1

Мусофир юртдан аёлнинг тобути қайтди... (ҳикоя реал воқеаларга асосланган)

МУТОЛАА 06.02.2019, 09:32
Мусофир юртдан аёлнинг  тобути қайтди... (ҳикоя реал воқеаларга асосланган)

«Ўзбекистонлик аёл Туркияда автоҳалокатга учраб, вафот этди». Интернет янгиликларини кўздан кечираётган Рустам бир зум сергак тортди-да, шу хабарни синчиклаб ўқишга киришди. «Аёлнинг миллати ўзбек, исми Наргиза. Бошқа маълумотлар мавжуд эмас. Агар марҳуманинг танишлари ёки қариндошлари бўлса, тегишли муассасаларга мурожаат қилишингизни сўраймиз».

Хабар бир зумда бутун тармоқда, одамлар орасида шов-шувга айланди. Ҳамма марҳуманинг кимлигига, нега бу аҳволга тушганига қизиқарди. Рустам ишхонада ҳам фикрини жамлай олмади. Ўй-хаёли ўша хабарда эди. Наҳотки, у бўлса?Тез орада аёлнинг суратлари ҳам интернет сайтларида тарқалди. Афсуски, оғир ҳалокат сабаб юзи таниб бўлмас даражага етганди. Рустам суратга узоқ тикилди, шубҳа-гумонлар яна бўй чўзди. Унга ўхшаяпти. Ё бошқамикин?

Ишини аранг тугатиб, уйига шошилди. Келганида болалари дарс тайёрлашар, онаси ошхонада куймаланарди.

— Яхши келдингми, ўғлим?Роса чарчагандирсан? Ҳозир овқат сузаман, - онаси дарров Рустамга пешвоз чиқди. Ўғли Муроджон ва қизи Муниса ҳам чопқиллаб келишди.

Рустам уларни бироз эркалатди. Иштаҳаси бўлмаса-да, онасининг кўнгли учун овқатдан бир-икки луқма еди-ю, чарчаганини баҳона қилиб, хонасига кириб кетди.

Қалбида жавобсиз саволлар-у, ўтмиш хотиралари туғён урарди. Жавондаги китоблардан бирининг орасига беркитилган суратни олди. Суратда ҳали йигирмага тўлмаган, оппоқ юзли кўҳликкина қиз майин жилмайиб турарди. Ўшанда Наргиза билан энди танишган чоғлари эди. Унинг беғубор табассуми, болаларча самимияти Рустамни тамомила мафтун қилганди. Ажримдан кейин Рустам унинг барча суратларини йиртиб ташлади. Аммо бунисини кўзи қиймади.

Улар уч йилдан ортиқ аҳдлашиб юришди. Рустам ўқишини тугатиб, ишга жойлашгач, тўй тараддуди бошланди. Иккала томон ҳам бир-бирига маъқул тушган, ҳаммаси рисоладагидек эди. Рустам ва Наргизанинг қувончи чексиз, бахтдан сармаст эдилар.

Тўй жуда ажойиб ўтди. Тўйдан сўнг Наргиза бир ойча келинлик вазифаларини сидқидилдан бажарди. Кейин Рустамнинг иши сабаб улар шаҳар марказига кўчиб, алоҳида яшай бошлашди. Рустам яхшигина маош олар, Наргизанинг барча эркаликларини кўтарар, оғзидан чиққанини муҳайё қиларди.

Бирин-кетин фарзандлар туғилди: аввал ўғли Муроджон, кейин қизалоғи Муниса. Ҳар сафар ота бўлганида Рустам ичига сиғмай шодланди. Табиийки, болалар туғилгач, харажатлар ҳам кўпайди. Аммо Наргизанинг орзу-ҳаваси, инжиқликлари чегара билмасди. Казо-казо дугоналаридан ортда қолмаслик учун эрига ҳали уни, ҳали буни олиб беринг, деб шарт қўя бошлади. Рустам оиласининг тинчини ўйлаб, ўзини ўққа-чўққа уриб, хотинининг истакларини бажаришга тиришарди. Лекин Наргизанинг талаблари ҳам кун сайин ортиб борди.

