1

​Гўштдан заҳарланмай десангиз...

СУҒДИЁНА 17.02.2019, 20:59
​Гўштдан заҳарланмай десангиз...

Ўзбек таомларини гўштсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни вақтда гўшт борасида эҳтиёткор бўлиш кераклигини кўпчилик билади. Шу сабаб уни яхшилаб пиширишга ҳаракат қилинади. Ҳатто ошхона-ю ресторанларда ҳам «Гўшти яхши пишганмикан», деб сўраш биз учун одатий ҳолга айланган.

Хўш, бу ҳадикларимиз асослими? Яхши пишмаган гўшт нимаси билан хавфли? Бу борада Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси инфекционисти, олий тоифали шифокор, Сойибжон Солиев тавсияларини ҳавола этамиз.

Эҳтиёт бўлинг инфекция!

Сифатсиз ёки яхши пишмаган гўшт ичак таёқчаси сабабли келиб чиқадиган инфекцияга йўл очади. Бу инфекция йирик шохли мол, эчки ёки қўй ичагида яшайди, шунингдек, одамларда ҳам. Улар шартли-патоген бактерия ҳисобланади, яъни маълум бир шароитдагина зарарли таъсири намоён бўлади. Борди-ю, инфекцияга сабаб бўладиган микроб мол сўйилганда ичакдан гўштга тушган бўлса ва бу гўшт керакли шароитда сақланмаса, нотўғри пиширилса, бактерия одам организмига кириб олади. Натижада ичак хасталиклари бошланади. Ич кетиши, баъзан ахлатнинг қон аралаш келиши, қориннинг кучли оғриши, тана ҳароратининг кўтарилиши ва кўнгил айниб, қайт қилиш юзага келиши мумкин. Бундай ичак таёқчалари, айниқса, болалар учун хавфлидир.

Бу инфекциялар кўпинча мол гўшти ва қиймаси, сут маҳсулотларида бўлгани учун уларни пиширмай татиб кўриш мумкин эмас. Масалан, баъзилар қийманинг тузини билиш учун еб кўришади ёки сутни хомлигича ичиш одати бор. Мана шундай пайтда инфекция киши организмга ўтиб олади.

Кучсизларни танловчи бактерия

Листерия бактерияси ташқи муҳитда кўп бўлиб, сув ва ердан макон топган. Айниқса, жониворлар ўтлайдиган ерларда, яъни уларнинг ахлати бўлган жойларда кўп бўлади. Бу бактерия жониворнинг ўзига зарар қилмайди, аммо гўшти ва сутини зарарлантиради. Зарарланган маҳсулотлар пиширилганда листерия ҳалок бўлади. Аммо пишириш ва сақланиш технологияси бузилган бўлса, ундан зарарланиш эҳтимоли ортади.

Инфекция юққанда, одамнинг кўнгли айниб, ичи кетади, мушаклари оғрийди, баъзан асаб тизимида ҳам салбий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Шу сабабли бош оғриғи, тиришиш аломатлар кузатилади.

Ҳаёт учун хавфли

Сальмонеллёз кўпинча нотўғри пиширилган ва узоқ сақланган гўштли таомда учрайди. У одамга юққач, кучли ич кетиши, умумий аҳволнинг ёмонлашиши, қалтираш, қайт қилиш, ҳушни йўқотиш, алахсираш каби белгилар бошланади. Бундай вазиятларда тиббий ёрдам зарур. Заҳарланганликнинг илк аломатлари сифатсиз гўшт ейилгандан кейин 12 соатдан 2-3 суткагача бўлган вақтда сезилади.

Олдини олиш йўллари

Гўштни ишончли дўкондан харид қилиш ва яхшилаб пишириш керак. Шунингдек, яхши пишмаган гўштни истеъмол қилмаслик зарур. Бунинг учун гўшт сифати ва пиширилишига эътиборли бўлиш керак.

Қанча вақт сақлаш мумкин?

Йирик мол (қора мол, қўй) гўштини музлатилган ҳолатда 4 ойдан бир йилгача сақлаш мумкин.

Парранда гўшти сифатини тез йўқотади. Уни музхонада 1 йилгача сақлаш мумкин. Лекин 8-9 ойда маҳсулот таъми ўзгаради. Бўлинган парранда гўштини музхонада 8 ойгача сақлашингиз мумкин.

Қиймани музхонада сақлаш борасида аниқ муддат белгиланмаган. Чунки бу маҳсулот тез айниб қолади. У яхши музлаган ҳолда 4 ой сифатини йўқотмайди.

Совитгичда эса гўштни 2 суткадан ошиқ сақламаган маъқул.

Чироқ ўчиб қолса...

Борди-ю, электр токи 2-3 соатга ўчган бўлса, гўштга зиён етмайди. Негаки, ҳарорат жуда ҳам исиб улгурмайди. Агар бир сутка давомида чироқ бўлмаса, гўштни олиб, устини сирка ёки лимон кислотаси билан артиб, ҳарорати 20 даражадан ошмайдиган жойга қўйинг. Шу ҳолатда гўштни 10 соатгача сақлаш мумкин.

Сақланиш вақтидан ўтиб кетган музлатилган гўштни ишлатиш ниятида бўлсангиз, уни 2 соатдан ортиқ вақт давомида қайнатиш лозим. Шунда ҳам гўштнинг сақланиш муддати кўп ўтмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, гўшт яроқсиз ҳисобланади.

Тахтакач алоҳида бўлсин!

Гўшт учун, албатта, алоҳида тахтакач ажратинг. Негаки, тахтани қанча ювманг, унинг орасига гўшт қолдиғи кириб қолиб, чиқмаслиги, бактериялар пайдо бўлиши табиий. Агар унда салатлар учун сабзавотлар, нон ёки пиширилмай ейдиган бошқа маҳсулотларни кессангиз, микроблар улар орқали организмга тушиб олади. Шу сабаб, ҳар эҳтимолга қарши гўшт-тахта алоҳида бўлгани маъқул.

Камола Шарофзода тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1