор бўлиб ишлардим, ишдан бўшатишди. Яратганга шукур, бахтли кунларни кўриш пешонамизда ёзилган экан. Мустақиллик йилларида биз – бахшиларнинг ҳам кўксига кун тегди. Халқ башиси унвони жорий қилинди. Президентимизнинг ташаббуси билан Сурхон элида дунё бахшиларининг анжумани ўтказилаётгани халқимизнинг маданий ҳаётида ҳам катта воқеа бўлади.

–Достонлар ҳар бир халқ донишмандлигининг бебаҳо бойлиги саналади, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов. – Биргина “Гўрўғли” достонини олайлик. Бу достон нафақат қўшни ўлкаларда, балки Ҳиндистонда ҳам, Афғонистонда ҳам, Грузия, Озарбойжон, Арманистон сингари давлатларда ҳам куйланади. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам унинг бир қатор талқинлари бор. Масалан бу достонда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқандда бошқача куйланади. Хоразмда ҳам уни зига хос талқинда ижро этишади. Мазкур анжуман Шарқ халқларининг асрий анъаналарини ўрганиш, шу жумладан ўзбек халқ озаки ижодини тарғиб этишда ҳам катта қадам бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1