1

"Равзутус-сафо" – тарихнинг мунаввар кўзгуси

МАДАНИЯТ 03.12.2018, 18:54
"Равзутус-сафо" – тарихнинг мунаввар кўзгуси

Шарқ халқлари тарихини ўрганиш, тадқиқ этишда Табарий, Наршахий, Байҳақий, Жувайний, Шарафиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий сингари олим ва мутафаккирлар яратиб қолдирган дурдоналар катта аҳамият касб этади. Ана шундай бебаҳо тарихий асарлардан бири “Равзатус-сафо” асаридир.

Асарнинг илк муаллифи Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Махмуд ал-Балхий — Мирхонд (1433-1498) ўрта аср тарих фанининг кўзга кўринган намояндаларидан биридир. Мирхонднинг отаси Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ҳам замонасининг билимдон кишиларидан бўлиб, Темурийлар ҳукмронлиги даврида Бухородан Балхга келиб қолган.

Мирхонд 1433 ййли Балхда туғилган бўлса-да, умрининг деярли куп қисмини Ҳиротда ўтказди. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида набираси Ҳондамир «Хулосат ул-ахбор» китобида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Ҳазрат Навоий Мирхондга жуда катта моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган, ўзининг «Ихлосия» хонақосидан бир ҳужра ажратиб берган ва ундан бир тарихий асар ёзиб беришни илтимос қилган. Мирхонд бу асарни қисқа вақт ичида ёзиб тамомлаган. 1497 йилнинг баҳорида оғир касалликка чалиниб, 1498 йилда оламдан ўтган. Асарни унинг набираси Хондамир давом эттирган.

Бу асарнинг номи «Равзат ус-сафо фи сийрат ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо» («Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи») бўлиб, ундан дунёнинг яратилишидан то 1523 йилга қадар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён этилган. Равзат ус-сафо» муқаддима, еттита жилд, хотима ва жуғрофий қўшимчадан ташкил топган.

Асар рангинва жозибали тилда, содда ва равон услубда ёзилган бўлиб, илк саҳифаларданоқ ўқувчининг эҳтиборини ўзига тортиб олади. У жуда кўп ибратли, таъсирли, қизиқарли воқеаларни ўз ичига олади. Асар тили ва услубига кўра, ўз даврининг бебаҳо адабий ёдгорлиги ҳисобланади.

Мазкур бебаҳо асарнинг парчалари француз, лотин, швед, немис ва бошқа бир қатор тилларга таржима қилинган. Узоқ вақт давомида ушбу асар европаликлар учун Шарқ тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб ҳисобланган.

Асарнинг нодирқўлёзмаларидан бири Санкт-петербургда, D 203 рақами остида Россия Фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда.1608 йилда кўчирилган, 233 варақдан иборат бу қўлёзманинг айрим саҳифаларига олтин суви югуртирилган. Мазкур китобда Тоҳирийлар давридан то Амир Темурнинг давлат тепасига келишига қадар бўлган воқеалар (820-1370 йй.) битилган.

6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулофотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси иштирокчилари анжуман доирасида ушбу нодир қўлёзмани ҳам ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

Шундан ушбу китоб асарнинг 4-5 қисмларини ўз ичига олган, деб хулоса қилиш мумкин.

Мирхонднинг бу асари жуда кўп мамлакатлар тарихини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Китобнинг факсимиле нусхаси кўпгина тадқиқотчилар учун Марказий Осиё тарихи, хусусан темурийлар даврини ўрганишжа муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Асарнинг ўзбекчага таржимаси Муҳаммад Раҳимxон Феруз даври (1865-1873)да машҳур шоир ва тарихчилар Шермуҳаммад Мунис (1778-1829) ва Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809-1894) томонидан амалга оширилади.

Асрлар ўтиши билан сулолалар ўзгарди, давру давронлар алмашди. Шу боис XVI аср биринчи чорагидан кейинги воқеаларни пухта, асосли ёритадиган асарларга эҳтиёж сезила бошлаганди. Аммо, бу сингари катта ҳажмли асарни муносиб тарзда давом эттиришга ҳар қандай тарихчи олим журъат эта олмасди. Бироқ, Эронда Қожорлар даврида яшаган машҳур тарихчи, шоир вадипломат Ризоқулихон Ҳидоят (1800-1871) ана шу ишга қўл урди.

Ризоқулихон ёшлигидан Қожорлар сулоласининг вакили Фатҳали Шоҳ (1797-1834)нинг саройида хизмат қилган. Ўзининг рангин шеърлари билан шоҳнинг назарига тушган Ризоқули “амируш-шуаро” (шоирларнинг амири” унвонини олган.

У сулоланинг кейинги вакили Насриддин Шоҳ Қожор замонида ҳам (1848-1896) саройда масъул вазифаларда ишлаган. Сарой кутубхонаси раҳбари бўлган, кейинчалик Эронда янги усулдаги мактаб очиб, уни бошқарган.

Ризоқулихон Ҳидоят Шарқда форсий тилдаги энг мукаммал тарихий асарларданбири саналган “Равзатус-сафо” асарининг давомини ёзишга киришди. Ризоқулихон Мирхонднинг баён услубини сақлаган ҳолда Сафавийлар давридан бошлаб, Афшарлар, Зандлар ва Қожорлар сулоласи даврида Эрон, Хуросон ва қисман Мовароуннаҳрда юз берган воқеаларни ўзининг уч жилдли асарида ёзиб қолдирган. Асар Насриддин Шоҳга бағишлаб битилгани учун унинг исмига монанд тарзда “Равзатус-сафои Носирий” деб номланган.

Ризоқулихон Ҳидоят 1851 йилда НасриддинҚожор (1834-1848) нинг топшириғи билан Хива хони Муҳаммад Аминхон (1845-1855) ҳузуригаэлчи бўлиб келади. Мазкур элчилик асносида Эрон-Хоразм муносабатларига ойдинлик киритиш юзасидан музокаралар олиб борилган. Хоразмдаги саёҳати ҳақида у “Сафоратномаи Хоразм” (Хоразм сафари кундалиги) асарини ҳам ёзади. (Мазкур асар 2009 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида Исмоил Бекчон таржимасида ўзбек тилида босилиб чиққан). Мазкур асарида Ризоқулихон Хоразм хақлининг тарихи, маданияти, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари, хусусан Хива хонлигида 19-аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазият ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Чамаси, Ҳидоят Хива хонлигига ташрифидан сал аввалроқ “Равзатус-сафойи Носирий” асарини ёзиб тугатган эди. Чамаси у мазкур асарнинг бир нусхасини ўзи билан олиб келган. У Хивада бўлган пайтида буюк ўзбек шоири Огаҳий билан ҳам учрашгани, у биланижодий ҳамкорлик қилгани маълум.

Юқорида айтилганидек, “Равзатус-сафо”нинг ўзбек тилига таржимаси Мунис томонидан бошланган, бу ишни эндиликда Огаҳий давом эттираётган эди. Шоир кейинчалик, ушбу йирик тарихий асарнинг Ризоқулихон қаламига мансуб қисмини ҳам ўзбекчага ўгирган.

Бугунги кунда Мирхонд ва Хондамир қалаимига мансуб “Равзатус-сафо” асари билан бирга Огаҳий таржимасидаги “Равзатус-сафои Носирий” асари ҳам Россия фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1