1

«Маданий меросимиз брендини бошқалар ўзлаштиришга йўл қўймаслигимиз керак!»

МАДАНИЯТ 15.01.2019, 15:09
«Маданий меросимиз брендини бошқалар ўзлаштиришга йўл қўймаслигимиз керак!»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20-22 январь кунлари Германия Федератив Республикасига ташрифи арафасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) томонидан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Берлин шаҳрида “Буюк ипак йўли мероси – Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк” мавзусида халқаро илмий-маданий форуми ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли тадбир муносабати билан ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси муаллифи Фирдавс Абдухолиқов билан мазкур форум арафасида қўлга киритилган кашфиётлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Устоз, ўтган йилда Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон, АҚШ, Франция сингари мамлакатларда шу мавзуда қатор тадбирлар ўтказилди. Бу галги манзил эса Германия!

— Ўзбекистон ва Германияни бир неча минг чақиримлик масофа ажратиб турса-да, халқларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ асрларга бориб тақалади. Ўзаро муносабатларда маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутади. Бундан 25 йил муқаддам мамлакатларимиз ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқ ва ошкора ташқи сиёсат самараси ўлароқ, Германия билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланмоқда.

Бевосита форум ҳақида тўхталадиган бўлсак, биз унга ўзбекистонлик ва германиялик олимлар билан бирга икки йилдан бери тайёргарлик кўриб келдик. Бугун Берлин шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида “Буюк ипак йўли мероси – Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк” мавзусида халқаро илмий-маданий форум юқори савияда ўтказилмоқда.

Германияда ҳам ўзбек халқининг маданий меросига ҳамиша қизиқш катта бўлиб келган. “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида олиб борилган изланишларимиз натижасида икки мамлакат мутахассислари ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси Германия тўпламларида” китоб-альбоми юзага келди. Худди шу мавзуда ҳужжатли фильм ҳам суратга олинди.

Биз Президентимиз ташрифи арафасида ўтказилаётган медиа-форум доирасида мазкур китоб-альбом тақдимотини ҳам ўтказяпмиз.

— Фирдавс Фридунович, мазкур китоб қандай яратилгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ҳаммаси уч йил аввал Дрездендаги Ҳарбий-тарихий музейни бориб кўришимдан бошланган. Ўшанда Саксония Федерал ери парламенти раиси Маттиас Рёсслер ва Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Томас Кунце ҳамроҳлигида Дрезден Қурол палатасида ўзбек ҳунармандлари томонидан ишланган қиличлар, чиройли пичоқларни кўриш имконига эга бўлдик. Ўшанда менда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилаётган китобларнинг бир жилдини Германия музейларига бағишлаш фикри туғилди. Шу тариқа Ўзбекистон маданий меросига бағишланган китобларимизнинг 11-жилди устида иш бошладик. Сўнгги икки йил ичида биз журналистлар билан ўн мартага яқин Германияга ижодий сафарлар уюштирдик. ГФРнинг бир қатор кутубхона ва музейларида бўлдик. Германия музейлари билан аниқ ҳужжатларни имзолаш керак бўлгани учун бу жараённи амалга оширишга узоқ вақт керак бўлди.

Немис музейларида сизни қандай қабул қилишди? Лойиҳага қандай муносабатда бўлишди?

— Айтиш жоизки, немислар аниқ ҳисоб-китобни ёқтирадиган халқ, шу боис ҳаммасини аввалдан режалаштиришади. Улар аввалига лойиҳамизга бироз ишончсизлик билан қарашди. Чамаси, ривожланаётган мамлакатнинг нодавлат ташкилоти бундай йирик лойиҳани қандай уддаларкин, деб ўйлашди. Нафақат катта маблағ, балки кенг миқёсдаги ташкилий ишларни талаб этадиган бундай ғояларни амалга ошира олишимизга шубҳа билан қарашди. Улар бундай қисқа фурсат ичида немис музейларидаги маданий ёдгорликларимизни излаб топишимиз ва дунёга кўрсата олишимизга ишонишмади. Лекин, биз ўзбек санъати ҳақида немис олимлари ҳикоя қилишини истагандик.

— Улар тегишли материалларни суратга олиб, маълумот учун бизнинг мутахассисларга мурожаат қилишса, яхшироқ бўлмасмиди?

