1

​Оқшом маликасига айланинг!

СУҒДИЁНА 29.12.2018, 08:28
​Оқшом маликасига айланинг!

Демак қўл остимиздаги воситалар ёрдамида оқшом маликасига айланишни бошлаймиз!

Юз териси парвариши

Байрам куни оила азоларингизни, турмуш ўртоғингизни ўз жозибангиз билан лол қолдириш истагидамисиз? У ҳолда бугундан ишга киришинг. Биринчи топшириқ – юз терисини парваришлаш. Юзингиз сўлғин бўлиб, терингиз совуқдан қуриб кетаётган бўлса, намлантирувчи ниқоблар тавсия этилади: 1 ош қошиқ асал, 1 дона тухум сариғи, 1-2 томчи лимон суви, 1 чой қошиқ сметанани аралаштириб, юзингизга суртинг ва 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювинг.

Уйқудан аввал 1 ош қошиқ сметанага, 1 чой қошиқ картошка крахмали ва бир бўлак банан аралаштириб, юз терисига суртинг ва 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайинг. Мана шу ниқобларни янги йилга қадар кунора қўлласангиз, сўлғиган юз териси тиниқлашиб, силлиқлашади.

Пардоз қиламиз!

Юздаги доғ ва сепкилларни тонал креми ёрдамида беркитиш мумкин. Агар юз терисида ҳуснбузардан қолган чуқурчалар бўлса, аввал пардоз асоси учун мўлжалланган крем суртинг.

Оқшом пардози учун ёрқин, ялтироқ, кулранг тенлар тавсия этилади. Аввал қовоғингизни кулранг ва оқ ялтироқ тень билан бўянг. Сўнг ёғли ёки суюқ қалам билан юқори киприк устидан чизиқ тортинг. Киприкларингизга тушь суртиш эсдан чиқмасин. Маслаҳатимиз, узайтирувчи ва қалинлаштирувчи тушдан фойдаланинг.

Пардознинг сўнгги босқичида лабингизга урғу беринг. Лаб бўёғини суртишдан аввал юмшатувчи бальзамдан фойдаланишни унутманг. Бу лаб бўёғининг узоқ вақтгача сақланиб туришини таъминлайди. Байрам кечаси учун қизил, жигарранг, бинафша ранг лаб бўёқлари тавсия этилади. Ишни юзга махсус спрей сепиш билан якунлаймиз. Бу спрей пардоз узоқ вақт сақланишини таъминлайди.

Соч турмаги муаммо эмас!

Ошхонада пишир-куйдирни бошлашдан аввал, нам сочларга бегуди бураб, устидан рўмол ўраб олинг. Юмушлардан бўшагач, бегудиларни йиғиштириб олсангиз бўлгани. Қарабсизки, жингалак кокиллар жилоланиб турибди. Сочларингизни байрамдан бир ҳафта олдин бўяганингиз маъқул. Чунки бўялган сочларда ҳар қандай турмак товланиб туради.

Байрамни ҳамкасбларингиз билан нишонлаётган бўлсангиз, унда сочингизга мусс суртиб, учигача енгил уқалаб чиқинг. Сочлар майда жингалак бўлгач, лак сепсангиз, базмнинг сўнггигача турмагингиз сақланиб туради.

Либос танлаймиз

Байрам кечасига янги кўйлак харид қилиш имкони бўлмаса, кийим жавонингизни кўздан кечиринг. Ёрқин рангли, ортиқча безаксиз кўйлагингиз бўлса, шуни кийганингиз маъқул. Дизайнерлар келаётган 2019 йилда оч сариқ, лимон, тилла ранг, жигарранг ҳамда қаймоқ ранглар урфга киришини айтишмоқда. Лекин энг тўғри танлов — чиройли, ҳаракатланиш учун қулай бичимдаги либосдир.

Бизнинг тавсия

Байрам кечаси учун танлаган кўйлагингиз нафақат қоматингиз, балки характерингизга ҳам мос келсин. Масалан, табиатан романтик аёлларга енгил ва этаги кенг, очиқ рангдаги либослар тавсия этилади.

Қоматингиздан уяласизми? Хавотирланманг, бу муаммо эмас. Дизайнерлар қоматни чиройли кўрсатиш учун тўғри трапеция бичимидаги кўйлакларни тавсия этишади.

Классик услубни ёқтирсангиз юпқа велюр матосидан, этаги «француз» бичимида тикилган кўйлак кийинг. Ҳа-я, тўнғиз йилида қора велюр газламаси урфда бўлади.

Умуман олганда, келаётган янги йилда ёрқин либослар урфга киради. Қандай либос кийишингиздан қатъи назар, янги йилни оилангиз бағрида бахтиёрлик ҳисси билан кутиб олинг.


Шаҳло Ширмуҳамедова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1