1

Ефим Резван: Ўзбекистоннинг тарихий маданияти жуда бой ва синоатлидир

МАДАНИЯТ 10.12.2018, 17:13
Ефим Резван: Ўзбекистоннинг тарихий маданияти жуда бой ва синоатлидир

Аввал хабар қилинганидек, пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил йўл харитасини ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форумида мамлакатимиздан ва дунёнинг турли мамлакатларидан 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро форумда хорижий мамлакатларда сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Зафарнома”, “Темур тузуклари”, “Равзатус-сафо” китоблари илмий талқинига алоҳида ўрин берилган.

Улардан бири “Катта Лангар Қуръони”дир. Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхалардан бири бўлган ушбу маънавий мероснинг бугунги кунда саҳифалари Санкт-Петербург, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида сақланмоқда.

Қўлёзманинг бизгача етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Қўлёзманинг бу қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда, бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган. Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган деб тахмин қилиш мумкин. Кейинчалик матнга қизил сиёҳ билан тузатишлар киритилган, ўчиб кетган сўзлар ҳам худди шу рангдаги бўёқ билан қайта тикланган.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон терисига битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 52,5х34,0 см.ни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган.

Табаррук китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессор Ефим Резваннинг маълумот беришича, ушбу қўлёзманинг яратилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.

– Ўзбекистоннинг тарихий маданияти жуда бой ва уни ўрганган сари сир-синоати очилаверади, – деди ушбу форум иштирокчиси, профессор Ефим Резван. – Биз бу юрт ўтмиши ҳақида қанча мақолалар ёзмайлик, унинг якунига ета олмаймиз. Шуни ишонч билан айтаманки, бу заминнинг ўтмишини ўрганиш бизнинг невараю чевараларимиз учун ҳам етиб ортади. Табаррук Қуръон китоби бўйича мутахассисман. Муқаддас китоб 114 та сурани ўз ичига олади. Ҳар бир сура қўлёзмасининг яратилиши шу ҳудуд билан боғлиқ дейиш мумкин ва улар ўз яратилиш тарихига эга. Худди шу каби Санкт-Петербургда сақланаётган қўлёзмалар тарихи ҳам Хитой ва Эрон давлатлари боғлиқлиги бор. Мақсадимиз бу борадаги изланишларни яна ҳам давом эттиришдир. Бу каби ўтказилаётган нуфузли тадбирлар бизнинг тадқиқотларимизга кенг йўл очиб беради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1