1

Яна қиш, яна томоқ оғриғи...

САЛОМАТЛИК 17.12.2018, 14:03
Яна қиш, яна томоқ оғриғи...

Томоқ оғриганида, кўпчилик нима қилишини билмай дарров дорихона томон ошиқади ёки унинг ўтиб кетишини кутиб, саломатлигига бефарқ қарайди. Ваҳоланки, бундай пайтда халқона тавсиялардан фойдаланиш мумкин. Қўл остимизда шундай доривор маҳсулотлар борки, уларни қабул қилиб, томоқ оғриғи, йўтал ва шамоллаш касалликларини бартараф этса бўлади. Хўш, сиз улар билан танишмисиз?

Асал

Илиқ сувга солинган бир чой қошиқ асал томоқдаги оғриқни енгиллаштиради. Шунингдек, унинг шамоллаш касалликларидаги фойдаси беқиёс.

Лимон

Цитрус мева С витаминига бой бўлиб, томоқ оғриғи, йўтал ва шамоллаш касалликларида жуда фойдали. С витамини организмнинг ҳимоя кучи – иммунитетни ошириб, турли касалликларга қарши курашишда беназир. Томоқ оғриғи бошланганида, 1 та лимон шарбати ва 3-4 қошиқ асални аралаштириб, кун давомида 1 чой қошиқдан 3-4 маҳал қабул қилинади.

Цитрус мевалари ҳамда асалга аллергияси борлар учун ушбу маҳсулотлар тавсия қилинмайди.

Пиёз

Қуруқ йўтални даволашда 2 дона пиёз шарбати ва ярим пиёла шакар сирли идишга солиниб, 10 дақиқа ўрта оловда қайнатилади. Сўнг совитилиб, 50 гр. асал қўшилади. Ушбу шифобахш аралашмадан кун давомида 4-6 маҳал 1 чой қошиқдан ейилади. Майда тўғралган пиёз (1 дона) 3 ош қошиқ табиий асал билан аралаштирилади. 1-1,5 соатдан сўнг пиёз суви ажралиб чиқади. Уни яна бир бор аралаштириб,кун давомида 5-6 маҳал 1 ош қошиқдан қабул қилинади.

Қора турп

Энг фойдали ва машҳур усул: турп яхшилаб ювилиб, ўртаси ўйилади ва асал солинади. Шу ҳолатда 24 соатга олиб қўйилади.Сўнг турп ичидаги асал кун давомида 3-4 маҳал 1 чой қошиқдан ейилади.

Саримсоқпиёз

5 дона саримсоқпиёз бўлагини 300 мл. сутга солиб, бироз қайнатинг. Сутдан саримсоқпиёз бўлакчалари олиб ташлангач, кун давомида 50 мл.дан 5-6 маҳал қабул қилишингиз мумкин.

Эвкалипт мойи

Нафас олишни енгиллаштиради, нам ва қуруқ йўталларни даволайди. Керакли натижага эришиш учун эвкалипт ва мойчечак мойи билан тенг миқдорда олиниб, аралаштирилади. Ундан кун давомида 3-4 маҳал қабул қилинади. Нам йўтални даволашда эса ушбу аралашмага розмарин мойини қўшиш мумкин. Ингаляция қурилмасидан фойдаланишда ҳам ушбу мойдан фойдлаланса бўлади.

Маймунжон мураббоси

Томоқ оғриғи бошланганида, илиқ чойга бир чой қошиқ май унжон мураббосини солиб ичиш фойдали. Шунингдек, бундай усул тинчлантирувчи ва яллиғланишга қарши таъсирга эга.

Анжир қоқи

2 дона анжир қоқи 200 мл сутда 10 дақиқа қайнатилади. Тайёр бўлгач, оз-оздан кунига 3 маҳал қабул қилиш мумкин.

Оғизни ғарғара қилиш учун

Томоқ оғриғини уй шароитида турли доривор ўтлар ва яллиғланишга қарши ҳамда антисептик воситалар ёрдамида ҳам бартараф қилиш мумкин.

* 4 дона янги узилган баргизуб барги ёки унинг 2 ош қошиқ қуритиб майдаланганини 200 мл сувга солиб, дамланади ва ярим соатга тиндиришга қўйилади. Илиқ ҳолатдаги тиндирма билан томоқ кун давомида чайиб турилади. Муолажа тузалгунга қадар давом эттирилади.

* 20 гр. мармарак 300 мл қайнаган сувда дамланиб, 1 соат тиндирилади. Белгиланган муддат ўтгач, сузиб олинади. Дамлама билан томоқ чайилса, ангина, тонзиллит ва фарингитда жуда қўл келади.

* 1 чой қошиқ календула гули 1/3 стакан қайноқ сувда дамланади. Бу дамлама ҳам томоқ чайишда фойдаланилади.

Терапевт Хуршида Каримова тавсиялари асосида

ФАЗИЛАТ тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1