1

"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида": мунозаралар, мушоҳадалар, кашфиётлар давом этади...

ЖАМИЯТ 07.12.2018, 11:03
"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида": мунозаралар, мушоҳадалар, кашфиётлар давом этади...

10-11 декабрь кунлари Ўзбекистонда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунла­ри ва “Йўл харитаси-2019”ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форуми бўлиб ўтади.

Мазкур йирик анжуман арафасида лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлашдик.

— Аввало, лойиҳа доирасида қўлга киритилаётган ютуқлар билан табриклаймиз. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари, ҳамкорлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Раҳмат. Маълумки,­ Ўзбекистон дунё та­мад­­дунининг қадимий ўчоқ­ларидан бири ҳисоб­ланади. Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиз ҳудудида яратилган ва турли сабабларга кўра жаҳоннинг турли ҳудудларига сочилиб кетган меросимиз намуналарини излаб топиш, тадқиқ қилиш ва кенг миқёсда тарғиб этишга катта эъти­бор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Биз ана шу мақсадда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Вазирлар Маҳ­камаси ҳузуридаги Ўз­бе­кистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Маданият вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунингдек, нефть қазиб чиқариш билан шуғул­ланувчи “EriellGroup” компаниясининг айрим ижтимоий­ масъулиятга эга йи­рик бизнес субъектлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.

— Навбатдаги форумнинг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари борми?

— Бу галги форумда жорий йил давомида қилинган ишлар хусусида сўз юритилади. Жорий йилда хорижий мамлакатларда амалга оширилган илмий экспедициялар, турли шаҳарларда ўтказилган йирик халқаро анжуманларнинг натижалари кенг оммага тақдим этилади.

Шу билан бирга мамлакатимиз, шунингдек, Россия, Германия, Чехия, Япония, Туркия сингари мамлакатлардаги музейлар, кутубхоналар, илмий муассасаларда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларни қамраб олган “Ўзбе­кистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилган китоб-альбомларнинг навбатдаги — 10 жилди ўқувчиларга тақдим қилинади.

Форумнинг кульминацион нуқталаридан яна бири дунё­га машҳур олим, тарих фанлари доктори Ефим Резван Қуръони каримнинг Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлган, айни дамда дунё­нинг турли ҳудудларида сақланаётган 114 та нусхаси ҳақида сўзлаб беради.

— Нега айнан 114 та?

— Ди­нимизнинг муқаддас китоби бўлган Қуръони карим 114 та сурани ўз ичига олади. Қуръони каримнинг энг қадимги нусхаларидан бири Ҳазрати Усмон мусҳафининг юртимизда сақланаётгани ҳам бежиз эмас. Бу муқаддас китобнинг яна бир қадимий нусхаси — “Катта Лангар Қуръони” ҳам узоқ асрлар мобайнида юртимиз ҳудудида кўз қорачиғидек сақланган. Кейинчалик турли сабабларга кўра унинг катта қисми Ўзбекистондан олиб чиқилган. Мазкур ло­йиҳа дои­расида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди ва мам­лакатимизнинг турли маданий-маъ­ри­фий муассасаларига тар­қатилди.

Бундай нусхалар жуда кўп. Чунки Ўзбекистон замини азалдан ислом маданиятининг энг йирик марказларидан ҳисобланган ва бу ерда Қуръони каримни кўчириш санъат даражасига кўтарилган. Албатта, 114 — рамзий рақам. Бироқ биз бу лойиҳамиз доирасида энг сара, бебаҳо Қуръон нусхаларини қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз.

— Мазкур анжуманда “Ўз­бекистоннинг 100 маш­­ҳур қўлёзма ёдгорликлари” лойиҳаси ҳам тақ­дим этилар экан...

— Айни пайтда мазкур лойиҳа бўйича бир қатор дурдона асарларнинг факсимиле нусхалари Европа технологиялари асосида кўпайтирилиб, юртимизга олиб келинди. Улар қаторида “Темур тузуклари”, “Девони Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Равзат­ ус-сафо” сингари ноёб асарларини мисол келтиришимиз мумкин.

Ушбу форумда Шарафуддин Али Яздийнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Зафарнома” китоби ноёб нусхасининг факсимиле нусхасини тақдим этамиз. Келгусида мазкур туркумга кириши мумкин бўлган нодир асарлар рўйхатини шакллантир­япмиз.

— Анжуманда яна қандай ўзига хос ян­ги­лик­лардан хабардор бўлишимиз мум­кин?

— Олимлар юртимиз тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлган бир қанча асарларни яратишган. Аммо улар ўз вақтида кам нусхада чоп этилгани боис бугун уларни топиш амримаҳол. Ана шу мақсадда биз бундай дурдоналарни қайта нашр этишни йўлга қўйдик. Ушбу туркумнинг биринчи китоби — Э. В. Ртве­ладзенинг “Буюк Ҳинд йўли” китоби ҳам мазкур анжуман тақдимотидан ўрин олган.

