1

Самвел Бабаян "Локомотив" клубида иш бошлади

СПОРТ 26.02.2019, 20:07
Самвел Бабаян "Локомотив" клубида иш бошлади

Ўзбек футболидаги таниқли мутахассислардан бири Самвел Бабаян “Локомотив” футбол клубида фаолият олиб боради. У темирйўлчилар футбол клуби президенти маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Самвел Бабаян асосан “Пахтакор” футбол клубидаги узоқ йиллик фаолияти орқали футбол жамоатчилигига танилган. Унинг бой тажрибаси ҳамда ўзбек футболидаги самарали меҳнатини инобатга олган ҳолда “Локомотив” профессионал футбол клуби Бабаянни ишга таклиф қилди.

Самвел Бабаян “Пахтакор”даги фаолияти давомида кўплаб ютуқларни қўлга киритган. У раҳбарлик қилган йилларда “шерлар” 9 маротаба мамлакат чемпиони ҳамда 8 карра Ўзбекистон кубоги ғолиби бўлган. Бундан ташқари “Пахтакор”нинг икки бора (2002/2003 ва 2004 йиллар) Осиё чемпионлар лигаси ярим финалига етиб боришида, 2002 йилги мавсум якунларига кўра “Осиёнинг энг яхши клуби”, деб топилишида, шунингдек 2007 йилги МДҲ кубогида ғолиб чиқишида ҳам ушбу мутахассиснинг ҳиссаси катта.

Бундан ташқари Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ҳам ишлаган. Шунингдек, Самвел Вячеславович турли йилларда Ўзбекистон Олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига “Пахтакор” клуби менежери сифатида 200га яқин футболчиларни тарбиялаб берган. Яна қўшимча қилиш жоиз, Самвел Бабаян ўзбек футболига қўшган ҳиссаси туфайли икки бор Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши мураббийи”, деб топилган.

Ушбу мутахассиснинг катта тажрибаси эндиликда “Локомотив” футбол клубини ҳам янги босқичга олиб чиқишда қўл келиши мумкин. Самвел Бабаян зиммасига клуб томонидан қуйидаги вазифалар юкланган:

1. Клуб инфратузилмасини кўтариш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш;

2. “Локомотив” болалар ва ўсмирлар футбол мактабини ривожлантириш ва замонавий фаолият юритишини йўлга қўйиш;

3. Клуб материал-техник базасини янада шакллантириш ҳамда бунинг учун керакли барча чора-тадбирларни амалга ошириш.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Бабаян Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан умрбод футболдан четлатилган эди. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, ЎФА Бабаянни кечирибдида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1