Муҳаммадали Абдуқундузов: Бобурни ҳаётимда ўзим учун ўрнак деб билганман

МАДАНИЯТ 14.02.2019, 23:33
Муҳаммадали Абдуқундузов: Бобурни ҳаётимда ўзим учун ўрнак деб билганман

Бобур Мирзо ҳақида гап кетганда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов­нинг «Бобур» видеофильмида яратган сиймоси кўз ўнгимизда гавдаланади. 14 февраль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан шоҳ ва шоир тимсолини ёрқин ва ишончли талқин қила олган актёр­нинг қалб кечинмалари, видеофильм хусусидаги фикрлари.

Чойхонада туғилган орзу

Фарғона вилояти Ўзбекистон тума­нининг Яйпан қишлоғида туғилган­ман. Бобом чойхоначи эди. Мен ҳам 6 ёшимдан чойхона ишларига жалб қилиндим. Санъатга муҳаббатим шу ерда пайдо бўлди. Чунки чойхонада мутолаалар, муҳокамалар бўларди, машҳур ҳофиз ва аскиячиларнинг чиқишлари намойиш этиларди. Бино деворларида эса Алишер Навоий, Заҳи­риддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий каби буюк мутафаккир аждодларимиз порт­ретлари осиғлиқ турарди. Мени ўша пайтлардаёқ Бобур сурати ўзига ром этди. Суратга узоқ термилиб қолардим. Ана шу суратдаги инсондек кийиниш, шундай бўлишни орзу қилардим. Энди ўйлаб қарасам, орадан ўттиз йил ўтиб, шу буюк сиймо, шоҳ ва шоир образини яратишимни бола қалбим сезган экан.

Санъат институтини та­момлаганимдан сўнг Сур­хондарё вилояти Термиз шаҳридаги мусиқали драма театрида ижодни бошла­дим. Ёз ойлари эди. Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи­да бир ҳамкасбим билан Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари асосидаги видеофильм учун актёрлар синовдан ўтаётгани ҳақида гапла­шиб қолдик. Дўстим Бо­бур ролига мос эканимни айтиб, «Авлиё инсон зиёратгоҳида турибмиз. Аллоҳ барча орзула­рингизни амалга оширсин!», дея дуо қилди. Бироқ ўша кунларда бу образ учун актёр тасдиқлаб бўлинган, баъзи сабабларга кўрагина, видео­фильмнинг тасвирга олиш ишлари тўхтаб турганди.

1987 йили Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаётган пайтларим. «Бобур» видеофильми учун қайтадан синов бошланди. Ўшанда Иззат Сул­тоннинг «Кундузсиз кечалар» спектак­лида икки шахс — Абдулла Қодирий ҳамда Отабек образини талқин қи­лаётган эдим. Режиссёрнинг тавсияси билан видеофильмда суратга тушиш учун синовга бордим. Буни қарангки, Бадиий кенгаш менинг номзодимни тасдиқлади. Тўғриси, аввалига бундай масъулиятдан қаттиқ қўрққанман. Чунки асарни халқимиз ўқиб чиққан ва уларнинг тасаввурида қаҳрамон гавда­ланиб бўлган эди. Мен эса ўша образни қайта жонлантиришим керак. Шукрки, юзим ёруғ бўлди.

Ўшанда ўзимдаги бор маҳоратни ишга солганман. Ҳаётим давомидаги амалга ошган энг эзгу ишим, давлати­миз, халқимиз томонидан ардоқлан­ганим, Халқ артисти унвонига лойиқ кўрилганим — барчаси Бобурдек бир зотнинг образини яратганим билан боғлиқ. Мана, йигирма тўққиз йилдан буён Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг энг яхши фазилатларини ҳаётда ўзим учун ўрнак деб биламан. Қолаверса, фарзандларимнинг комил инсон бўлиб шаклланишида берган оталик тарбиям­да ҳам Бобур сиймосидаги мардлик, бир сўзлик, атрофидаги инсонлар фикрини ҳурмат қилиш, сабрли ва кечиримли, эл-юртига содиқ ва меҳри­бон инсон бўлиш каби хислатларини қўллайман. Нафақат актёр, балки ҳар бир инсон буюк аждодларимиз маъна­вий меросини чуқур ўрганиши уларга муносиб ворис бўлиши лозим деб ўйлайман.

Бобурдан ўрнак олиб яшашга интиламан

«Бобур» видеофильмида суратга тушган ижодкорларнинг ҳаммаси бу­гун халқимиз ва давлатимиз эъзозида. Бунда ҳам ўзига хос маъно бор. Видео­фильм экран юзини кўргач, халқ уни яхши қабул қилди. Кўплаб хатлар — минглаб дил изҳорлари, айниқса, шу фильмдан кейин чақалоқларга тарихий исмлар қўйилиши кўпайди. Заҳирид­дин, Бобур, Ҳумоюн, Ойша Султон Бегим, Гулбаданбегим каби деярли унутилаёзган гўзал исмлар яна қайтди. Бу эса фильмнинг халқ юрагига кириб бора олганидан далолат.

