Клопп яна “Бавария”ни ранжитди, Месси эса тўпурарга айланди

СПОРТ 14.03.2019, 13:00
Клопп яна “Бавария”ни ранжитди, Месси эса тўпурарга айланди

Кеча тунда УЕФА Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан ўрин олган яна иккита учрашув ўтказилиб, барча чорак финалчилар аниқланди.

Тан олиш керак, “Барселона” – “Лион” қарама-қаршилигида Каталония жамоасининг ғалаба қозониш имконияти юқори баҳоланаётган эди, гарчи ЧЛнинг сўнгги ўйинларида камбэклар қайд этилиши тобора одатий ҳолга айланиб бораётган бўлса-да. Бироқ, Мюнхендаги “Альянц Арена” стадионида ўтадиган “Бавария” – “Ливерпуль” тўқнашувидан кўп нарсани кутиш мумкин эди ва амалда шундай бўлди ҳам.

Англияда нурсиз дуранг қайд этган мюнхенликларнинг жавоб ўйинида имконияти ҳийла юқори баҳоланаётган эди. Боз устига “Бавария” сўнгги пайтларда тобора спорт формасига кириб бораётган ҳамда Германия чемпионатида ҳам пешқадамликни дортмундликлардан тортиб олганди. Бироқ, Юрген Клопп айнан “Боруссия” (Дортмунд) устози сифатида мюнхенликларни кўп бора ранжитганини кеча яна эслаб қолди ва “Альянц Арена”дан ғалаба билан қайтди.

Маненинг дубли ҳамда ван Дейк томонидан киритилган голлар “Ливерпуль” жамоасига 3-1 ҳисобида ғалаба келтирди. “Бавария”нинг ягона жавоб голи ҳам меҳмонлар вакили ҳисобига ёзилди, “мерсисайдликлар” ҳимоячиси Жоэль Матип кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Шу тариқа АПЛнинг сўнгги вакили ҳам ЧЛ чорак финалига йўл олди.

“Ноу Камп” стадионида кечган “Барселона” – “Лион” учрашуви кутилганидек Месси ва унинг жамоадошларига бағишланди. Бутун ўйин давомида ташаббусни қўлдан бермаган майдон эгалари французлар дарвозасини нақд беш марта ишғол қилди: “Барселона” – “Лион” – 5:1. Ана шу голлардан иккитасига айнан Месси муаллифлик қилди ва бу билан у жорий йилги ЧЛда урган голлари сонини 8тага етказиб олди. Бу борада Лео “Бавария” тўпурари Роберт Левандовскига тенглашди, энди ҳар икки ҳужумчи ҳисобида 8тадан гол мавжуд. Фақат, “Бавария” вакили учун мусобақа тугаганлигини инобатга олсак, Мессида мусобақа тўпурарига айланиш учун ажойиб имконият ҳосил бўлди.

ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1