1

​Эскирган балиқ гижжа пайдо қилади

САЛОМАТЛИК 23.12.2018, 14:42
​Эскирган балиқ гижжа пайдо қилади

Шифокорлар балиқ ва балиқ маҳсулотларининг инсон саломатлиги учун нақадар фойдали эканлигини кўп таъкидлашади. Аммо балиқдан таёрланадиган егуликлар, консерваларнинг қай даражада фойда ёки зарарлилигини ҳар доим ҳам билавермаймиз. Айниқса, биз катталар истеъмол қиладиган балиқларнинг айримлари кичкинтойларга умумун мумкин эмас. Мавзу юзасидан диетолог Мария Королева батафсил маълумот беради.

Кони фойда егулик

Балиқни кўп истеъмол қилиш юрак ҳасталиклари пайдо бўлиши хавфини 30 фоизга камайтиради. У ўзида витамин, минераллар, айниқса темир, йод, магний, фосфор, руҳни сақлайди. Балиқнинг рахит, соч тўкилиши, буқоқ, тишларнинг кариесдан эрта оғриб қолиши профилактикасида энг фойдали маҳсулотлардан бири экани аллақачон ўз исботини топган. Балиқли шўрва эса юрак қон-томир тизимини меъёрда сақлайди, қон босим хасталикларига қарши курашишда қўл келади. Айниқса, кўз нурини равшан қилиб, кўз пардасини эрта хиралашишдан асрайди.

Харид қоидаси билан танишинг

Балиқ танлаётганингизда унинг катта-кичиклигига эмас, балки ташқи кўринишига аҳамият қаратинг. Янги тутилган, сарҳил балиқнинг эт қисми оқ ёки нимпушти, турига қараб, қизил рангда бўлади. Балиқнинг танасига бармоқ билан босиб кўринг, ўз ҳолига тез қайтса, демак янги келтирилган. Эскирган балиқ ҳиди ўткир, ранги сарғиш ва яшил тусда бўлади. Кузлари ичига ботиб, хиралашиб кетган бўлса, асло харид қилманг. Сувда узоқ қолган балиқларда зарарли микроэлементлар ривожланган бўлади, бу эса инсон организмида гижжа ва қуртларнинг кўпайишига олиб келади.Совуқ сувда яшовчи фойдали мойларга бой балиқлар: лосось, тунец, скумбрия, палтус, форель (омега-3 мойига ўта бой) ни кўпроқ истеъмол қилишга одатланинг. Балиқлар асосан:

  • йод – йод танқислигининг олдини олиб, иммунитетни мустаҳлайди;
  • темир - қон ҳосил қилишда ёрдам кўрсатади;
  • фосфор - танада моддалар алмашинуви, мия фаолиятини яхшилайди;
  • кальций – суяк ва мушакларни мустаҳкамлашда асосий ўринни эгаллайди.

Бизда асосан дарё балиғи истеъмолда бўлгани учун зоғорабалиқ (сазан), илонбалиқ, лаққабалиқ, олабуға, чўртанбалиқ, бакра, товонбалиқ ейилади. Денгиз ва дарё балиқларининг асосий қиммати уларнинг гўшти таркибидаги ярим тўйинган омега-3 ёғ кислотаси. Бу модда қондаги липидлар ва холестерин миқдорини тартибга солиб, атеросклерознинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Бош мия, юрак қон-томирлар ҳолатига самарали таъсир кўрсатади. Бошқа ҳайвон гўштларига нисбатан балиқ гўшти 15 фоиз миқдорда организмда енгил сингиб кетувчи оқсил ва микроэлемантларга бой.

Кўриш қобилияти пасайганида...

Диетологлар балиқни парда ёки димлаб тайёрлашни тавсия этадилар. Боиси қовурилган овқатлар таркибида фойдали микроэлементлар йўқолиб кетади. Балиқ мойи эса дорихоналарда дармондори сифатида сотилади. Унинг таркибида аминокислоталар кўп бўлиб, улар мия тўқималарини озиқлантириш ҳусусиятига эга. Балиқ мойининг асосий таркиби омега-3 ёғ кислоталари бўлиб, гўдак ва ўсмирларнинг ақлий ривожланишида катта аҳамият касб этади. Шунингдек, бу мой аритмия, юрак ритмининг бузилиши, ревматоид артрит (бўғимларнинг яллиғланиши) каби касалликларда ҳам фойдали саналади. Балиқ мойи, шунингдек, қуйидаги касалликларга қарши курашишда тавсия этилади:

  • тез-тез шамоллаганда;
  • иммунитет танқислигида;
  • кўриш қобилияти пасайганда ва хиралашганда;
  • болаларда рахитни даволашда;
  • сочлар тўкилиб, тери қуриб, тирноқлар синувчан бўлиб қолганда;
  • хотира ва диққатни жамлаш қийинлашганда;
  • депрессия ҳолатида.

Витамин ва мойларни харид қилишга имконингиз бўлмаса, зиғир уруғини майдалаб, овқат, қатиқ ёки қатиқ билан аралаштириб истеъмол қилиш мумкин. Чунки зиғир уруғи таркибида омега-3 мавжуд.

Хавфи ҳам бор

Балиқнинг организм учун зарарли тарафлари ҳам бор. Буйрак ва ўт пуфаги хасталиги бор беморларга балиқ ва балиқ ёғи тақиқланади. Балиқ ўзида кўплаб дармондори сақлаши баробарида инсон саломатлиги учун зарарли симоб каби моддаларни ҳам йиғиб бориши мумкин. Шу боис балиқ харид қилаётганда юқорида қайд этилган тавсияларга амал қилинг.

Шаҳло Ширмуҳамедова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1