1

Scorpion фильми рекорд даражада томошабин йиғди

МАДАНИЯТ 04.12.2018, 09:39
Scorpion фильми рекорд даражада томошабин йиғди

1 декабрь куни пойтахтимиз кинотеатрларида “Scorpion” триллерининг премьераси бўлиб ўтди.

Илк уикендда (дам олиш кунларида) картинани томоша қилиш учун кинотеатрларга 15 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрди. Бошқа фильмлар намойишига келадиган томошабинлар сони билан таққослаганда бу кўрсаткич 15-20 баробарга кўп. Алишер Навоий номидаги кино саройи маъмуриятидан маълум қилинишича, киноихласмандларининг талабидан келиб чиққан ҳолда деярли барча кинозалларда беш сменада ҳам “Scorpion” фильми намойиш этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Мухлиса Азизова режиссёрлигида ишлаб чиқарилган “Scorpion” триллери 27 ноябрь куни IV PROlogue халқаро кинофестивалининг очилишида гала-премьера қилинган эди. Картина шу куннинг ўзидаёқ ўзбек ва хориж киноси вакиллари томонидан юксак эътироф этилди.

Триллер Тошкент, Бухоро, Санкт-Петербург ва Марокашда суратга олинган.

Ёшлар ўртасида халқаро жиноятчиликка қарши курашишга даъват этувчи фильмда Фарҳод Маҳмудов, Карим Мирҳодиев, Юлдуз Ражабова, Раъно Шодиева каби таниқли актёрлар иштирок этди. Шунингдек, ролларда машҳур туркиялик актёр Мурат Йилдирим ва россиялик актёр Вячеслав Разбегаев роль ижро этган.

Фильм сценарий муаллифи Боб Андервуд (АҚШ), картина оператори Макс Цуи (Германия). Овоз устида ишлаш жараёни «Мосфильм» киноконцерни мутахассислари томонидан амалга оширилган. Ранг-тасвир эса Москванинг Color Kitchen компанияси ҳамкорлигида олиб борилган. Фильмнинг овоз дизайни устида америкалик овоз режиссёри Гери Буржуа ишлаган.

Картина тизери бир кун ичида бир миллион мартадан ортиқ томоша қилинган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1