— Албатта. Ўзбекистонда бу ҳақда ҳикоя қилиб бериши мумкин бўлган мутахассислар кўп. Фақат бир жиҳатни унутмаслик керак. Хориждаги музей ходимлари, чет эллик олимлар Ўзбекистон маданияти билан боғлиқ коллекцияни ўрганиш билан шахсан шуғулланишса, китоб-альбомларнинг қиммати икки баравар ортади. Улар шу орқали Ўзбекистоннинг бой маданиятига чуқурроқ кириб борадилар, шу тариқа хорижда янги кашфиётлар очилади, жаҳон аҳоли юртимиз тарихининг номаълум саҳифаларидан хабардор бўлишади. Буюк аждодларимиз яратиб қолдирган дурдоналарни ўрганиш асносида олимлар бу коллекцияни кенг оммага ошкор этиш лозимлигини тушуниб етяптилар. Шу тариқа бу артефактлар музейларда тақдим этиляпти, бу эса маданий меросимизни тарғиб этишнинг муҳим усулларидан ҳисобланади.

Ўзингиз ўйланг, туркумдан ўрин олган 20 та жилдда биз бутун дунёдан 200 нафардан ортиқ олимни қамраб олдик. Бу ҳали чегара эмас. Жорий йилда биз яна 15 та альбомни чоп этамиз, йигирмата фильм суратга оламиз. Бу ишга 150 нафар машҳур олим, эксперт, тадқиқотчи ва журналистларни жалб қилганмиз.

— Мазкур альбомнинг мазмун-моҳияти, унинг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Мазкур нашр шу туркумдан чоп этилаётган китоб-альбомларнинг ўн биринчи жилди ҳисобланади. Бу китобнинг энг эътиборли томони унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сўзбоши ёзилганидир. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Ўзбекистонда нашр қилинган, икки мамлакатнинг санъатшунос олимлари ва тарихчилари, фоторассомлари ва журналистларининг машаққатли меҳнати эвазига дунёга келган бу ажойиб китоб халқларимизнинг ўзаро ҳурмат-эҳтироми, мустаҳкам дўстлиги, бир-бирининг тарихи ва маданиятига бўлган самимий қизиқишининг амалий ифодасидир”.

Мазкур жилд Берлин Давлат кутубхонаси, Берлин Ислом санъати музейи, Берлин этнология музейи, Штутгартдаги Линден номли музей, Гамбург санъат ва ҳунар музейи, Лейпциг, Дрезден ва Хернхут этнология музейлари ҳамда Любек шаҳри (Ганзей) этнология тўпламини қамраб олувчи Саксония Давлат этнография коллекциясидаги осори атиқаларни ўз ичига олади. Хусусий коллекциялар фахрий сенатор Манфред Бумиллерга (Бамберг) тегишли бўлган Ислом даври обидалари тўпламини ташкил қилади.

Мазкур музейлар орасида биз билан биринчи бўлиб алоқага чиққанлардан бири Берлиндаги ислом санъати музейи директори ўринбосари Уте Франке бўлди. Ушбу музей Берлиндаги энг йирик музейлардан бири бўлиб, унга ҳар йили 300 минг киши ташриф буюради. 1925 йилда музейга Россия орқали Самарқанд кулолчилик буюмлари намуналари келиб тушган. 30-йилларда Берлин этнограрафия музейидан яна минглаб сопол парчалари келтирилади. Уларнинг аксарияти Буюк ипак йўлидаги муҳим манзил – Афросиёб харобаларидан топилган эди. Тасаввур қиляпсизми, бу артефактларнинг аксарияти ҳали фан учун янгилик! Биз музейга охирги марта келганимизда муассаса раҳбари доктор Хассе ва Франке хонимга мазкур китобнинг намуна нусхасини тақдим этдик.

— Мазкур китоб турли интернет нашрларида “Ўзбекистондаги илк ақлли китоб” сифатида баҳоланган эди...

–Тўғри, Ўзбекистон тажрибасида илк бор китоб ва ахборот технологияларининг ютуқлари уйғунлаштирилди. Ўқувчиларга китобдаги коллекция ёки бирор буюм ҳақида тўлиқ маълумотлар олиш имконини берувчи қўшимча замонавий усуллар тақдим этилмоқда. Китоб саҳифаларидаги махсус белгилар планшет ёки смартфон ёрдамида сканерланганда, экранда объектнинг 3D форматидаги модели ҳамда коллекция ҳақидаги видеоролик намойиш этилади. Бунинг учун телефон ёки планшетга NazZar иловаси юкланган бўлиши керак.

— Бугунги кунда Германия тўпламларидан ўрин олган энг нодир экспонатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Германияда сақланаётган, Ўзбекистонга тегишли ҳар бир коллекция ўзига хос ва бетакрордир. Улар орасида Самарқаддаги Шоҳи-зинда меъморий мажмуаси ҳамда Бухородаги Баёнқулихон мақбарасидан келтирилган кошин парчалари, Х асрга мансуб, Афросиёб харобаларидан топилган сопол идишлар, Сурхондарё вилояти ҳудудидан (Чағониён) топилган археологик топилмалар, Бухоро амирлиги даврига оид кашталар, тикилган кийим-кечаклар, меҳнат қуроллари, зардўзлик ва уй-рўзғор буюмлари, от анжомлари, Хива хонлигида ясалган тақинчоқларни мисол келтириш мумкин.

