1

Чимёнда ҳарбий хизматчилар экстремал шароитларда яшовчанлик машғулотларини ўтказмоқда

ЖАМИЯТ 13.12.2018, 21:51
Чимёнда ҳарбий хизматчилар экстремал шароитларда яшовчанлик машғулотларини ўтказмоқда

Тошкент вилоятининг Чимён тоғларида жойлашган Мудофаа вазирлиги Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказида Давлат хавфсизлиги ҳизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан қишки амалий машғулотлар ўтказилиши бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўттиздан ортиқ ҳарбий хизматчилар бу ерда 12 кун давомида тоғ тайёргарлиги, отиш, чанғида учиш, ҳарбий топография, экстремал шароитларда яшовчанлик ҳамда ҳарбий альпинизм тайёргарликлари бўйича малакали мутахассислардан сабоқ оладилар.

Тоғли ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатлар асосан довонлар ва ўтиш йўлларини, баланд тоғларда яшаш учун қулай бўлган ҳудудларни эгаллаш учун олиб борилади. Шунинг учун тоғ тайёргарлиги бўйича машғулотлар табиий шароитларда, айнан қоялар ва юриш ўта мураккаб бўлган сўқмоқларда ўтказилиб, бу жараёнда ҳаракатланишнинг ўзига хос жиҳатларига, иродани мустаҳкамлашга, оғир вазиятлардан чиқиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш кўникмаларини ҳосил қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Машғулотларни Мудофаа вазирлиги Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказининг моҳир ҳарбий альпинист-йўриқчилари олиб бормоқда.

«Бундай жойлардаги жанг майда ўчоқларга бўлиниб, кичик гуруҳлар таркибида шахсий қурол-яроғ ва анжомлардан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Душман ҳийлалари ва таҳдидидан ташқари табиий тўсиқлар ва мураккабликлар ҳам топшириқларни тўлақонли бажаришга монелик қилади. Махсус тайёргарликдан ўтган, худди шундай мураккаб иқлим шароитларида мунтазам машқ қилган ҳарбий хизматчигина тезкор, аниқ ва беталафот ҳаракат қилиш кўникмасини эгаллайди», — дейди марказ бошлиғи подполковник Фарҳод Муллажонов.

Амалий машғулотларни муваффақиятли ўтаган ҳарбий хизматчиларга «HARBIY INSTRUKTOR ALPINIST ва HARBIY ALPINIST» сертификати ҳамда кўкрак нишони топширилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1