1

Ортопедик матраслар ҳақида 8 ҳақиқат

САЛОМАТЛИК 30.10.2018, 23:17
Ортопедик матраслар ҳақида 8 ҳақиқат

Ҳаётимизнинг деярли учдан бир қисмини уйқуда ўтказамиз. Шунинг учун уйқу маҳали умуртқа қулай ҳолатда бўлишига эътибор қаратиш зарур. Агар юмшоққина тўшакда маза қилиб ухлайман десангиз, адашасиз, умуртқа учун қаттиқ ўрин афзал.

Одатда, шифокорлар умуртқа учун ортопедик матрасларда дам олишни тавсия қилишади. Хўш, унинг афзаллиги нимада? Бу хусусда вертебролог-шифокор Соҳиб САИДОВ маълумот беради.

Тиниқиб ухлайсиз

Классик ортопедик матрас – бу махсус сертификатланган тиббий маҳсулот бўлиб, шифокор тавсиясига кўра қўлланади. Аммо ҳозирги кунда мебель саноатида ортопедик хусусиятга эга матраслар тавсия қилиняпти. Масалан, пружинали, алоҳида мустақил пружинаси бор ҳамда пружинасиз турли қўшимчалардан фойдаланилган матрасларни айтиш мумкин. Хуллас, танлов катта. Бундай матраслар умуртқа саломатлигини таъминлашдан ташқари, чидамлилиги билан ҳам оддийларидан устун. Ортопедик матраслар қуйидаги хусусиятларга эга:

•уйқу сифатини оширади, яъни киши тиниқиб ухлайди;

•бел ва бўғимлар муаммосининг олдини олади;

•умуртқа табиий физиологик ҳолатда бўлишини таъминлайди;

•қон-томир тизими фаолиятига тўсқиник қилувчи ҳолатлардан сақлайди.

Саломатлик посбони

Кўпчиликнинг ўйлашича, ортопедик матраслар фақат умуртқаси касалланганлар учун. Аслида эса бундай эмас. У фақатгина муолажа сифатида қўлланмайди. Мазкур турдаги матрасни ҳар ким мебель ёки махсус фабрика дўконларидан харид қилиши мумкин. Бундай матраслар умуртқа устуни, таянч-ҳаракат аппарати саломатлигини сақлашга хизмат қилади.

Кун давомида умуртқамизга эътибор бермаймиз, у эса тиним билмайди. Кечаси уйқуга ётганда дам оляпман, деб ўйлаймиз, аммо умуртқа барибир гавдани ушлаб туриш билан банд бўлади. Ортопедик матраслар эса танамиз қулай ҳолатда бўлишини таъминлаб, умуртқага енгиллик туғдиради.

!Агар суяк-мушак тизимида бирор хасталик бўлса, матрас танлашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш шарт!

Тахтадекми, пахтадекми?

Билсангиз керак, ортопедик матраслар қаттиқ бўлади. Лекин уларнинг қаттиқлик даражаси турлича. Бундай матрасларнинг асосий сифати — эгилувчанлигидир. Яъни, мақсад танани саломатлик учун зарур бўлган табиий ҳолатга келтириш.

Айниқса, болалар қаттиқроқ матрасда ётгани маъқул. Бундай матрас шаклланаётган умуртқа учун фойдали бўлиб, бола букчайишга одатланишининг олдини олади.

!Матраслар қаттиқлик даражасига кўра 5 турга бўлинади:

•кексаларга юмшоқроқ, баъзи жойлари қаттиқ эластик моделлар;

•тана вазни 60 кг.дан кам бўлганлар учун юмшоқ ёки ўртача қаттиқликдаги;

•тана вазни 90 кг.гача бўлганлар учун ўртача қаттиқликдаги;

•тана вазни кўп бўлганларгақаттиқроқ матраслар тавсия этилади.

!Матрас шаклини узоқ вақт сақлаб туриш учун ҳар 3 ойда бошқа томонига ағдариб туриш керак.

Фойдами ё зарар?

Таянч-ҳаракат аппаратидаги муаммолар, одатда, жуда фаоллигимиз сабабли келиб чиқади. Уйқу пайти ноқулай ётиш эса бу муаммоларни янада кучайтиради.

Ортопедик матраслар уйқу пайти тана ҳолатини қулайлаштириб беради. Сифатли ортопедик матрас бир неча қаттиқ зонага эга бўлади. Матрасдаги сон соҳаси юмшоқроқ, бўйин, бел соҳалари эса эластик бўлиши лозим.

Фойдаси:

•Матрас тана шаклига мослашади. Умуртқага дам бериб, даволайди, мушакларни бўшаштиради, бош оғриғи ва уйқусизликдан халос қилади;

•умуртқа касалликларининг олдини олади;

•хавфсиз хомашёдан тайёрланади, аллергия келтириб чиқармайди;

•жароҳатланганда қўл келади.

Зарарли томони:

•Сифатсиз матрас харид қилсангиз, яхши ухлай олмаслик, уйқуга тўймаслик, бош оғриғи ва аллергияни ҳам сотиб олган бўласиз;

•ўта қаттиқ матрас умуртқага зиён етказиб қўйиши мумкин;

•сифатсиз хомашёдан тайёрланган матрасларда ҳаво айланиши яхши бўлмагани сабабли ҳид пайдо бўлади, бактерия кўпайиши мумкин.

Матрас дўсту танишлар ёки сотувчи тавсиясига кўра харид қилинадиган буюм эмас. У шифокор маслаҳатига кўра танланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, матрас сертификатига эътибор беринг. Борди-ю, сифатли матрасда ҳам танангиз яйрамаса, уни иккиланмай ўзгартиринг.

Камола Бошбекова тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1