​Умидахон келинлик даври ва ҳаётидаги яхши янгиликлар ҳақида

ШОУ-БИЗНЕС 24.12.2018, 16:37
​Умидахон келинлик даври ва ҳаётидаги яхши янгиликлар ҳақида

Ўзбек эстрадасининг шўх – шаддод хонандаси – Умидахон фарзанд кутаяпти! Она бўлиш арафасидаги санъаткор билан учрашиб, ҳаётидаги яхши янгиликлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Умидахон, келинлик вазифаларига кўникиб қолдингизми?

Аста – секин кўникяпман. Турмуш қургач билдим: аёл санъаткорларга оила ва ижодни бирдек олиб бориш қийин бўларкан.Авваллари фақат ижод билан банд бўлганим учун рўзғор ишларига у қадар эътибор бермасдим. Анча қўлим чиқиб қолган экан. Лекин бошга тушгандан кейин бажармасликнинг иложи йўқ (кулади). Ҳозир югуриб – елиб уй ишлари, рўзғор, келинлик вазифаларига улгураяпман.

— Эрта туриб, кўча – ҳовли супуришга қийналмадингизми?

— Очиғи, қийин бўлди. Тонг ёришмасидан уйғониб, кўча – ҳовли супуриш, дастурхон тузаш осон эмас экан. Турмушга чиққач, қизлик уйингиздаги каби бемалол ухлай олмаскансиз. Келинлик масъулияти кучли бўларкан.

— Ҳадемай она бўласиз. Ҳомиладорлик қандай ўтаяпти?

— Келинойимларда ҳомиладорликнинг қандай кечишини кўп кузатганман. Бу менга жуда қизиқ туйиларди. Яратган биздан марҳаматини дариғ тутмади, ЎЗИ га шукур. Дастлабки ойларда бироз қийналдим. Ҳозир ҳаммаси яхши, безовталиклар йўқ. Ўзимни яхши ҳис қилаётганим учун тадбирлар, тўй хизматларига бориб турибман.

— Туғилажак фарзандингиз қиз бўлишини хоҳлайсизми ёки ўғил?

— Қиз бўладими ёки ўғил тўрт мучаси соғлом дунёга келсин. Мен учун асосийси шу. Турмуш ўртоғим эса қиз туғилишини хоҳлаяптилар.

— Фарзанд кутаётганингизни турмуш ўртоғингизга қандай айтдингиз?

— Ҳомиладорлигимни Қурбон ҳайити арафасида билдим. Янгиликни эса айни байрам куни маълум қилдим. Турмуш ўртоғим беҳад қувондилар.

— Тиниб – тинчимас Умидахон туғруқдан сўнг таътил оладими?

— Ҳа, оналик таътилига чиқаман. Туғруқдан сўнг қирқ кун чилла сақланади. Бу пайтда чақалоққа алоҳида эътибор керак. Қолаверса, кўзи ёриган аёл ҳам парваришга муҳтож бўлади. Насиб қилса, туғилажак фарзандимни ўзим парваришлайман.


— Ниятингизга етинг! Турмушга чикққанингиздан сўнг ижтимоий тармоқлардан узоқлашгандек бўлдингиз?..

— Қайнота – қайнона хизмати, келинлик вазифалари алоҳида эътиборни талаб қилади. Оилавий ҳаётга мослашиш учун виртуал оламдан бироз узоқлашган эдим. Ҳозир мухлислар билан мулоқотни тиклаяпман. Ижодимга сўнгги янгиликларни инстаграмдаги саҳифамга жойлаб бораяпман.

— Кейинги пайтларда хонанда Нилуфар Усмонова билан яқин бўлиб қолдингиз...

— Нима демоқчилигингизни тушундим. Нилуфар опа билан аввалдан муносабатларимиз яхши. Мени кўрса «Сени ўзим келин қиламан», дерди. Турмуш ўртоғимниўз укасидек кўради. Насиб қилган экан, опа – сингил бўлдик. Нилуфар опани нафақат хонанда балки инсон сифатида ҳам ҳурмат қиламан.

— Дугонангиз Зиёданинг «Шахнозалар» қўшиғини қайта куйлагани кўп танқид қилинди. Сиз нима дейсиз?

— Зиёданинг ижроси менга ёқди. Санъаткор янгилик қилиб туриши керак, деб ўйлайман.

— Ўзингиз ҳам миллий йўналишдаги тароналарни ижро қилардингиз. Нега куйламай қўйдингиз?

— Тўғри, айни йўналишда тахсил ҳам олганман. Лекин санъатда янгилик ва ўзгаришлар бўлиши муҳим. Шунинг учун миллий ва замонавий йўналишни тенг олиб боришга ҳаракат қилаяпман.

— Янги йил байрамига режаларингиз...

— Бу йилги байрам мен учун ўзгача бўлиши аниқ. Негаки уни қайнота – қайнонам, турмуш ўртоғим ва оила аъзоларим билан бирга кутиб оламиз. Ўтиб бораётган йил мен учун қувончли воқеаларга бой бўлди. Кириб келаётган йил барчага хурсандчилик, бахт, омад олиб келишини ният қилиб қоламан.

— Умидахон, суҳбат учун раҳмат! Туғилажак фарзандингизни эсон – омон бағрингизга олиш насиб қилсин.

— Айтганингиз келсин.

Алия суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1