1

Кластер корхоналарини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

ИҚТИСОДИЁТ 18.10.2018, 13:03
Кластер корхоналарини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик 1-форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон Республикаси Савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, томонидан Россия Федерациясининг Иқтисодий ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган форум доирасидаги йиғилишлар шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этмоқда.

“Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги босқичлари: лойиҳалар ва кластерлар” мавзусида ўтган 1-шўъба йиғилишида ҳар икки мамлакатнинг маъмурий бирликларида кластер фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Россия кластер ва технопарклар ассоциацияси раиси Андрей Шпиленко кластер тушунчаси ва унинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни хусусида сўз юритди. Унинг айтишича, кластерлар ишлаб чиқариш ва саноатни комплекс тарзда ривожлантириш, бирламчи хомашёни тайёр маҳсулотга айлантиришда катта ўрин тутади.

– Мамлакатимизда кластер корхоналарини кўпайтиришга катта эътибор қаратиляпти, - деди йиғилишда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Акмал Ортиқов. – Айни пайтда Фарғона вилоятида битта кластер фаолият кўрсататётган бўлса, 2019 йилда уларнинг сонини олтитага етади. Бу вилоятимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда, экспорт ҳажмини оширишда, қўшимча иш ўринларини яратишда катта ўрин тутади.

– Кластерларни ривожлантириш борасида Олтой ўлкаси ҳам етарлича салоҳиятга эга, - деди Россиянинг Олтой ўлкаси иқтисодий ривожланиш вазири Анатолий Нагорнов. – Бугун ўлкамизда кимё, маиший техника, фармацевтика сингари йўналишларга ихтисослашган бешта кластер мавжуд ва улар юзга яқин корхонани ўзида бирлаштиради. Бу йўналишда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик икки томонга ҳам катта манфаат келтиради.

Йиғилишда шунингдек, Россиянинг “ЮМАТЕКС Груп” компанияси стратегия бўйича директори Алексей Лемешко, “Электротехнические заводи “Энергомера” АЖ маркетинг бўйича директори Антон Козирев Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Аваз Ҳожиев ва бошқалар сўзга чиқиб, кластер корхоналарини ривожлантириш, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Форум бир нечта шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1