1

Андижонда уч кунлик хронометраж тадбирида савдо тушумлари салкам 120 миллион сўмга оширилди

ИҚТИСОДИЁТ 06.02.2019, 12:52
Андижонда уч кунлик хронометраж тадбирида савдо тушумлари салкам 120 миллион сўмга оширилди

Бугунги кунда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун солиқ юки пасайтирилиб, имкониятлар кўлами тобора кенгаймоқда. Жумладан, юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўловнинг миқдори 12 фоиз қилиб белгиланди. Шундай енгилликлар яратилганига яраша тадбиркорлик субъектлари белгиланган қонун-қоидаларга амал қиляптими?

Ушбу саволга Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган 292 та хронометраж тадбирида жавоб топилди: 150 нафар киши норасмий равишда ишлаётганлиги аниқланди.

Хусусан, Олтинкўл тумани Қўштепа сарой маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган “Мубина гранд текстил” масъулияти чекланган жамияти ҳисоботларида 33 нафар ходим ишлаётганлигини кўрсатиб келган. Тадбир чоғида корхона 62 нафар ишчисига конверт усулида маош бериб келаётганлиги аён бўлди.

“Қўшимча ишчи” ўрни яратиб, уларни яшириш борасида “Олтинкўл универсал савдо” маркази ҳам асло қолишмаган. Ҳужжатда 22 нафар ходим бор. Аммо 34 киши меҳнат қилаётганлиги аниқланди.

Нон - азиз неъмат, шунингдек, ҳалоллик рамзи ҳамдир. Уни тайёрлашга ёлғон, фириб аралаштириш энг катта гуноҳ. “Иттифоқ” маҳалласидаги “Олтинкўл нон ишлаб чиқариш” масъулияти чекланган жамияти ҳалолликдан кўра, даромад чўғини устун қўйди. Аслида 12 киши меҳнат қилаётган бўлсада, жамият ўз ҳисоботларида фақат 1 нафар ходимни кўрсатган ҳолос. 11 ишчига “конверт” усулида ҳақ тўлаб келган.

- Мана, яна бир мисол, - дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Акромжон Очилов. - “Анжом” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси эса фойдани оширишнинг икки йўлини ўйлаб топган. Содда қилиб айтганда, давлат бюджетига тушиши керак бўлган маблағларни ҳам энидан, ҳам бўйидан “уриб” келганлиги тадбир давомида аниқланди. Биринчидан, корхона ишчилари сонини ўз ҳисоботларида 5 та кўрсатган. Аслида эса 23 киши меҳнат қилаётганлиги маълум бўлди. Иккинчидан, нақд пул тушуми ҳам чакки бўлмаган. Лекин ўзини гўёки “камтарона” савдо қилаётгандай кўрсатган. Бир ҳафта олдин корхонанинг савдо тушуми 100 минг сўм бўлган, тадбир куни қарийб 50 баробарга ошиб, 4 миллион 946 ярим мингни ташкил этди.

Яна бир қизиқ ҳолат. Марказда жойлашган ушбу умумий оқатланиш корхонасининг тўлов терминали бўлмаслиги мумкинми? Ҳа, ўз манфаатини устун қўйиб, солиқдан қочадиганлар бунга ҳам чора топаркан. Бировникини худди ўзиникидай қилиб кўрсатишдан ҳам тап тортмайди. Корхонанинг тўлов терминали текширувдан ўтказилганда, у якка тартибдаги тадбиркор Абдулҳамид Мўминовга тегишли эканлиги аён бўлди.

Шунингдек, хронометраж тадбирларида савдо тушуми ўтган ҳафтанинг мос кунларига нисбатан “Дарвоза савдо” масъулияти чекланган жамияти Қўрғонтепа шаҳобчасида 5 миллион 860 минг сўмга, Асака шаҳобчасида 24 миллион 484 минг сўмга, Избоскан шаҳобчасида эса 3 миллион 695 минг сўмга ошди.

Умуман олганда, уч кунлик тадбир мобайнида 8 та тадбиркорлик субъектининг савдо тушумлари 122,9 фоизга ошиб, 119 миллион 868 минг сўмни ташкил этишига эришилди.

Халқимизда “Ўғридан қўрқма, ҳисоб-китоби нотўғридан қўрқ” деган гап бор. Қайси соҳада фаолият олиб бормасин, ўзини ҳурмат қилган тадбиркор, аввало ҳисоб-китобини тўғри юритади. Шунда ўзи ҳам, эл ҳам, мамлакат ҳам наф кўради.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1