Энди кунора уйда жанжал бўлар, ўчакишгандек, Рустамнинг ишлари ҳам орқага кетарди.

— Қачонгача шу арзонгаров кўйлакларда юраман? Мен ҳам дугоналаримга ўхшаб асл чет эл кийимларидан кийгим келади. Ҳатто телефонимни ҳам янгилаб бермадингиз! Кўчада шу алмисоқдан қолган эски телефонда гаплашишга уяламан! – Наргиза доимгидек эрини шикояту дийдиё билан қарши олди.

— Бироз сабр қил, онаси. Ҳозир вазият шундай. Ҳали ҳаммаси ўнгланиб кетади, - Рустам жаҳлини босишга уриниб, босиқлик билан жавоб қилди.

— Амакимнинг қизини тўйига ҳам оз қолди. Нима кийиб бораман? Тўёна учун ҳам пул керак!

— Ахир шунча кўйлагинг бор! Намунча ношукурсан! Сабр қил деяпман-ку! Овқатниям заҳар қилдинг.

Наргиза йиғлаганча ошхонага кириб кетди. Рустам эса чекиш учун ташқарига чиқди. Бу ҳолга ўрганиб қолган болалар бепарво ўйнаб ўтиришарди.

Ишхонасидан қўшимча маош беришганда Рустам Наргизанинг телефон олиб беринг деганини эслади. Ишдан чиқиб янги замонавий телефон харид қилди. Наргизанинг боши кўкка етди. Энди у кун бўйи интернетдан бош кўтармас, ижтимоий тармоқларда мақтанчоқ дугоналари билан вақтини беҳуда сарфларди. Эри бир-икки дакки берганда ҳам парво қилмади.

— Яқин дугонам Туркияга кетибди. Ўша билан гаплашяпман. Суратларини қаранг, бунисини уйида тушган, бунисини яхтада. Ажойиб-а? Ундан туркчани ҳам ўрганяпман, - Наргиза оғиз кўпиртириб дугонасининг шоҳона ҳаётини мақтарди.

Рустам унинг гапларига ҳам, кўрсатган расмларига ҳам унчалик эътибор бермади. Аммо хотинидаги ўзгаришлардан юраги ғаш тортди.

Бир куни Наргиза ухлаб ётганида Рустам унинг телефонини олди. Қурилма ўчиқ эди. Балки қуввати тугагандир, дея ёқиб кўрди. Телефон ишга тушиши ҳамон интернет хабарлари ёғила бошлади. Уларга кўз югуртирган Рустам карахт бўлиб қолди. Аксарияти Кенан исмли турк йигитдан эди. Рустам турк тилида ёзилган хатларга узуқ-юлуқ тушунди. “Гўзалим,нега жавоб бермаяпсан”, “Ягонам...Севаман... Соғиндим... Ёнимга кел...”,яна узундан-узун турк тилидаги ишқий номалар. Нималар бўляпти?Буларни Наргиза ёзмаган, қандайдир тушунмовчилик бор шекилли. Шундай хаёллар билан Рустам уларнинг ёзишмасини ўқий бошлади. Афсуски, Кенанга юборилган расмларда жуфти ҳалоли Наргиза ноз-карашма билан сирли жилмайиб турарди. Рустамнинг кўзи қонга тўлди, қўлидаги телефонни деворга қарата улоқтирди.

Ажрим ишлари тез ниҳоясига етди. Сабаби Наргиза бирор эътирозсиз ажрашишга рози бўлди. Ота-онаси ундан қаттиқ ранжишди.

— Юзимизни ерга қаратдинг. Икки гўдакни тирик етим қилдинг, ношукур, - онаси жон куйдириб Наргизага дашном берди.

— Қўйинг, ойи. Шунга тегиб, нима кўрдим? Тўрт девор ичида гулдек ёшлигим куйиб кетсинми? Ахир мен ҳам бир марта яшайман. На ўзи тузукроқ пул топади, на менга ишлашга рухсат беради.