Мен умр бўйи Бобурдан ўрнак олиб яшашга, унга муносиб бўлишга интиламан. Зеро, халқимиз менинг тимсолимда Мирзо Бобурни кўришга ўрганган. Бобур эса бағрикенг, меҳри­бон, мулоҳазали ва бир сўзли инсон. У бошқача бўлиши мумкин эмас. Аммо Мирзога муносиб бўлишдек оғир масъ­улиятни кўтариб юриш ҳам осон эмас. Агарда бирор-бир қийинчиликка дуч келсам, Бобур ҳазратлари бундан ҳам оғир вазиятлар, турли зиддият ва тўс­қинликларга қарамасдан бардошли бўл­ганини ўйлаб, у киши чеккан заҳматлар олдида меники ҳеч нарса эмаслигини ҳис қиламан.

Чархнинг мен кўрмаган жабру

жафоси қолдиму?!

Хаста кўнглим чекмаган дарду

балоси қолдиму?!

...Эй кўнгул, гар Бобур ул

оламни истар, қилма айб,

Тенгри учун де, бу оламнинг

сафоси қолдиму?!

«Бобур» фильми тугаганида йиғлаганман...

«Бобур» фильмини су­ратга олиш ишлари ўн тўрт ой давом этган. Саҳ­налар қадимий шаҳарла­римизда, бундан ташқари, Қирғизистоннинг Ўшида, Тожикистон, Қозоғистон, Ҳиндистон давлатларида олинди. Бироқ ҳиндлар суратга олиш ишлари учун жуда катта пул талаб қи­лишди...

Актёр бирор-бир шахс­нинг образини яратиш учун кўп қийинчиликни бошидан кечиради. Бироқ у оламга кирганидан сўнг образдан чиқиб кетиши қийин ке­чади. Менда ҳам шундай бўлган. Ўшанда фильмни йиллаб олиш мумкин эди. Чунки барчамиз образга кириб олган эдик. Бироқ маб­лағ ва сценарий атиги ўнта серияга мўлжалланганди. Ҳалигача эслайман. Сўнгги қисмни чорбоғдаги шаршара олдида суратга олганмиз. Ўша ерда Бобур лашкарига мардлик ва жасо­ратли бўлишга даъват қилиб, қўли­даги қадаҳни синдиради. Хуллас, шу билан фильм тугайди. Суратга олиш ишлари ниҳоясига етгач, кўзларимга ёш келган. «Наҳотки, ҳаммаси тугаган бўлса?! Энди бу либослару саллани қайтиб киймайман», деганман. Очиғи, алам қилганди. Чунки ўн тўрт ой да­вомида ўша одам сиймосида яшаган­ман. «Бобур» фильми суратга олинга­нига 29 йил тўлган бўлса, ҳалигача у зот руҳи билан яшайман. Яна бир гап. Агар сен буюк шахснинг сиймосини гавдалантирган бўлсанг, ўша инсон­га лойиқ бўлишинг керак. Бу дегани масъулиятли бўлишга чорлайди. Чун­ки қаерга бормай шу фильм ҳақида сўз кетади ёки Бобурнинг монологи­дан ўқишимни айтишади. Кўча-кўйда юрсанг ҳам одамлар сенга ана шу образ томонидан қарайди. Шу боис номуносиб хатти-ҳаракат қилишга ҳаққинг йўқ. Баъзан давраларда «сиз салбий роль ўйнаманг. Сизни Бобур образида сақлаб қолишни истаймиз», дейишади.

Дуо ижобат бўлган экан...

Самарқандга келиб, суратга оли­надиган биринчи кун ҳаммамиз Гўри Амирга кириб фотиҳа ўқидик. Ке­йин мен ўзим ёлғиз қолиб, алоҳида Қуръон тиловат қилдим. Соҳибқирон қабри олдида Худога илтижо қилдим. «Мана бу ерда абадий қарор топган улуғ бир банданг — Амир Темурнинг авлодларидан бирининг ҳаётини элга кўрсатиб беришга киришганман. Ўзинг қўлла ва мендан марҳаматинг­ни аяма», дея Ўзидан сўрадим. Иш бошланиб кетди. Кўпинча фильмга олиш ишларида, албатта, нимадир баҳона билан суратга олиш жараён­лари тўхтаб қолиши мумкин. Лекин ишонсангиз, Самарқандда юздан ор­тиқ эпизодлар, шунингдек, ўн тўрт ой давомида суратга олиш ишлари давом этган бўлса-да, бирон марта тасвирга олиш тўхтаб қолмади, аксинча, иш жараёнлари ўз-ўзидан юришиб кетар­ди. Ҳаттоки, Бухоро шаҳрида отлар билан боғлиқ жанг саҳнасини тасвир­га олиш ишларида менинг ва Маҳмуд Исмоиловнинг отлари тўқнашиб кетди ва бизни Аллоҳ ўз паноҳида асради. Барча суратга олиш жараёнлари омад­ли кечди.

Шоҳрух Мирзодек зотнинг олдида санъатимиз қарздор

Актёр сифатида қалбимда бир кемтик бор. Биласиз, кўплаб аждод­ларимизнинг образларини гавдалан­тиришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Баъзан мақсадга етяпмиз, баъзан эса йўқ. Бироқ Шоҳруҳ Мирзодек зотнинг олдида санъатимиз қарздор. Чунки унинг тимсоли фильм ёки спектаклда гавдалантирилмаяпти. Ҳолбуки, у ҳам халқнинг тинч-тотув яшаши учун кўп ҳаракат қилган. Қачонлардир шу шахс­нинг образини яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

«Mahalla» газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1