1

​Тошкентда "Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида" кўргазмаси очилади

МАДАНИЯТ 10.12.2018, 10:01
​Тошкентда "Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида" кўргазмаси очилади

Бугун, 10 декабр куни Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейида “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доимий кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтади.

Тадбир “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2019 йилда йўл харитасини ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедияли форум доирасида ўтказилади.

«Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳасининг доимий кўргазмаси музей залларида лойиҳа томонидан фаолияти давомида чоп этилган маҳсулотларни намойиш этишга бағишланган.

Унинг экспозициясидан “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” туркуми альбом-китобларининг 20 томи, “Ўзбекистоннинг архитектура эпиграфикаси” туркуми 12 томи, ҳозирги пайтда турли хорижий мамлакатлар музейларида сақланаётганноёб ўрта асрлар қўлёзмалари факсимилеси ўрин олган. Жумладан,«Катта Лангар Қуръони», «Темур тузуклари», «Зафарнома», Ҳусан Бойқаронинг «Девони», «Мирожнома» каби асарлар намойиш қилинади.

Кўргазмага ташриф буюрганлар китоблар билан танишиб чиқиши мумкин. Келгусида экспозиция янги томлар чоп этилиши давомида бойитиб борилади.

Шуни таъкидлаш керакки, китоб-альбомларни яратиш учун турли мамлакатлардан Ўзбекистон маданияти ва тарихи бўйича тадқиқот ва ахборот мақолаларини чоп этган 100 дан ортиқ олимлар жалб қилинган.

Лойиҳа бир неча йўналишларда амалга оширилади, улардан энг муҳимлари иккита: дунёнинг музей ва хусусий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақидаги китоб-альбомларни чоп этиш, шунингдек, ушбу тўпламлар асосида маълумотларни бойитувчи ҳужжатли фильмларни яратишдир. Ушбу фильмлар уч тилда овозлаштирилиб, улар ёзилган дисклар альбомларга илова қилинади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1