— Оилангни бошига етдинг. Ҳали уволи тутади сени!

Наргиза ҳеч кимга қулоқ солмас, уни кутаётган янги дунё фикру хаёлини ўғирлаганди. Болалар қонунга кўра онаси билан қолишди. Рустам ҳар ҳафта болаларни кўргани келиб турди. Келганида иложи борича собиқ рафиқасига дуч келмасликка ҳаракат қиларди. Қайнукаси билан гаплашиб, болаларни олиб кетарди. Поймол бўлган ғурури ва парчаланган оиласи ҳаққи у Наргизани ўз қўллари билан ўлдиришни истар, аммо фарзандларини ўйлаб, ўзини қўлга оларди. Бир сафар болаларни олиб кетишга келганда Наргиза қаршисидан чиқди. Туркияга кетмоқчилигини, дугонаси иш таклиф қилганини айтди. Рустам ғазаб ва нафрат билан унга тикилди:

— Менга деса жаҳаннамга кетмайсанми! Болалар мен билан қолади!

Шундан кейин болалар Рустам билан яшайдиган бўлишди. Рустамнинг онаси ўғли уйланишни истамагач, ўзи набираларига қараш учун улар билан яшай бошлади. Мана тўрт йилдирки, Наргизадан бирор дарак йўқ. Рустам эса аламини ишдан олар, туну кун қоғоз титкиларди. Қалбини нафрат эгаллаган, уйланиш ҳақида эшитишни ҳам хоҳламасди.

Интернетда шу хабар тарқалди-ю, эски хотиралар алами қайта бош кўтарди. Рустам яна қўлидаги суратга тикилди. Қандай қилиб расмдаги фариштадек қиз аламзада аёлга айланди?

Рустам туни билан безовта бўлди. Уйғониши ҳамон интернет янгиликларини текширди. Туркия полицияси марҳуманинг ҳалокатдан аввалги суратларини топишга муваффақ бўлибди. Суратларни очишга уринаркан, Рустам бир зум нафас олишдан тўхтагандек бўлди. Ниҳоят, сурат очилди. У!Ана кулиб қараб турибди. Наргиза!Ўзининг Наргизаси. Кўз очиб кўргани, дунёсини остин-устун қилиб кетгани... Наргиза эди.

Рустам ўзини қўлга олиш учун ташқарига отилди. Тоза ҳаводан тўйиб нафас оларкан, қалбидаги изтироб кўз ёш бўлиб оқа бошлади. Қизиқ, у қандай бу аҳволга тушди? Мусофир юртларда бошидан нелар кечди? Ишонган хушторлари ташлаб кетдими? Нега тўрт йилдан бери болаларини йўқламади? Рустам энди бу саволларга ҳеч қачон жавоб тополмаслигини билди. Айни дам қалбининг тубига кўмган муҳаббатининг синиқлари унга азоб берарди.

Бироздан сўнг ўзига келиб, собиқ қайнотасининг уйига йўл олди. Улар ҳам хабар топишган, ҳовлида жанозага тайёргарлик кетарди. Наргизанинг ота-онаси бир чеккада мунғайиб, йиғлашарди. Айниқса, онаизорнинг қалби тилка-пора бўлган, куйдириб кетган бебош қизим, дея нола қиларди.

Шу куни тунда Туркиядан самолётда Наргизанинг тобути келди. Рустам ўзи бош-қош бўлиб Наргизани сўнгги йўлга кузатди, ҳақига дуо қилди. Шунга қарамай, қалбининг бир четини виждон азоби кемирарди. Балки Наргизанинг аянчли қисматида унинг ҳам айби бордир? Ахир у Наргиза учун масъул эмасмиди? Ўша туркиялик нокас уни айнитишидан аввал нега аёлини тўғри йўлга сололмади? Болаларига нима дейди? Авваллари алам устида уларга ойинг ўлган, дея уқтирарди. Энди эса уларни алдашга ҳам ҳожат қолмади.

Илмира Файзуллаева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1