Анжуманда мамлакатимиз ва хориж киноусталари томонидан суратга олинган, Ўзбекистон маданияти ҳақида ҳикоя қи­лувчи бир қатор янги ҳуж­жатли фильм­лар ҳам намойиш қилинади. Яқинда ЎзЭОАВМА ҳамда Россия­нинг “Культура” телеканали ҳамкорлигида суратга олинган “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” номли тўрт серияли ҳужжатли фильми шулар жумласидан.

— Бу йилги Х Ижтимоий­ медиа маҳсулотлар миллий фестивали айнан шу мазкур илмий анжуман билан бирга бир пайтда ўтяпти...

— X Ижтимоий медиа маҳсулотлар миллий фес­тивалида бевосита “Маданий мерос — Ўзбекистон бренди” ғоясинитарғиб этувчи ижод намуналари тақдим этилади. Мазкур фестивалнинг мутлақ ғолибига “Spark” автомашинаси тақ­дим этилиши ҳам унинг қамрови, талаблари, масъу­лияти қанчалик юқори эканини кўрсатиб турибди.

Биз бу фестивални 10 йилдан бери ўтказиб келамиз. Унинг асосий мақсади жамиятимиздаги жиддий муаммоларга қисқа, лўнда, аниқ роликлар орқали жамоатчиликнинг эътиборини қаратишдан иборат. У атиги бир-икки дақиқа давом этади. Шу қисқа вақт кесимида муаллифлар йирик бир муаммо ва унинг ечимини кўрсатиб бера олишлари керак.

— “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўп­лам­ларида” лойиҳаси давомида хорижда юз берган қизиқарли во­­қеа­ларни эслай оласиз­ми?

— Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Дин тарихи давлатмузейи — ўта ихтисослашган музей. Биз мазкур музейга Ўзбекистонга оид экспонатларни ўрганиш мақсадида борганимизда, музей ходимлари фондда сақланаётган “ўзбекона” экспонатларидан бехабар экани маълум бўлди. Уларга Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатларни кўрсатишни сўраганимизда, елка қи­сишди: “Нима учун бизда шундай экспонатлар бор, деб ўйлаяпсиз?”. “Сиз нима учун йўқ деб ўйлаяпсиз? Хориждаги бошқа музейларда ҳам шу масалада мурожаат қилганимизда ҳам шунақа дейишганди. Музейларнинг захира фондларини ўрганганимизда кўплаб қимматли ашёларни топганмиз, сиз ҳам яхшилаб қараб кўринг”, дедик. Улар рози бўлишди. Музей фондидан бирин-кетин жуда антиқа буюмлар топила бошлади. Ходимлар ҳар бир топилма ҳақида бизга маълумот бериб туришди. Улар ҳатто Бухоро амирининг зардўзи чопонини ҳам топишди. Мазкур музейдан нафақат Ислом, балки Ўзбекистон ҳудудидан топилган зардўштийлик, буддавийлик, яҳудийлик динларига оид экспонатлар ҳам ўрин олган экан. Буэсаазал азалдан Ватанимизда диний бағрикенглик анъаналари мавжуд бўлганини кўрсатади.

— Мазкур йирик лойиҳа доирасида келгуси йилда қандай режалар кўзда тутилган?

— Биз форумнинг иккинчи куни 2019 йилги “йўлхари­таси”ни муҳокама қиламиз. Айни пайтда Са­марқанд, Сур­хондарё­, Қора­қал­по­ғис­­тондаги қа­димий мас­­кан­лар­нинг виртуал хариталарини — ўтмишда улар қандай кўринишда бўлганини бугунги томошабинга намойиш қилиш устида ишлаяпмиз.

Жорий йилда Санкт-Петербургда ўтган конгрессда дунёнинг турли ҳудуд­ларидан 300 олимни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти таъсис этилди. Дунёнинг бирор мамлакатида бундай нуфузли халқаро жамият ташкил этилмаган. Биз бу олимларнинг илмий са­лоҳиятидан, тажрибасидан фойдаланишимиз керак.

Масалан, Япониянинг Михо музейи мутахассиси Сергей Лаптев қадимий сопол кошинлар сирини топиш устида изланмоқда. Биласиз, юртимиздаги тарихий обидалар гумбазлари асрлар ўтса-да, ўз тусини йўқотмайдиган ўзига хос сирли кошинлар билан қопланган. Ўтмишда боболаримиз бу гумбазларга ранг беришда қандай технологиялардан фойдалангани ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда. Лаптев эса ана шу сирни очиш арафасида. Биз эса унга қўлдан келганча ёрдам беряпмиз.

— Эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Рустам ­ЖАББОРОВ суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1