Германияда сақланаётган Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар ҳам тадқиқотчилар учун жуда катта хазина бўла олади. Бу ерда Ҳайдар Хоразмийнинг уйғур ёзувидаги “Махзанул-асрор” достони, буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” жадвали, Алишер Навоийнинг “Ҳамса”, “Лисонут-тайр”, “Маҳбуб-ул-қулуб”, “Хамсатул-мутаҳаййирин” сингари асарлари, Ҳусайн Бойқаро девони шулар жумласидандир.

— Форум давомида ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш қилинди. Германияда олиб борилган суратга олиш жараёнлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Биз таниқли журналист ва санъатунос Шахноза Ғаниева бошчилигидаги телевизион гуруҳ билан Германияга суратга олиш ишлари юзасидан икки марта келганмиз. Ислом маданияти ва Ўрта Осиё тарихни тадқиқ этаётган таниқли экспертлар билан интервюлар уюштирдик. ГФРда сақланаётан ўзбек заминида яратилган маданий ёдгорликлар ҳақида ҳикоя қилувчи иккита йирик ҳужжатли фильмни суратга олдик.

— Янги нашр ва ҳужатли фильмларни яратишда қандай қийинчиликларга дуч келинди?

— Жаҳон тўпламларидаги кўплаб маданий меросимиз дурдоналари каталоглаштирилмаган ва ўрганилмаган. Афсуски, қатор музейларида минтақамиз бўйича мутахассислар етишмагани боис, кўплаб осори атиқаларимиз омборхоналарда, қутилар ичида ётибди. Ундан ҳам ёмони, айрим музейларда аждодларимиз меҳнати эвазига яратилган кўплаб дурдоналар Эрон ёки Афғонистонга тегишли артефактлар сифатида тақдим этилган. Мисоллар жуда кўп. Германияга ташрифларимиз асносида яна бир муаммога дуч келдик. Линден ва Штутгартдаги музейлар бизга эшик очишни истамади. Кейинчалик маълум бўлишича, музей томонидан 1996 йилда чиқарилган “Буюк ипак йўли ворислари” китоб-альбомида Ўзбекистонга оид кўпгина буюмлар киритилган. Мазкур каталог ва унга бағишланган кўргазма учун Германиянинг машҳур Mercedes-Benz компанияси томонидан 1 миллион доллар ажратилган. Сафаримиз асносида маълум бўлишича, ушбу экспозицияларда кўплаб буюмлар Эрон, Афғонистон сингари кўплаб шарқ мамлакатларига тегишли ашёлар сифатида кўрсатилган экан. Бугун ҳам дунёнинг кўпгина кутубхоналарида Самарқанд, Бухоро сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг айрим намуналари форсий тилда битилгани учун бошқа мамлакатларнинг маданий мероси сифатида талқин этилмоқда. Шу сабабли биз Германиядаги қатор музейларга мурожаат қилиб, халқимизга тегишли меросни қайтадан ўрганиш, немис музейларида сақланаётган ўзбек халқига оид осори атиқаларга бағишланган китоб-альбом нашр этиш бўйича ҳамкорликни таклиф қилдик.

— Артефактларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бундай хатолар ортида қандайдир мақсадлар бўлиши мумкинми? create

— Албатта бу илмий хато. Аммо, унинг ортида бошқа мақсадлар ҳам бўлиши мумкинлигини инкор этолмаймиз. “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси устида ишлар эканмиз, жаҳонда мамлакатлар ўртасида очиқ характерга эга бўлмаган ахборий, мафкуравий, иқтисодий ва бошқа йўналишдаги курашлар давом этаётганига амин бўлдик. Истаймизми-йўқми, ўз халқининг тарихий аҳамиятини, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини ошириб кўрсатиш учун мусобақалашаётган давлатлар ҳам бор. Улар баъзи ҳолларда бошқа халқларга мансуб файласуфлар, олимлар, мутафаккирларни ҳам ўзларига тегишли деб даъво қилишади. Илмий тадқиқотлар баҳонасида айрим мамлакатлар томонидан йирик музейларда сақланаётган артефактларни “ўзлаштириш” учун миллион долларлаб маблағ ажратиш кенг тус олмоқда.

