1

Маданий меросни асраб-авайлаш, оммалаштириш муносабатларида элчилар фаол бўлиши керак

МАДАНИЯТ 11.12.2018, 16:10
Маданий меросни асраб-авайлаш, оммалаштириш муносабатларида элчилар фаол бўлиши керак

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш масалаларига бағишланган халқаро медиа-форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумнинг иккинчи куни "Маданий меросни оммалаштиришда мультимедиа трендлари. Ўзбекистон тажрибаси" мавзусида давом этмоқда.

Нуфузли тадбирнинг медиа-инвент қисмида спикерлар томонидан "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳасини қўллаб-қувватлашда айрим хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари томонидан эътибор, амалий ҳаракат етишмаётгани танқид остига олинди.

Хусусан, форум меҳмони, Америка ташқи сиёсати кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси Фредерик Старр тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатлар дипломатик корпуслари вакиллари оз сонли эканига эътибор қаратди.

– Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳаси дунё амалиётида маданий меросни сақлаб қолиш ва оммалаштиришда янгича тажриба, шу билан бирга фуқаролик жамиятида янги ҳодисадир, – деди Ф.Старр. – Афсуски, шундай ташаббус натижалари ва келгуси режаларини ишлаб чиқишга бағишланган мазкур форумда халқаро ҳамжамият вакиллари, элчиларнинг жуда кам сонда иштирок этаётганига гувоҳ бўлдим. Ваҳоланки, давлатлар ўртасидаги маданий меросни асраб-авайлаш, оммалаштириш муносабатларида улар фаол бўлиши керак.

Фредерик Старрнинг мулоҳазаларини Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси, "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳам қўллаб-қувватлади.

– Аслида бу лойиҳа муросанинг бир шакли, – деди Ф.Абдухолиқов. – Унинг доирасида чет эллардаги музейлар халқимиз маданий меросига оид намуналарнинг асл ва фото нусхалари билан ўртоқлашмоқда. Масалан, Эрмитаж бу борада бизга яқиндан кўмак бермоқда. Лекин, мамлакатимиздаги хорижий давлатларнинг баъзи элчихоналари оғзаки ваъдалардан нарига ўтгани йўқ. Улар томонидан амалий ҳаракатлар кўрсатилмаяпти.

Медиа-инвентда спикерлардан бири, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам ўз муносабатини билдириб, ушбу танқид элчилар учун уятли эканини айтиб ўтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1