Долзарб мавзулар Фото

Тепкини тептириш керак?! Иримларга ойдинлик киритамиз

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 14.02.2019, 17:32

Инсон жони оғриб турган маҳал ҳар ердан нажот излайди. Орамизда момолар ўгити, дея, шифо топишга урунадиганлар ҳам бор. Бироқ кутилган натижа ўрнига киши аҳволи ёмонлашиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Хўш, касалликни иримларга боғлаш тўғрими? Бу ҳақида Сергели туманидаги кўп тармоқли поликлиника терепевти Замира ҲОЛБОЕВА маълумот беради.

Эгизак туққан аёл ёрдам беролмайди!

Халқ орасида «Тепки» деб номланадиган касаллик тиббиётда эпидемик паротит дейилади. У худди грипп сингари ҳаво томчи йўли орқали юқади. Хасталанган бемор вақтида тиббий чоралар кўрмаса, маълум вақт ўтгач, асоратлари юзага чиқиши мумкин. Негаки, паротит биз ўйлагандек, фақатгина сўлак безларини эмас, балки ўғил болаларда моякларни ҳам зарарлаши мумкин. Борди-ю, даво чоралари кўрилмаса, хасталик келгусида бепуштликка сабаб бўлади.

Одамлар орасида «тепки»ни эгизак фарзандли аёлларга тептириш одати бор. Бу одатга кўра, беморни остонага ётқизиб, шишиб турган даҳан остига оёқ учи билан «тепиб» қўйишлади. Лекин тиббиётда бундай иримлар фойдаси аниқланмаган. Демак, тепки еган «тепки» ҳеч қаерга йўқолмайди. Чунки бунда вирусга қарши курашиш керак. Вирусни эса, билсангиз керак, тепиб, даволаб бўлмайди.

Говмиччага ип боғланади

Қовоқларимизни шишириб, қизартириб, ҳуснимизга соя ташлайдиган говмиччага кўпинчи жиддий қарамаймиз. Одатда, бармоқларимизга ип боғлаб қўйиб, ундан қутилмоқчи бўламиз. Аммо бу каби яраларга, аслида, йиринг пайдо қилувчи микроорганизмлар сабаб бўлади. Афсуски, уларни бармоқларимиздаги ип билан қўрқита олмаймиз. Уларга қарши тиббий препаратлар зарур. Шунингдек, уни сиқиб «сувини чиқариш» ҳам яхши фикр эмас. Бу ишингиз билан инфекцияни қонга тушириб, менингит ёки сепсисни орттириб олишингиз мумкин. Бунинг ўрнига, шифокор тайинлаган суртмаларни суртинг, гигиена қоидаларига риоя қилинг, иммунитетингизни мустаҳкамланг.

Учуққа қўрқув айбдор эмас!

Лабга учуқ чиқса, «қўрқибсан-да» ёки «шамоллабсан», дейишади. Аммо бу иммун тизими сустлигидан фойдаланиб, мудраб ётган герпес вирусининг уйғонганини билдиради. Маслаҳатимиз, бундай учуқларни асло игна билан ёрмаслик ва унга спирт суртмаслик керак. Чунки ундан чиққан суюқлик лаб атрофи, юз, кўз ва тананинг бошқа аъзоларига ҳам тарқалиб, инфекция кўпайишига олиб келади.

Унга қарши саримсоқпиёзни қўллашингиз мумкин. Саримсоқпиёз таркибида бактерияларга қарши курашувчи моддалар бўлгани учун инфекция тарқашининг олдини олади.

Куйдингизми? Ғоз ёғи суртманг!

Кутилмаганда, куйиб қолдингиз-у, момолар усулларини хотирлаб, ёғ ёки ошхонадаги яна бирор масаллиқни суртишга шошилдингиз. Аммо негадир куйган соҳа ловуллаб, аҳвол янада ёмонлашгандек туюляпти. Ҳа, шошма-шошарлигингиз панд берди. Ахир суртган ёғингиз терига ҳаво киришини тўсиб қўйган-да. Иссиқлик эса борган сари тана ичига кириб кетаверади. Натижада енгил куйишдан оғирига қараб, секин-аста силжийверади. Унутманг, агар куйиш енгил, яъни айланаси беш сантиметрдан кўп бўлмаса, уй шароитида муолажа қилиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш мумкин. Ундан каттасига шифокорлар ёрдами зарур бўлади.

Хуллас, енгил куйдингиз, дейлик. Шу соҳани 15-20 дақиқа давомида оқиб турган совуқ сув тагида ушлаб туринг. Тери совиши керак. Унга на ёғ, на крем, на тухуму қаймоқ сурта кўрманг. Зарарланган соҳа «тинчлангач», унга суртмалар, ғоз ёғи суртиш мумкин.

Қулоқ оғриганида она сути фойдами?

Қулоқ жуда нозик аъзо. Унинг бош мияга ҳам таъсири бор, шу сабаб жиддий эътиборни талаб қилади. Айниқса, болажонларда кўп кузатиладиган қулоқ оғриғи кутилмаганда безовта қилиб, оналарни шошириб қўяди. Бувижонларимиздан қолган ўгит, яъни эмизикли онанинг сути қулоқ оғриғида кор қилади. Шифокорлар ҳам бу усулни қўллашади. Аммо бу вақтинчалик таъсирга эга бўлиб, уни доимий қўллаш мумкин эмас. Шундай экан, қулоқ оғриганда, албатта ЛОРга кўринишни қолдирманг.

Пешоб малҳам бўладими?

Бўғим ёки суякларимиз лат еганда, пешоб боғлашга ўрганганмиз. Бироқ бу нотуғри чора эканини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ахир бундай вазиятларда аслида нима бўлганини ташқи тарафдан билиш амри маҳол. Вақтида травматологга мурожаат этмаслик зарарланган соҳада сув еғилишига туртки бўлиши мумкин. Аслида пешобли боғлов суякларга эмас фақатгина юмшоқ тўқималарга ёрдам беради.

Шаҳло ШЕРМУҲАММЕДОВА тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии