Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният хазинаси

МАДАНИЯТ 10.12.2018, 16:43
Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният хазинаси

Аввал хабар қилганимиздек, бугун пойтахтимизда санъат ва маданият оламидаги йирик ҳодиса - "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида"лойиҳасининг 2018 йил якунлари ҳамда 2019 йил йўл харитасига бағишланган халқаро медиа-форуми ўз ишини бошлади.

Медиа-форумда 350 нафар миллий ва хорижий олимлар, халқаро ташкилотлар, вакиллари, чет эллик ва ўзимизнинг экспертлар, музейлар, кутубхоналар, илмий институтлар, медиатузилмалар раҳбарлари, кўплаб маданий меросимиз ихлосмандлари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилиши маросими Темурий тарихи давлат музейида ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар ўзбек халқининг бой маданий мероси узоқ тарихга эга эканлиги, бугунги кунда мазкур бой ва беткрор меросни асраб авайлаш ва кенг тарғиб қилиш учун жуда катта ишлар амалга оширилаёгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Темурийлар тарихи Давлат музейида "Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" туркумидан чоп этилган китоб-альбомларнинг 13 жилди, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" туркумининг 10 жилди, шунингдек шарқ китобат санъатининг юксак намуналари бўлган – "Катта Лангар Қуръони", Ҳусайн Бойқаро девони, "Меърожнома", "Зафарнома", "Темур тузуклари", "Равзатус-сафо" китоблари факсимиле нусхалари намойиши бўлиб ўтди.

Айни пайтда ЎзЭОАВМА медиа-холли (собиқ "Зарафшон" зали)да форум ўз ишини давом эттирмоқда. Биз миллий ва хорижий меҳмонларининг мазкур форум ҳақида, Ўзбекистон маданий мероси ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Эдвард Ртвеладзе, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги:

— Бир неча йилдирки, бу йўналишда жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Қанча китоблар чиқариди, фильмлар суратга олинди. Бу ҳали жуда катта ишнинг бошланиши холос. Ҳали Ўзбекистон заминига тегишли бўлган осори атиқалар жуда кўп. Уларни излаб топиш, ўрганиш тадқиқ этиш ҳар биримиздан катта ғайрат-шижоатни талаб этади. Мен бугун дунёнинг турли нуқталаридан юртимизга ташриф буюрган ҳамкасбларимизни чин дилдан қутлайман ва биз билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганлари учун ташаккур билдираман. Айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистон маданий меросини ўрганишда янги давр, янги кун бошланди. Бир пайтлар Олтин Ўрта ҳудудида ҳукмронлик қилган Тўхтамишхон чиқартирган тангаларда туркий тилда шундай сўзлар ўйиб ёзилганди: "Янги кун қутлуғ бўлсин!". Мен ҳам барчангизни янги давр, янги кун билан табриклайман.

Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти:

— Ўзбекистон азалдан буюк алломалар юрти бўлиб келган. Бу заминдан Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Абдуллоҳ Жайҳоний сингари қомусий олимлар, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний сингари ислом оламининг етук алломалари, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий сингари шоирлар етишиб чиққан. Улар яратиб қолдирган бой маданий мерос дунёнинг турли ҳудудларига тарқалиб кетган. Бугунги авлоднинг олдида турган йирик ва шарафли вазифаларидан биридир.

Сергей Лаптев, Япониянинг Сигараки шаҳридаги Михо музейи илмий ходими:

— Япония ва Ўзбекистонни асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган Буюк Ипак йўли ҳам бирлаштириб туради. Айни пайтда Японияда Ўзбекистон маданий мероси билан боғлиқ жуда кўп осори атиқалар турли музейларда сақланмоқда. Биз ана шу нодир намуналар ҳақида "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидан чоп этилган навбатдаги китоб-альбомда батафсил сўз юритдик. Бу китоб Кунчиқар мамлакатнинг еттита йирик музейларини қамраб олган. Мазкур маданий муассасаларда асрлар давомида япон императорларнинг махсус хазиналарида сақлаб келинган бебаҳо экспонатлар, сопол ва чинни буюмларни кўриш мумкин. Бу хазиналар шу қадар эҳтиёткорлик билан сақланганки, уларнинг калити фақат император ва унинг яқинларида турган. Биз бундан минг йиллар муқаддам Ўзбекистон ҳудудида яратилган ана шу дурдоналарнинг суратлари ва қимматли маълумотларни ўқувчиларимиз ҳукмига ҳавола этдик.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1