Мамлакатимиз ривожининг янги босқичида биз аждодларимиз томонидан яратилган бой маданий мерос, бебаҳо асарлар, жаҳоншумул кашфиётлар наинки бутун башарият хазинаси, энг аввало халқимизнинг мулки эканини англаб етмоқдамиз. Замонавий тил билан айтганда, бу ўзбек халқининг бренди ҳисобланади. Биз бу хазинани кўз қорачиғидек асраш баробарида, кенг тарғиб этишимиз ҳам керак.

— Бу вазифа билан ҳукумат шуғулланиши керак эмасми?

— Бундай ўйлаш нотўғри. Албатта, бугунги кунда давлатимиз томонидан, хусусан Президент ташаббуси билан халқимизнинг тарихи ва маданиятини ўрганиш, кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Аммо, бу масала ҳар бир фуқаронинг аъмолига айланиши керак. Биз фарзандларимиз, набираларимизни энг аввало миллий қадриятлар руҳида тарбиялашимиз шарт. Юртбошимиз бир неча бор таъкидлаганларидек, ёш авлодга уларнинг кимларнинг ворислари эканини англатишимиз лозим. Бу ишни аллақачон урфдан қолган эскича йиғилишлар, зерикали суҳбатлар тархида эмас, энг замонавий ахборот технологиялари ёрдамида яратилган медиамаҳсулотлар, орқали сингдиришимиз керак. Нима учун манфур Чингизхонни лол қолдирган буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди тимсолини замонавий ютуқларни ўзида акс эттирган мульфильмлар, блокбастерлар, электрон ўйинларда жонлаштирмаслигимиз керак? Буюк Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро орасидаги дўстона муносабатларни ҳаққоний очиб берадиган фильмлар қачон яратилади?

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тарихий меросимизни ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган “Ўзбекистон тарихи” телеканалини яратиш бўйича таклиф билдирилгани ҳам бу борада муҳим қадам бўлди, деб айта оламан.

— Бугунги медиа-форум дастуридан яна қандай тадбирлар ўрин олган?

— "Буюк Ипак йўли мероси – Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк" мавзусида Халқаро илмий-маданий форуми доирасида Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" туркумидан чоп этилган китоб-альбомлар кўргазмаси ўтказилади.

Шунингдек, Европа жамоатчилиги эътиборига Ўзбекистонга оид қадимий қўлёзмалар – “Катта Лангар Қуръони”, "Ҳусайн Бойкаро девони", "Темур тузуклари", "Равзатус-сафо”, "Меърожнома" сингари ноёб қўлёзмалар, Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи "Зафарнома" китобидан олинган миниатюраларнинг факсимиле нусхалари кенг жамоатчиликка тақдим этилади.

Форум ниҳоясида "Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг юраги" деб номланган тантанали қабул маросими ўтказилади. Унда 150 нафардан ортиқ иштирокчилар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Шунингдек, "Палов – ўзбек таомлари бренди" видеоролигининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Кечага “Мумтоз наво” ўзбек ансамбли, Ўзбекистондаги немис маданий маркази қошида фаолият юритаёган «Jugendstern» жамоаси ижросида куй, қўшиқ ва рақслар файз бағишлайди.

— Бундай кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш, албатта жуда катта маблағ ва куч талаб этади...

— Энг аввало бу лойиҳа Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишга қаратаётган беқиёс эътибори туфайли амадлга оширилмоқда. Бундай кенг кўламли тадбирни амалга оширишда кўрсатган молиявий ва ташкилий жиҳатган кўрсатилган ёрдами учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига миннатдорчилик билдирамиз.

Бугунги кунда янги ташаббусиларни амалга ошириш нафақат ҳукуматимиз, балки ижтимоий масъулиятга эга тадбиркорлик субъектларининг ҳам ёрдамини тақозо этмоқда. Бу борада лойиҳамизнинг асосий ҳамкорларидан бири – ERIELL халқаро нефть-сервий компанияси ҳар томонлама ёрдам бермоқда. Компания раҳбари Бахтиёр Фозилов бизни нафақат инсон ресурслари билан таъминлаяпти, балки кўплаб ташкилий масалаларни ҳал этишда ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Бутун дунё бўйича фаолият кўрсатаётган ушбу компания барча ҳудудий бўлинмалари ёрдамида бой маданий меросимизни ўзининг тарихий ватанига китоб-альбомлар ва муҳташам факсимиле нусхалари кўринишида қайтаришга беқиёс ёрдам бермоқда.

Шу билан бирга Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Томас Кунце, ГФРнинг Саксония федерал ери парламенти раиси Матиас Рёсслерга, биздан ўз кўмагини дариғ тутмаган давлат ва жамоат ташкилотларига, Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш билан шуғулланаётган олимлар ва журналистларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Р.Жабборов суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1